Алоқа | Обуна

Йўлловга қўллов кўрсатайлик, азизлар!

Элбоши Н. Назарбаев халқига йўллаган навбатдаги Мактубида учинчи янгиланиш ҳақида сўз юритган. Айни жойда ўринли саволлар туғилади: нега учинчи янгиланиш? Биринчи ва иккинчи янгиланишлар қаерда ва қандай амалга оширилган?
Ёдингизга солиб ўтсам: биринчи янгиланиш — Қозоғистоннинг мустақил давлат бўлиб, бозор иқтисодиёти қонунларига асосланган давлат тузганидир. Иккинчи янгиланиш эса, “Қозоғистон-2050” стратегиясида кўрсатилган Қозоғистон давлатининг жаҳондаги ривожланган 30 та мамлакат қаторига киришини таъмин этиш, яъни Қозоғистонни ёш авлоднинг порлоқ келажаги учун гуллаб-яшнаган мамлакатга айлантиришдир.
Эндиликда биз мазкур марраларга эришиш йўлида мақсад ва йўналишларимизни аниқ белгилаб олишимиз ва уларга асосланган ҳолда иш юритишимиз жоиз. Президент ана шу босиб ўтилажак босқичларни ўз Мактубида “Беш устуворлик”га бўлиб кўрсатган. Ана шу вазифаларни амалга ошириш учун, олдимизга қандай мақсадларни қўйишимиз ҳамда амалга оширишимиз керак?!
Биринчи устуворлик – иқтисодиётни жадал технологиялар билан янгилаш — бугунги кун талаби. Аниқроғи, рақамли технологияга ўтишимиз керак. Бунинг учун Элбоши Ҳукуматга “Рақамли Қозоғистон” дастурини ишлаб чиқиш лойиҳасини топширди.
Шунингдек, ҳозирги анъанавий соҳаларимиз, тармоқларимиз, саноат ва қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика, қурилиш соҳаларини-да ривожлантириш шарт. Ҳар бир соҳа бўйича вазифалар қўйилган.
Биз дунё юзида ер майдони бўйича 9-ўринда турамиз. Шу боисдан, қишлоқ хўжалиги Қозоғистонни, яъни бизни жаҳонга танитадиган бренд бўлиши лозим. Бу, албатта улкан машаққат ва қийин меҳнатни талаб этади. Аммо натижаси ҳам қувонарли-да!
Қозоғистонда 2 миллион 400 минг гектарга яқин суғормали ер бўлган. Ҳозирда унинг 1 миллион 400 минг гектаригина ишга туширилган, қолгани эса, ташландиқ бўлиб ётибди. Яъни улар сувсизлик, ернинг шўрланиб кетиши ёки бошқа сабаблар боис, ишлатилмаяпти. Президент мазкур Мактубида 5 йилнинг ичида Қозоғистондаги суғормали ерни 2 миллион гектарга етказиш вазифасини қўйди.
Иккинчи устуворлик – бунга бизнес муҳитини тубдан янгилаш, яхшилаш ва кенгайтириш, дея ном берилди. Бунда ҳам катта вазифалар қўйилди. Ҳозирда бизнинг ички умумий маҳсулотимизда кичик ва ўрта бизнеснинг улуши 20 фоиз атрофида. Президент 2050 йилгача кичик ва ўрта бизнеснинг ички умумий маҳсулотлардаги улушини 50 фоизга етказиш зарур, деган топшириқ берди. Бу – ҳозирги кўрсаткични икки баробарга кўтариш, демакдир. Буни Ҳукуматга, ҳокимиятларга, касб-корлик палатаси — “Атамекен”га вазифа сифатида топширди.
Учинчи устуворлик – макроиқтисодий барқарорлик, дея ном олди. Бизда макроиқтисодиёт барқарор равнақ топса, экономикамиз ривожланиб боради. Шулар ичида биринчиси — инфляция. Ўтган йили инфляция 8/5 фоиз бўлди. Бу бир ойда, йилига қайдлаб келганда, 7/8 фоиз инфляция бўлди, дегани. Элбоши буни ҳам босқичма босқич аста-секин 3-4 фоизга туширишни топширди.
Пул кредит сиёсати. Барчангизга маълум, XX аср охирлари ва XXI аср бошларида бизда кредит масаласи кўтарилди. Ишбилармон тадбиркорлар бу соҳада ўйланиб ҳам туришмади-да, кредитлар олиб, тегишли бизнесларини ривожлантиришни йўлга қўйишди. 2008-2009 йиллардаги бўҳрон (кризис)дан кейин, бундай кредитлар бизнеснинг ривожланишига ёки экономикамизни ровожлантиришга ишлатилмаяпти. Кредит бир кун ёки икки кун, бир ой бўлмаса — бир йиллик жадал ишловчи олди-сотди учун ишлатилаяпти. Шундай бўлишига қарамай, Президент давлат бюджетидан пул ажратаяпти.
Тўртинчи устуворлик – бунга одам капиталининг сифатини яхшилаш, дея ном берилган. Биз юқорида мақсадимиз – жаҳонда ривожланган 30 мамлакат қаторига кириш, дея айтиб ўтдик. Аммо ўша ривожланган 30 мамлакатда ҳаёт кечирадиган инсонларни тарбиялаш, улар даражасига етиш катта вазифа. Чунки ундай давлатда жанжал бўлмайди, бир-бирининг устидан ариза ёзиб, судлашиш-ку уларга, умуман, бегона манзара.
Шу боис ҳам, Элбоши бунга ўзгача кўнгил бўлди. Бунинг учун, аввало, билим бериш, тарбия ва таълим масалаларини аниқ йўлга қўйиб олиш керак. Яъни билим берганда, фақатгина китоблардаги нарсалар билангина чекланиб қолмасдан, ўқувчига мустақил мантиқ билан ўйлашни, солиштирмали тарзда ўз хулосасига эга бўлишни қўлга олиш лозим.
Ҳозир бу соҳада бизда камчиликлар кўп. Аввало, ота-она ва мактаб ҳамкорликда иш олиб боришларини йўлга қўйиш даркор. Оила тарбия беришда, мактаб эса, муносиб таълим беришда ўз ишларини амалга оширсин.
Бизнинг ягона мақсадимиз: болаларни, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир. Шунингдек, учтиллилик лойиҳасини амалга ошириш лозим. Чунки бугунда жаҳондаги барча ахборотнинг 90 фоизи инглиз тилида. Биз инглиз тилини билмасак, мутахассисларимиз, давлат мақомидаги раҳбарлар ушбу тилдан бехабар бўлишса, биз умуммиллий тараққиётдан қолиб кетамиз, унга эришолмаймиз.
Шунингдек, бешинчи устуворлик – институционал ўзгаришлар, хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш. Шу боис, ҳозир ишчи гуруҳи тузилиб, булар ишлаб, Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар эълон қилиниб, умумхалқ муҳокамасига юборилди.
Бизда — Қозоғистонда, умуман, қозоқ тарихида диний экстремизм, терроризм бўлган эмас. Бу тарихдан маълум. Ҳозир эса, терроризм, диний экстремизм кучайиб кетди.
Умуман олганда, диний экстремизмни биз ўзимиз яратиб олдик. Демократик давлат бўламиз, дея ҳар хил дин вакилларининг кўпайишига сабаб бўлдик. Ким ўз юртида юролмаса, бизга келаверди. Шу боис ҳам, 2010-2011 йиллари дин ҳақида қайтадан янги қонун қабул қилиниб, буларга чеклов қўйдик.
Энди коррупцияга қарши кураш. Ўзаро муносабатлар бор жойда коррупция бўлади. Кимдир қайсидир соҳага жавобгар бўлса, албатта коррупцияга қўл уради. Ана шуни камайтириш, йўққа чиқариш вазифаси бизда энг биринчилардан бўлиши керак.

Рўзақул ХОЛМУРОДОВ,
Қозоғистон Халқи ассамблеяси раисининг ўринбосари.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат