Алоқа | Обуна

Қувонч олиб келсин, Янги йил!

Замоннинг шиддатини кўринг-ки, кўзимизни очиб юмгунимизча тўрт фасл алмашиб, 2018 йилнинг остонасида турибмиз. Мана шундай пайтда, яъни файзли хонадонларимизга навбатдаги йил қадам қўяётган фурсатда эски йил умримизнинг бир бўлагини ўзи билан тарих қатларига олиб кетаётгани сезилади.
Шукур-ки, 2017 йил ҳар биримизнинг хотирамизда унутилмас ва ёрқин лаҳзалар қолдирди, тарих саҳифаларига баракали ҳамда омадли сана сифатида муҳрланди.
Одатда, одамлар ўтиб кетаётган йилга шукроналар айтиб, кириб келаётган йилни яхши ниятлар билан ҳамда байрамона кутиб олишга кўникканлар. Улар, қаерда бўлмасин,ушбу тантанани ўзларининг анъаналарига содиқ қолган ҳолда нишонлайдилар. Кириб келадиган йил ўтган йилдан-да баракалироқ бўлишини ният қиладилар.
Дарҳақиқат, 2017 йилимиз жуда мазмунли кечди. У шахсан ўзим учун ҳам, оилам учун ҳам омадли бўлди, десам муболаға эмасдир. Чунки оилам тинч, умр йўлдошим, ота-онам,қайнота-қайнонам, болаларим соғ-омон. Бу менинг улкан бахтим. Худога шукур, катта бир хонадоннинг суюкли келини, севимли ёри, фарзандларимнинг меҳрибон онасиман. Бундан ортиқ бахт бўлмаса керак аёл учун.
Иш фаолиятимда поғонама-поғона ўсишлар бўлди. Бунинг учун мендан, фақат самара ва натижа берадиган ҳаракатлар талаб қилинди. Турли тренингларга қатнашдим: Нигора Равшанбек қизи Абдуваҳобованинг ҳамда Саидмурод Давлатовнинг маҳорат сабоқларида иштирок этдим. Натижада, мен одамлар билан мулоқот қилиш сирларини ўргандим, сотув соҳасида ишлаш бўйича малакамни оширдим.
Айнан 2017 йилда “Жануб жарчилари” медиахолдинги директорининг ўринбосари лавозимига кўтарилдим. Мана шу даражага етишимда, қатор ютуқларга эришишимда “NiK” корпорациясининг президенти Бадриддин ака Нишоқулов ва директоримиз Гулираъно Расулованинг хизматлари катта бўлди.
Мен ушбу инсонларни ўзимнинг устозим, дея биламан ҳамда фурсатдан фойдаланиб, уларга ўзимнинг астойдил миннатдорчилигимни билдираман. Негаки, у кишиларнинг қилган насиҳатларини, берган маслаҳатларини ҳар доим тўғри қабул қилдим. Уларнинг ўгитлари ва пандиятлари, нафақат меҳнат фаолиятимда, балки оилавий турмушимдаям яқиндан ёрдам берди.
Мазкур сана давомида “Жануб жарчилари” газетаси таҳририятида кўплаб акциялар ўтказдик. Юзлаб ҳамкорларимиз ҳамда мададкорларимиз ушбу йилда Самарқанд ва Астана шаҳарларига саёҳатга бордилар. Улар севимли нашримиз “Жануб жарчилари” газетаси акцияларидаги иштироклари туфайли, ўзларининг армонлари ушалишига эришдилар.
22-25 март кунлари Астана шаҳрида бўлган пайтимизда қардош икки давлатлар Президентларининг пойтахтимиздаги учрашувларига гувоҳ бўлдик. Биргаликда ишлаган ҳамкорларимизнинг ҳамроҳлигида тарихий саналарни бирга нишонладик. Жуда эсда қоларли саёҳат бўлди.
Бизлар билан сафдошлик ҳамда дилдошлик қилиб келаётганликлари учун барча ҳамкорларимизга ташаккуримни изҳор этаман. Эндиликда уларнинг орасидан яхши дўстлар, дугоналар, опа-сингиллар, ака-укалар орттирдим. Атрофимдаги дўстларимнинг сони янада кўпайганидан жудаям хурсандман.
Азиз юртдошлар! 2018 йил Мустақил Қозоғистонимизга тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик-ободлик олиб келсин! Файзли, қувончли кунларингиз кўп, тани-жонларингиз сиҳат-саломат, бағирларингиз бутун бўлсин!
Янги йилнинг ҳар куни, фақат хушхабарларга бой бўлишини Оллоҳдан сўраймиз! Эзгу орзу-умидларингиз рўёбга чиқсин! Яна бир бор Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!

Дилноза ҲАСАНОВА,
“Жануб жарчилари” медиахолдинги
директорининг ўринбосари,
сотув бўлимининг раҳбари.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат