Алоқа | Обуна

Қуръони Карим қироати – муқаддас китоб тиловати!

2017 йил 13 июль. Мазкур санада ўзбек миллатининг фахри, тарихчи олим, “Турон” фанлар академиясининг академиги, Сайрам тарихининг жонкуяри Мираҳмад ҳожи Мирхолдоров оламдан ўтган эди. Бу — у кишини билган ва таниган инсонлар учун улкан йўқотиш бўлганди.
Мана шундай улуғ ой – рамазонда устознинг зурриёдлари падари бузрукворларининг хотирасига бағишлаб, Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек драма театри биносида Қуръони Карим тиловати танловини ўтказишди.
Хўш, мазкур мусобақадан олинган таассуротлар қандай? Келган меҳмонларимиз иштирокчиларга қандай баҳо беришди? Ғолиблик кимларга насиб этди? Энг кичик иштирокчилар қанча ёшда? Мазкур танлов бардавом бўладими?
Бугун биз Эргаш ҳожи Дўсметов билан суҳбатда бўлиб, мана шу каби саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

– Ассалому алайкум, Эргаш ҳожи ака! Устоз хотирасига бағишлаб ўтказилган Қуръони Карим тиловати танловидан қандай таассуротлар олдингиз…
– “Жануб жарчилари” газетасининг барча муштарийларини жума куни билан муборакбод этаман! Ҳозир қувончли воқеанинг гувоҳи бўлдик: ҳурматли тарихчи олим, профессор, академик, устоз Мираҳмад Мирхолдоровнинг хотирасига бағишлаб, чиройли Қуръони Карим тиловати мусобақаси ўтказилди.
Мен бунга бағоят хурсанд бўлдим. Чунки Оллоҳ таоло: “Менинг энг яхши кўрган бандаларим, булар – Қуръони Каримни ўқиганлар ва Қуръони Каримни ўргатганлар” – деган экан. Бизнинг келажак авлодларимиз ҳам ушбу муқаддас китобимиз оятларини ўрганиб, ёд олиб, авваламбор, қалбларига жо қилаётганликлари учун Оллоҳга беҳисоб шукурлар қиламиз!
Ушбу танловни ташкил этган устознинг ўғил-қизлари – Мирёқуб, Мирмуҳсин, Мирқосим, Мирҳамид, Миролим биродарларимизга ҳамда Нафиса ва Гулшод опаларимизга кўпчиликнинг номларидан алоҳида миннатдорчилигимни билдираман. Ва умид қиламан-ки, ушбу танлов, энди бошқа қишлоқлар ва туманларда, керак бўлса, вилоятда ҳам давомини топади.


Ўзбекистонда бўлиб ўтган Қуръони Карим тиловати мусобақасини жуда ҳам иштиёқ билан томоша қилган эдик. “Қани, энди мана шундайин танловлар бизларда ҳам ўтказилса…” – дея ўйлаган эдим. Буни қаранг-ки, менинг ўйлаган ушбу ниятим улуғ рамазон ойида амалга ошди!
– Мана, сиз ушбу танловнинг гувоҳи бўлдингиз, ҳозирги кунда ёшларимизнинг диний билимларига қандай баҳо бердингиз?
– Албатта бу нарсага эътибор бераётган фарзандларимизга, Қуръони Каримни ўрганиш учун уларни устозларнинг ҳузурларига юбораётган ота-оналарига раҳмат! Қуръони Каримни ўқиган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Албатта Қуръони Карим оятларига, сураларига эътибор берган ва амал қилган фарзандлар – бизнинг ҳақиқий ишончимизни оқлайдиган фарзандлардир.


Бу — ҳали бошланиши, лекин шунга қарамасдан, ҳамма бир овоздан танловнинг ўтишига, иштирокчиларнинг ўзгача бир ихлос билан Қуръони Каримни тиловат қилганликларига юксак баҳо беришди, жумладан, мен ҳам.
– Эргаш ака, сизлар билан ойларнинг султони – рамазон ойида ҳамда улуғ жума кунида юз кўришиб турганимдан мамнунман. Муштарийларимизга ҳам рўзанинг афзалликлари ҳақида икки оғиз гапириб берсангиз…
– Оллоҳ таоло бизларга юборган асосий 5 та фарзнинг бири, бу – рўза тутиш. Рамазон ойининг рўзасини махфий ибодат, дейилади. Чунки ҳар бир қилган бошқа ибодатимизни, нафақат ўзимиз, балки ён-атрофимиздаги инсонларнинг ҳаммаси билиб туради. Намоз ўқисак ҳам, закот берсак ҳам, ҳожиликга борсак ҳам, яхши ишлар қилсак ҳам…
Фақат биргина ибодат, яъни тутган рўзамизни ўзимиз ва Яратувчи зотдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун, Оллоҳ таоло: “Ҳар бир банданинг қилган амалига савоблар белгиланган, лекин менинг розилигим учун, мен учун тутилган рўзанинг савобини ўзим бераман” – деган экан. “Шунчалик кўп савоб ваъда қилинган-ки, у савобларнинг ҳисобига, ҳатто-ки, фаришталарнинг ўзлари ҳам етолмайдилар” – дейилган.
Шундай экан, гуноҳлар авф этиладиган мана шу рамазон ойининг рўзасини тутган барча ҳамюртларимизга Оллоҳдан сабр-тоқат тилайман. Яратувчи қилган ибодатларимизни даргоҳида қабул қилган бўлсин, иншооллоҳ!
– Мусоҳабангиз учун ташаккур!
– Бутун Қозоғистон халқини мана шу улуғ айём — рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган лайлат-ул қадр кечаси, қолаверса, мусулмонлар учун энг улуғ айёмлардан бири рамазон ҳайити билан олдиндан муборакбод этаман. Хонадонларимизга Оллоҳ таоло тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ато этиб, топганларимизга барака берсин!

Танлов тафсилотлари ҳақида мухтасар

Қуръони Карим тиловати мусобақасининг очилишини Сайрам «Янги» масжидининг бош имоми Мирволи ҳожи Мирҳожиев Қуръони Карим қироати билан бошлаб берди.
ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжонов танловни очиқ, дея эълон қилганидан сўнг, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қошидаги ислом институтининг декани Тоиржон Йўлдошев, қорилар Шавкат қори Шоисмоилов, Комилжон қори Содиқов ҳамда асли арабистонлик, “Шимкент” мадрасасида устозлик қилаётга Абдулазид Имрон ҳакамлар ҳайъати аъзолари этиб сайланишди.
Сўнгра Сайрам даҳасидаги жоме масжидининг бош имоми Олимхон қори Маҳмудовга сўз берилди. У киши Қуръони Карим тиловати танловининг ўтказилаётганлиги мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаб, Мираҳмад отамизнинг ўғил-қизларига ташаккурларини билдирди.
Тарихчи олимнинг ўғли Мирҳамид ўзининг отаси Қуръони Каримнинг аҳамияти, ниҳоятда кучли эканлигини ўғил-қизларига доимо уқтирганлигини хотирлади.

Мирҳамид МИРХОЛДОРОВ, Мираҳмад отанинг ўғли:
– Отамиз бизларга ислом таълими тўғрисида, шунинг ичида Оллоҳнинг сўзи – Қуръони Каримнинг фазилатлари ҳақида кўп уқтирар эди. Қуръони Каримни хатм қилиб, ортидан ихлос билан дуо қилинса, шубҳасиз, мустажоб бўлиши, Қуръони Каримнинг ҳар ҳарфига 10 савоб ёзилишини айтарди.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим хатм қилинганида банда Оллоҳга яқинлашади, гуноҳлари тўкилади, қалби нурга тўлади, имони зиёда бўлади.
Биз – фарзандлари отамизнинг изидан бориб, ёшларимизнинг Қуръони Каримга нисбатан бўлган муҳаббатлари ошса, Қуръони Карим буйруқларини ўрганиб, уларга амал қилишса, деган ният билан мазкур мусобақани ташкиллаштирдик. Ниятимиз: бизнинг диёрларимиздан Қуръони Карим ҳофизлари-ю қорилари чиқса, ислом дини янада равнақ топса, деймиз.
Раҳматли отамиз Қуръони Карим ўқилган хонадонга, юртга Оллоҳнинг нури ёғилади, Парвардигорнинг назари тушади, дея кўп бора такрорларди. Мана, кўриб турганингиздек, бугун юртимизда Қуръони Карим тиловат қилиниб, Оллоҳнинг нури ёғилмоқда. Ҳаётининг сўнгги кунларида, ўзини дард енгиб туришига қарамай, Қуръони Карим тафсирини очиб, мерос тақсимлаш масаласини ўрганиб чиққанлиги мен учун бир умрлик унутилмас сабоқ бўлди.
Ёшларимизни келажакда исломга ўргатиб, улар юртининг тарихини ўрганишса, қадриятларимизни тиклашса, деган ниятда тадбир иштирокчиларига отамиз ёзиб қолдирган “Насиҳатнома”, “Ҳазрат Хожа Аҳмад юртида”, “Сайрам тарихи”, “Сайрамлик аллома, фузало, бузурглар”, “Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматлари” китобларини ҳам совға қилдик.
Совға-саломларни отамизнинг укаси Мирзаҳмат ота, дўстларидан Мирпўлат ота ҳамда Турсунхўжа ота топширишиб, ёшларга фотиҳа беришди.
Ўз сўзида Мирҳамид Мираҳмад ўғли, ака-укалари билан биргаликда, келаси йили ҳам шундай Қуръони Карим мусобақасини ўтказишни ният қилишганини яширмади:
– Бўлиб ўтган танловга Сайрам даҳасида жойлашган 26 та масжиддан 37 нафар болалар иштирок этишди. Ярим пора бўйича 14 ёшгача бўлган болалар, 29-30 поралар бўйича иштирок этганларнинг ёши чегараланмаган.
Келаси йили ўтказилиши режага киритилган танлов раҳматли онамиз Қумри Эгамберди қизининг хотирасига бағишлаб ўтказилади ва унда, фақат қизлар-келинчаклар, аёллар иштирок эта олишади.
* * *
Кўпчилик интиқлик билан кутган сониялар ҳам етиб, айни танлов иштирокчилари икки тоифа бўйича баҳоланишди. Яъни 29-30 пора Қуръони Карим тиловати бўйича 1-ўринни Воҳид Шуҳратов, 2-ўринни Нодир Мусаметов ва Қодиржон Ибрагимжонов, 3-ўринни Шарифхон Сайдхўжаев ва Муҳаммадсолиҳ Султонназаров эгаллашди.
6 ёшли бўлишига қарамасдан, муқаддас Қуръони Карим китобини ўрганиб келаётган Абдулбори Ҳикматхонов ҳам танлов қатнашчиларининг олқишларига сазовор бўлди.
Ярим пора ўқиш бўйича 1-ўрин Фозил Бегзодовга, 2-ўрин Бунёд Абдуқодиров, Бобур Бахтиёров, Жамолхон Мақсадхоновга, 3-ўрин эса, Муҳаммад Мақсадқулов, Абдуллоҳ Анорметов ҳамда Заид Қодирматовга насиб қилди.
Устознинг ўғил-қизлари томонидан 1-ўрин соҳибларига совутгичлар, 2-ўрин эгаларига телевизорлар, 3-ўринни қўлга киритганларга велосипедлар ҳамда микротўлқинли печлар тақдим этилди.
Ярим пора Қуръони Карим тиловати бўйича “Энг ёш иштирокчи” номинацияси Билолиддин Нуриддиновга насиб қилди.
Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқулов ҳамда Қоратепа тумани ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Файзаҳмад Нурметов саҳнага чиқишиб, ғолиблик шоҳсупасини қўлга киритган ҳамюртларимизни қутлаб, барча иштирокчиларга ҳам раҳматларини айтишди.

Эътибор САЙФИДДИН
қизи суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат