Алоқа | Обуна

Вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг жамоаси чемпион!

4 ноябрь куни Шимкент шаҳридаги “Енгил атлетика спорт иншооти”да вилоят миқёсидаги этномаданият жамоат бирлашмаларининг жамоалари ўртасида спартакиада ўтказилди. Унда 7 та жамоаларнинг вакиллари кичик футбол, шахмат, стол тенниси, енгил атлетика ва арқон тортишиш спорт турлари бўйича беллашишди.
Очилиш маросими ўтгач, ўйинлар бошланди. ЖҚВ ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг ўйинчилари фақат 1-ўринни эгаллаш учун келишганди. Ўзбек этномаданий марказининг спорт бўйича бошлиғи Муслим Шоназаров билан суҳбатлашганимизда ўзларининг жамоаси, фақат бош совринга даъвогар эканлигини билдирди.
ЖҚВ ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси жамоасининг таркибида 3 та футбол жамоалари Қорабулоқдан, арқон тортишиш ва енгил атлетика жамоалари Сайрам туманидан, шахмат ва стол теннисига қатнашувчилар Шимкент шаҳридан йиғилганини Муслим ака эътироф этди.


60 метрга югуриш бўйича қизлар орасида ўзбек этномаданият жамоасидан Оқила Тошпўлатова 1-ўринни эгаллади. У 5 йилдан бери спорт билан мунтазам шуғулланиб келади.
Умумий натижаларга мувофиқ, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг спортчилари Қозоғистон Халқи ассамблеяси томонидан ўтказилган спартакиадада 1-ўринни эгаллашди!


Уларга ҳомийлик қилишган Мақсад Ирисметов (“Павлин” тўйхонаси), Неъмат Холметов (“Евролюкс” дўкони), Равшан Ҳайтенов (“Ирисли она” болалар боғчаси), Элёр Турдиев (“Балмуздақ” корхонаси), Шокир Рўзметов (“Санбель” дўкони)га алоҳида миннатдорчилик билдирамиз! Ташкилий ишларда жонбозлик кўрсатган Муслим Шоназаров, Мирзахон Мирзаев ҳамда Ҳасан Маҳкамбоевга олқишларимиз бисёр!
Ғолиб жамоаларга ташкилотчилар томонидан совринлар топширилди. Ассамблея вакиллари келгусида яна кўплаб спорт мусобақаларини ўтказиб, турли миллатлар намояндалари орасидаги дўстликни янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш ниятидадирлар.
Бу ерда, биринчи навбатда, дўстлик ғолиб чиқади. Чунки, фақат спортгина миллат ва мамлакат танламайди.
Ғолиб жамоаларни табриклаймиз!

Тўлқин БАКИРХЎЖАЕВ,
махсус мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат