Алоқа | Обуна

Ютуқлар сари йўналган мактаб

“Чипон” мактаби қандай қилиб, “Тест билимдони” танловида ғолиб бўлди? 400 нафар ўқувчилари бор кичкина қишлоқ мактаби вилоятдаги донғи кетган мактабларга қараганда, нечун юқори натижаларни кўрсатди? Бунинг сирлари нимада? Дастур бир, мактаблар бир, устозлар ҳам бир, лекин самаралар турлича. Нега?!
Мана шундай саволлар билан биз “Чипон” мактабининг директори Раҳматилла Абенов ва илмий мудир Эльбрус Боботоевга мурожаат этдик.

– Ягона миллий тест синовларида ўқувчилар яхши натижа кўрсатишлари учун устозларнинг билим савиялари ҳам юқори бўлиши керак, – дейди мактаб директори. – Раҳбар сифатида мен устозларга керакли шароитларни яратиб беришим даркор. Агар мактабда билими зўр устозлар бўлмаса, бошқа жойлардан таклиф этиш зарур, уларнинг олдиларига аниқ вазифалар қўйиб, ижрони назорат қилиш шарт. Тестларга жавобгар илмий мудир бошқа ишларга чалғимаслиги лозим. Яна бир жиҳати, педагогларнинг билим савияларини мунтазам текшириш фойдали ҳам эмас, – дея иш тажрибаси билан ўртоқлашди Раҳматилла ака.

Эльбрус БОБОТОЕВ, “Чипон” умумий ўрта мактабининг илмий бўлим мудири
– 2018 йилнинг 31 мартида бўлиб ўтган “Тест билимдони” танловига бизнинг мактаб ўқувчилари ҳам қанташдилар ва 1-ўринга эга бўлдилар. Эришилган натижаларни эслатиб ўтадиган бўлсам:
Қодиржон Мамадалиев — 119 балл, Набат Тошканбоева а- 116 балл, Шоҳсанам Зулқайнарова — 112 балл, Обод Тошканбоева — 104 балл, Жамшид Ирисбоев — 101 балл тўплаб, ўртача кўрсаткич 110,4 баллни ташкил этиб, ғолибликни қўлга киритдик.
Суҳбатимиз чоғида яна бир нарса эътиборимни тортди: “Чипон” мактабида ота-оналар билан индивидуал тарзда ишлаш яхши самараларга олиб келмоқда.
– Устозлар ўқувчиларининг уйларига ташриф буюришиб, давлат таълим грантлари асосида маълумотли бўлишнинг афзалликларини тушунтиришди. Негаки, ҳозир фарзандларнинг келажаги учун сарфланган озгина харажат, келажакда бир неча миллионлаб тенгенинг оилада қолишига олиб келади, – дейди Эльбрус Боботоев.
Уч йил муқаддам “Чипон” мактабининг жамоаси “Тест билимдони” танловида 49-ўринни, кейин 11-ўринни ва, ниҳоят, 2017-2018 ўқув йилида биринчи ўринни қўлга киритди.
Ўсишнинг бундай жадал динамикасини кузатадиган бўлсак, мазкур илм масканида таълим-тарбия соҳасида қатъий тизим ва тартиб асосида мунтазам иш олиб борилаётганлигига, беихтиёр, амин бўлдик.
Эришилган ютуқлар ортида, деярли ҳеч қандай сир йўқ, ягона сиримиз, фақат мактабимизда йил бўйи ЯМТга тайёргарликларнинг узлуксиз олиб борилишидир. Мактабимиз директори Раҳматулло Абенов билан биргаликда ўқув раҳбарлари сифатида тайёргарлик жараёнларини кузатиб, уларнинг олиб борилишини назорат остида тутиш асосий вазифамиз бўлди.
Ўқув йили сўнгидаги ЯМТ натижаларининг кўрсаткичи мактабда йил бўйи олиб борилган ишларнинг қай даражада эканлигини намоён этади. Шунга биноан, Туркистон шаҳар мактаблари орасида тест натижалари бўйича рейтинг чиқарилади ва шу рейтинг орасида муносиб ўрин эгаллашга бизлар астойдил ҳаракат қилиб келмоқдамиз.
Мен “Чипон” мактабида илмий бўлим мудири бўлиб ишлаётганимга уч йил бўлган бўлса, шу уч йилдаги рейтингда ўз ўрнимизни, иложи борича, юқори қўтаришга ҳаракат қилдим. Рейтинг чиқаришда, асосан ЯМТ натижаларига кўпроқ кўнгил бўлинади ва биз ҳам шунга риоя қилган ҳолда ўқувчиларимизни ЯМТга тайёрлантиришга бор эътиборимизни қаратдик.
Шогирднинг ҳар бир ютуғида устозларнинг хизматлари беқиёсдир. Ўқувчиларни: Қодиржон Мамадалиев, Шавкат Абдувоҳидов, Набат Тошканбоевани инглиз тили фани ўқитувчиси Эльбрус Боботоев, Обод Тошканбоеванинг химия фани ўқитувчиси Муҳаббат Абдувоситова, Шоҳсанам Зулқайнарова ва Жамшид Ирисбоевни эса, математика фани ўқитувчиларидан Қурбонжон Ғанишев ва Фаррух Қодиров тайёрлантирганлар. Уларга алоҳида миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
“Тест билимдони” танловига боришни хоҳловчи ўқувчиларнинг сони ушбу билим даргоҳида йилдан йилга ортиб келмоқда. Бу танловга, фақат энг кучли ўқувчилар борадилар ва юқори натижаларга эришадилар.
– Ўқувчиларни яхши тайёргарлик билан танловга олиб бориш учун уларнинг ўзларида ҳаракат ва қизиқиш бўлиши керак ва шу ҳаракатни юқори кўтариш учун уларни тайёрлантираётган устозларга талаб кучли бўлиши шарт. Ушбу икки шахснинг муваффақиятга етиши учун эса, ота-оналар томонидан ёрдам кутилади. Уларнинг ёрдамлари ўғли ёки қизининг тестига бериладиган пулидан қийналмаслиги ва ўз фарзандининг яхши тайёрланиши учун имконият яратиб беришидадир. Яъни фарзандини бошқа ишлар билан шуғуллантирмай, ЯМТ дан яхши натижа билан ўтиб олгунича бўш қўйиши керак, ана шундагина юқори натижага умидланса бўлади, – дейди суҳбатдошимиз.
Биз “Чипон” мактаби жамоасининг келгуси йилда бўладиган “Тест билимдони — 2019” танловидаям шаксиз қатнашиб, ўз ўрнини сақлаб қолишига, яъни яна биринчиларнинг қаторидан кўринишига ишончимиз комил.

Индира ҚАЮМОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат