Алоқа | Обуна

Янги раисдан умидимиз катта!

Ассамблея биноси қошида санъаткорлардан эсдалик сурат.

“Офарин-2018” қўшиқчилар танлови ҳақида санъаткорлар нима дейдилар? Кейинги ўтказиладиган кўрик-танловлар юзасидан қандай таклифлар киритилди? Вилоят санъаткорлар уюшмасига янги раис бўлиб ким сайланди?
Мазкур масалалар Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданий бирлашмаси ҳузурида ташкил қилинган санъаткорлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Кун тартибининг биринчи масаласи бўйича жорий йилнинг 2 июнида ўтказилган “Офарин-2018” кўрик-танловининг ютуқлари ва камчиликлари юзасидан уюшма раиси Сайдилла Маҳмудов ўз фикрларини баён этди.
Мазкур масалада Бадриддин Нишонқулов кўрик-танловнинг тайёрланиш сценарийси аниқ тузилмаганлиги, қатнашувчиларнинг кийимлари тадбирга мос эмаслиги, бошқа туманлардан қўшиқчилар иштирок этишмаганлиги каби камчиликларни айтиб ўтди. 1 200 000 тенге сарфланган мазкур тадбир ўз самарасини бермаганлигини раис таъкидлаб кўрсатди.
Шу борада, таниқли актёр ва сухандон Рустам Саидхўжаев келаси ўтказиладиган тадбирларда режиссёрлар билан аниқ иш олиб бориш зарурлигини уқтирди.
Кун тартибининг иккинчи масаласи юзасидан Бадриддин Нишонқулов санъаткорлар уюшмасида кўп йиллар мобайнида иш юритиб келаётган Сайдилла Маҳмудовнинг раисликдан озод этиш ҳақидаги аризасини олганлигини билдирди. Сайдилла Маҳмудов санъаткорлар орасида бир қанча ўз ишининг моҳир усталари борлиги, ёшларга ҳам ўрин бериш вақти келганлиги, янги раис сайлаш зарур эканлиги ҳақида ўз фикрларини айтди.

“Офарин-2018” қўшиқчилар танлови қизғин муҳокамада.

Сайдилла Маҳмудов бир неча йиллардан бери Ўзбекистон санъаткорлари билан тиғиз иш юритиб, концертлар уюштираётган, ўз ишининг моҳир устаси Рустам Саидхўжаевни санъаткорлар уюшмаси раислигига номзод қилиб кўрсатди.
Санъаткорлар бир овоздан номзод Рустам Саидхўжаевни қўллаб, вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси ҳузуридаги санъаткорлар уюшмасининг раиси этиб сайлашди.
Сайдилла ака Маҳмудовга, шахсан раис Бадриддин Нишонқулов кўп-кўп раҳматларини айтиб, 15 ой ичида санъаткорлар уюшмаси фаолиятида яхши томонга кўпгина ўзгаришларни киритганлигини, фонддан яхши фойдаланганлигини, уюштириш қобилиятининг юқорилигини, ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистон санъати ичидаям обрўсининг юқори эканлигини далиллаб берди.
Шунинг учун ҳам, раис Б. Нишонқулов Сайдилла Маҳмудовнинг вилоят санъаткорлар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлашини айтиб, у кишини молиявий масалалар бўйича жавобгар этиб тайинлади.

Рустам Саидхўжаевга раислик лавозими муборак!

Рустам САИДХЎЖАЕВ, вилоят ўзбек драма театрининг актёри, вилоят санъаткорлар уюшмасининг янги раиси:
– Менга ишонч билдирганларингиз учун миннатдорман. Олдимизда қиладиган ишларимиз кўп. Вилоятимизнинг барча туманларидан жавобгарларни кенгашимизга қўшишимиз зарур. Бизнинг вилоятимизда кўплаб шахсий қўшиқларини яратаётган санъаткорлар бор. Уларни халққа танитиш, халқ ҳурматини қозониш мақсадида “Юртимиз жамоли” кўрсатувини ривожлантириш, “Элнур” телевидениеси билан тинимсиз иш олиб боришимиз зарур. Мазкур масалаларда биз, албатта ҳамжиҳатликда иш юритишимиз даркор.
Яқин кунларда машҳур ҳофиз Неъматжон Қулабдуллаев хотирасига бағишланган футбол турнирини ўтказишни режалаштирамиз. Шу турнир барча туманлардаги санъаткорларнинг бош қўшишлари учун сабаб бўлишига аминман. Бунинг учун биз уюшма жамғармасини кўпайтиришимиз лозим.
Мазкур масала юзасидан, яъни уюшманинг ўз жамғармасини ташкил қилиш бўйича бир қанча санъаткорлар ўзларининг фикрларини айтиб ўтишди.

Авазбек СОЛИЕВ, хонанда: 

– Бундай жамғармани, албатта ўзимиз ташкил қилишимиз зарур. Вилоятимизнинг барча туманларида концертлар уюштириб, келадиган фойдани жамғармага топширсак бўлади.

Бобур ХЎЖАҚУЛОВ, продюсер:
– Биз вилоятимизда овоз ёзиш студиясини ташкил қилишимиз зарур. Чунки санъаткорларимиз Ўзбекистонга бориб, овоз ёзиб келмоқдалар. Агар шундай студиялар ўзимизда фаолият кўрсатса — санъаткорларимизга қулай бўларди. Бундан ташқари, радиоларда ўзбек қўшиқларини ёритишни ҳам йўлга қўйишимиз зарур.
Юқоридаги масала юзасидан ўз фикрини билдирган бирлашма раиси Бадриддин Нишонқулов студия яратиш бўйича аниқ дастур тузиш лозимлигини таъкидлади.
Бадриддин Нишонқулов бугунги йиғилишда кўп таклифлар айтиб ўтилганлиги, улар таклифлиги бўйича қолиб кетмаслиги учун янги сайланган санъаткорлар уюшмаси раисининг иш дастури аниқ тузилиши лозимлигини айтди. Ундан ташқари, санъаткорлар уюшмаси кенгашининг аъзолари ҳар ойда йиғилиш ўтказиш тартибини йўлга қўйишлари жоиз эканлигини таъкидлади.
Қизғин тус олган йиғилиш жараёнида бугунги кунда вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси ҳузуридаги оқсоқоллар ва аёллар кенгашларининг тўйлар ва маросимларни ихчамлаштириш бўйича олиб бораётган ишлари санъаткорларнинг орасидаям кенг муҳокама қилинди.

Мирабдумажид МИРҲОШИМОВ, республикамизда таниқли “Ғунча” халқ ансамблининг бадиий раҳбари:
– Бундан 4 йилча муқаддам тўнғич ўғлим уйланиш арафасида эди. Ўғлимнинг улфатлари орасида биринчисининг тўйи ўтказилаётганлиги боис, оталар йиғилиб, фарзандларимизга тўйни ўтказишда номаъқул ҳисобланадиган “куёв сотар”, “куёв салом” одатларини ўтказмаслик ҳақидаги фикр билан ўртоқлашмоқчи бўлдик.
Ўғлимнинг улфатлари бундай ўринли мулоҳазаларни қабул қилишмади. Ўша кундан бошлаб, ўғлим отанинг сўзи “куёв сотар” маросимида тарқатиладиган сақич, сигарет, гриль, пиво, қази ва ҳоказолардан ортиқлигини айтиб, улфатдан бош тортди. Ҳозир Оллоҳга беҳисоб шукурлар-ки, ҳамма ҳавас қиладиган улфатлари бор.
Ўшанда чиройли, тартибли, ҳар қандай ота-она ҳавас қиладиган тўй ўтказгандик.
Биз – санъаткорлар, нафақат саҳнада, балки кўчада, маҳаллада ҳам, ўз маданиятимиз билан ўрнак бўлишимиз керак. “Куёв сотар”, “куёв салом”, “келин -куёвнинг йўлини тўсиш” каби ўринсиз иллатларни урф-одатларимиздан буткул чиқариб ташлашимиз керак.
Санъаткорлар ушбу масалада тўйдан кейин бўлиб ўтадиган “куёв сотар” маросимларига қатнашмасликни ва соат 24.00 гача ишлашни келишиб олишди.
Тўйлар ва маросимларни чиройли тарзда ўтказишни халққа тарғиб этиш мақсадида видеороликлар яратиш, саҳна кўринишларини ташкил қилиш каби масалалар кўрилиб чиқилди. Зеро, ҳамжиҳатликда қилинган ишлар, албатта ўз самараларини бериши, шубҳасиз!
* * *
Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданий бирлашмаси ҳузуридаги санъаткорлар уюшмасининг янги раиси Рустам Қурбонхўжа ўғли Саидхўжаев ҳақида:
Рустам Саидхўжаев 1979 йилнинг 23 августида Сайрам қишлоғида дунёга келган. 1993 йили Ал-Форобий номли ўрта мактабда 9-синфни тамомлаб, Тошкент шаҳридаги 148-сонли мактабда ўқишини давом эттирди.
1996 йили Тошкент шаҳридаги маданият техникумининг «Актёрлик ва режиссёрлик» бўлимига ўқишга кирди. 1997 йили йигитлик бурчини адо этиш мақсадида аскарликка чақирилиб, ўқишини давом эттира олмади.
Шунга қарамасдан, Рустам Саидхўжаев Жанубий Қозоғистон педагогика университетида ўз мутахассислиги бўйича ўқишини давом эттириб, диплом олди.
2004 йилдан, то бугунгача вилоят ўзбек драма театрида фаолият юритиб келаётган Рустам Саидхўжаев театрда кўплаб спектаклларда бош ролларни ижро этди. Булардан ташқари, у режиссёрлик соҳаси бўйича ҳам ўз маҳоратини кўрсатди: «Тўйлар муборак!» ҳамда «Қудалар» каби қатор спектаклларни саҳналаштирди.
У «Офарин-2006» кўрик-танловининг олий ўрин соҳиби. 2009 йилги «Тақдир йўли» номли кинофильмнинг муаллифи ҳамда режиссёри. Шунингдек, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловларда «Энг яхши актёр» номинацияларини олган.
Рустам Саидхўжаев 2009 йили Тошкент шаҳрида таниқли режиссёр А. Салимов устозлигида режиссёрлик бўйича ўз маҳоратини ошириб келди.
У 2013 йилдан эътиборан, «Мирзо» театрининг аъзоси сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Дилноза ҲАСАНОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат