Алоқа | Обуна

Янги йил байрами дастурхонини безатиш!

Янги йил байрами дастурхонини қандай безатамиз? Бу ҳақида сиз нима дейсиз?
Энг севимли байрамларимиздан бири – Янги йил тантанасига ҳам оз қолди. Шу сабабли, байрам дастурхони учун тайёрланадиган таомлардан ташқари, дастурхонни қандай тузашни-ю безашни ҳам ўйлашимизга тўғри келади.
Кузатилаётган йилнинг тугаши сизда ҳам, меҳмонларда ҳам ёқимли хотира қолдириши учун байрам дастурхони юқори даражада ёрқин, чарақлаган, жонли ва қувноқ безатилиши лозим.
Янги – 2018 йилнинг ёрқин тренди – дастурхонни табиий материаллар ёрдамида безаш. Табиий матоли дастурхон ва салфеткалардан фойдаланинг, майда-чуйда сифатида ўсимликлардан фойдаланинг ва, хуллас, табиийликка урғу берувчи муҳит яратинг.
Оқ ёки қизил рангларни танлаймиз!
Дастурхоннинг оқ ёки қизил ранглисини танлаш мумкин, салфеткаларнинг кўзга ташланиб туриши учун дастурхон рангидан бошқача ранглисини танлаган маъқул. Янги йил дастурхони – ҳар хил катталикдаги ва турли ( масалан: қорбобо, қорқиз ва арча ўйинчоқлари каби) шаклдаги шамлардан фойдаланиш учун жуда қулай имконият.
Байрам дастурхонига байрамона руҳ бериш мақсадида, бошқача идишлар, масалан: катта барг шаклидаги ва қиш фаслига ёки янги йилга оид расмли ликопчалар ишлатиш мумкин. Тропик мевалар дастурхон кўркига кўрк қўшади. Фақат гулли эмас, балки шаффоф идишлар ҳам ишлатиш мумкин.
Дастурхон безаш
Дастурхон безаш – пазандалик санъати ва меҳмон кутиш одатининг энг муҳим қисми. Тайёр таомларни дид билан дастурхонга келтирганда қошиқ, санчқи (вилка) ва бошқаларни жой-жойига қўйиш ҳам катта санъат ҳисобланади. Стол-стул атрофида дастурхон безашга тўғри келса, дастурхон ёйилганидан сўнг, ҳар бир меҳмон учун стул қаршисига биттадан ликопча қўйсангиз мақсадга мувофиқдир. Ликопчанинг ўнг томонига санчқи (вилка) билан қошиқ (юқорига қаратиб), чап томонига пичоқ, рюмка, фужер ва пиёлалар қўйилади.
Гулларни қандай жойлаштирамиз?
Туз, зираворлар ва салфеткаларни столнинг ҳар томонига қўйганингиз маъқулдир.
Дастурхонга, иложи бўлса, гулдонда чиройли гуллардан қўйсангиз, меҳмонларнинг кайфиятини янада кўтаради ва хонага хушбўй ҳидлар бахшида этади. Сизга гулдаста келтирсалар, дарров унинг ортиқча баргларини олиб, сув солинган гулдонга солиб қўйинг. Гулларни супургига ўхшатиб, зич жойлаштирманг. Чунки бундай жойлашган гуллар хунук кўриниши билан бирга тез нобуд бўлади.
Янги йил каби орзиқиб кутиладиган байрам бўлмаса керак! Байрам муборак бўлсин, азизлар!

Индира ҚАЮМОВА тайёрлади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат