Алоқа | Обуна

Қўлингдан келганда қилгил яхшилик!

Ҳар йили 1 июнь — бутун дунё миқёсида Болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Давлатимизда ушбу санада болалар учун кўплаб тадбирлар, байрам томошалари уюштирилади.

Мустақиллик йилларида баркамол авлодни вояга етказишдек улуғвор вазифага жиддий эътибор берилмоқда. Енгбекши тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Тоҳир Нишонбоев томонидан кам таъминланган оилалар фарзандларининг бошларини қўшиб, дастурхон ёзиш, концерт дастурини намойиш этиш, болаларнинг кўнгилларини хушлаб, ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида ўтказилган тантанали тадбир бунинг яққол мисолидир.
2014 йили Сайрам туманига қарашли Жулдуз овул округи ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси вазифасини бажарган Тоҳир Нишонбоев 2016 йилдан эътиборан, Енгбекши тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси лавозимида ишламоқда. Йил давомида кўплаб хайрли ишларни амалга ошириш, ҳомийлик қилиш, қўллаб-қувватлаш раиснинг асосий мақсадларидан.
– Устозсиз шогирд шогирд бўлмайди, деганларидек, биз ҳам катталар босиб ўтган йўлдан, кўрсатган йўналишлардан юриб келаётган шогирдларданмиз. Мана, бир неча йиллардан бери халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келган вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг собиқ раиси Икромжон Ҳошимжонов, бугунги кундаги раис Бадриддин Нишонқулов, таълим соҳасида Бегмат Турдиқулов, Нурхон Дўсметова миллатимиз фахри-ифтихоридир. Улар тутган йўл, амалга оширган ишлар бизга ўрнак. Атаб айтсак, навбатда ўтказилаётган тадбир ҳам устозларимизнинг ишларидан олган андазамиздир, – дейди Енгбекши тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Тоҳир Нишонбоев.
Юқорида таъкидлаб ўтилган 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Шимкент шаҳридаги “Бухоро” ресторанида Енгбекши тумани, Жулдуз ва Қоратепа қишлоқ округлари мактабларида таълим олувчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бош қўшишди. Улар учун чиройли дастурхон ёзилиб, вилоят ўзбек драма театри санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Шунингдек, Тўлебий тумани маслаҳатининг собиқ депутати Байкен Ўрашев, тадбиркор Ҳасан Шоҳайдаров ҳомийлигида 60 нафар болажонларга қимматбаҳо совға-саломлар улашилди. Жажжитойлар дилдан қувнашиб, яйраб қолишди. Ташкилотчиларга ўз ташаккурларини билдиришга шошилишди. Ҳатто, улар орасида илҳоми келиб, шеър битганлар ҳам йўқ эмас.
– Бугун жуда хурсандман. Сабаби, байрамимизни ҳаммадан биринчи бўлиб нишонлаяпмиз. Кўплаб дўстлар орттириб, яқин танишлар топдик. Мен Тоҳир акага чексиз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди Шимкент шаҳридаги Фурқат номли 37-сонли мактабнинг 3-синф ўқувчиси Озодбек МАЪМУРЖОНОВ.

– Дарҳақиқат, болажонларимиз қувончида чек йўқ. Уларнинг бундай шодланишлари ортида миннатдорчилик, шунингдек: “Келажакда қилган яхшиликларингизни икки баробар қилиб қайтарамиз, биз ҳам сизлардек сахий инсонлар сифатида савобли ишларга қўл урамиз!” – деган мақсад шаклланаяпти. Илоҳим, мана шундай чиройли вазифалар билан келажак авлодга намуна бўлаётган тадбиркорлар, раислар, депутатлар бор бўлсинлар, – дея ўқувчи фикрига қўшимча қилди Шимкент шаҳридаги 104-сонли мактабнинг ижтимоий педагоги Зуҳра КАЗАКБАЕВА.

Дилбар ҚОСИМБЕКОВА, Шимкент шаҳридаги Фурқат номли 37-сонли мактабнинг ўқитувчиси:
– Шаҳримизда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!» шиори остида ўтказилаётган тадбирлар эртанги кун давомчилари бўлмиш ўғил-қизларимизга ҳақиқий байрам шукуҳини улашиб, уларга бўлган ғамхўрликни теранроқ ҳис қилдириши, шубҳасиздир. Айни борада улкан савобли ишга қўл урган Тоҳир Нишонбоев ҳар бир болакайнинг қалбида узоқ йиллар ёд этилса ажабмас. Бугунги тадбирда иштирок этаётган болажонлар қувончини кўриб, очиғи, илҳомланиб, кичик шеър битдим. Шуни эътиборларингизга ҳавола этсам…

Ватанимиз озод ҳамда бепоён,
Унда ўсаяпти жажжи ўғил-қиз.
Бу фарзандлар бизнинг келажак,
Ватан учун улар қилурлар хизмат.
Мана шу тадбирни ўтказганларга,
Жажжитойларни ҳурмат қилганларга,
Оллоҳдан уларга раҳматлар ёғсин,
Фарзандлар бахтига соғ-омон бўлсин!

Келажак давомчилари иштирокида ўтказилган тадбир, чин маънода, чиройли ва мароқли ўтди. Ҳамма дилдан хурсанд, ҳомийлардан, ташкиллаштирувчилардан миннатдор. Улардаги қувончга қизиқиш билан боқар эканмиз, беихтиёр, Элбоши йўлланмасидаги 3 тиллилик вазифаси ва маънавий-руҳий янгиланиш лойиҳаси юзасидан раис фикри билан ўртоқлашишни жоиз топдик.
– Қаранг, ёш қалдирғочлар. Ҳозир биз уларни қай йўналишда тарбияласак, улар шу томон йўналтирилади. Яхши хулқ, чиройли тарбия, сифатли билим, намунали ишлар келажак авлодга, шак-шубҳасиз, ижобий таъсир этади. Улар шу аснода буюк чўққиларни забт этадилар. Элбоши яқин кунларда ўтказилган 25-сессияда маънавий-руҳий янгиланиш лойиҳаси орқали ёшларни 3 тиллиликка йўналтиришни, авваллари ривожланган 50 давлат қаторида бўлсак, эндиликда ривожланган 30 давлат қаторига кўтарилишимизни тайинлади. Ва бунга киришиб ҳам кетилди.
Ҳозирда болажонлар ушбу йўналишда яхшигина натижага эгалар. Қолаверса, лотин алифбосига ўтиш биз учун ҳам, ёшларимиз учун ҳам фойдали. Сабаби-ки, дунё базасида ривожланган давлатларнинг, деярли барчаси инглиз тилини яхшигина ўзлаштирган, лотин алифбосига кўчиб улгурган. Айни боис, биз ҳам буни шакллантириб боришимиз мақсадга мувофиқ саналади. Зеро, келажак бугундан бошланади, – дея суҳбатини якунлади Енгбекши тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Тоҳир Нишонбоев.
Биз, ўз навбатида, камтарин ва сахий инсон Тоҳир акага ишларида ҳамиша омадлар тилаймиз ҳамда: “Топганларингиз доимо яхши кунларга буюрсин!” – деймиз!

Султоной НИШОНБОЙ қизи.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат