Алоқа | Обуна

Унутилмас сиймолар

Ассалому алайкум, “Жануб жарчилари” газетаси таҳририятининг ҳурматли ходимлари! Мен газетангизнинг бир неча йиллик муштарийсиман. Кейинги пайтларда саҳифаларингизнинг ранг-баранглиги одамнинг дилига завқ бағишламоқда.
Менга, айниқса “Унутилмас сиймолар” рукни остида берилаётган мақолалар жуда ҳам ёқади. Чунки биз актёрларни, фақат ижро этган роллари орқали таниймиз. Уларнинг ижодий фаолиятлари, мен қатори, бошқаларга ҳам қизиқарли бўлишига аминман. Ишларингизга омад ва ривож тилаб, муштарий:
Маҳфуза ҲОТАМОВА.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Бизга, мана, 8 йилдан ошди-ки, ушбу каби муштарийларнинг таклифлари, ёзган мактублари завқ бағишлайди. Имкон қадар, ўқувчиларимизнинг кўнгилларига йўл топишга ҳаракат қиламиз.
Қани, марҳамат, бугунги сондаги унутилмас сиймо билан танишамиз.

Отабек роли унинг  учун ёзилгандай…

Санъатнинг нони шўр, дейишади. Уни татиб кўриш учун метин ирода ва мустаҳкам сабр-қаноат лозим. Ҳар бир инсон ўз умри мобайнида қилган меҳнатлари ва ҳаракатлари билан ўзига яраша обрў ва эътиборни мерос қилиб қолдиради. Шу жумладан, актёрлар ҳам…
Ўзбек киноактёри Ўлмас Алихўжаев 1941 йил 30 июнь куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. 1964 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатган. Ўқув даргоҳини битирган даврдан “Ўзбекфильм” киностудиясида актёр сифатида фаолият юритган.
У талабалик йилларидаёқ ролларга таклиф этилиб,1962 йилда “Абдулла Набиев” бадиий фильмида Абдулла Набиев ролини моҳирона ижро этолган. Бу ёш актёрнинг кинодаги биринчи роли ва муваффақияти эди. Ушбу роли орқали кўпчилик назарига туша олди.
Шундан бошлаб, “Ўзбекфильм”, “Ўзбектелефильм”, “Тожикфильм” ҳамда “Қирғизфильм” киностудияларида суратга олинган фильмларда 40 дан ортиқ ролларни ижро этди.
Ў. Алихўжаевнинг тарихий ва замонавий мавзудаги бадиий фильмлари: “Улуғбек юлдузи”даги Али Қушчи, “Ўтган кунлар”даги Отабек, “Шиддат”даги Ёдгор Ҳамидович,”Оловли йўллар”даги Ҳамза, “Тинчлик даврида”ги Ғулом Аҳмедов каби қатор образлари актёрнинг кўп йиллик изчил ва самарали меҳнатларининг маҳсулидир.
Ўлмас ака, дейилганида мухлислар, энг аввало, Отабек образидаги инсонни кўз олдига келтиришади. Мухлислар назарида ушбу роль, фақат унинг учун атаб ёзилгандай, фақат у ижро этиши керакдек туйилади.
Ўзбек романчилигига асос солган Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи асосида суратга олинган бу фильм ўзбек кино санъати тарихида ёрқин саҳифа бўлди. Айни фильмдаги романтик кўтаринкилик, бош қаҳрамонлар – Отабек ва Кумуш образларининг ўзаро муносабатларини тасвирлашда катта маҳорат, эътибор, экранда мард ва жасур, ўз севгисига садоқатли инсон образини катта жозиба билан қойилмақом қилиб яратгани учун ҳам, томошабин Отабек ролини ўйнаган Ўлмас Алихўжаевни севиб, унга ҳавас ва тақлид қилди. Мазкур роль актёрни санъат мухлисларига яқиндан танитди, унга шуҳрат келтирди. Истеъдодли кино актёри Ўлмас Алихўжаев “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирланган.
Иттифоқ ва ўзбек актёри, ўнлаб тарихий образлар ижрочиси, томошабинлар қалбидан доимий жой олган Ўлмас ака Алихўжаев йўл-транспорт ҳодисаси туфайли, 2015 йил 25 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этди.

Интернет манбаларида келтирилган
мақолалар асосида Г. АБАТОВА тайёрлади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат