Алоқа | Обуна

Ўламан, деб эшик қўй…

Азиз муштарийлар, мен Эркин Абдунақибовнинг “Жануб жарчилари” газетасининг 15 август кунги сонида чоп этилган: “Хизмат қилмаса бир бора — қаср-у кошона чикора?!” мақоласини ўқиб, таъсирланиб, қўшимча равишда мен ҳам фикрларимни ўртоқлашгим келди.
Чиндан ҳам, дўстимизнинг қайғуришига арзигулик фикрлар: бизнинг йилдан-йилга унутилиб бораётган ҳашарлар, ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш, меҳр-у оқибат ҳақида ўйласак — кўзларимизнинг олди қоронғилашади. Биз билганимиз, кўрганимиз аллақачон “Қизил китоб”га тушиб улгурганга ўхшайди.
Боболаримиздан эшитганимиз бор: “Ўлмайман, дея иморат қур — ўламан, дея эшик қўй!”. Бу оддий сўзларни ўйлаб кўрайлик-чи, маъноси қаерга борар экан. Эшигимизнинг кенглиги – феълимизнинг кенглиги эмасми…
Биз абадий яшамасмиз, дўст-биродарлар билан тирикмиз. Қариндош-уруғ йўқламаса – кимга ҳам кераксан? Бежирим иморатлар маданиятимизнинг кўрки, турмуш тарзимизнинг равнақи – қувонишимизга арзийди, фақат яхшилигимиз учун хизмат қилса — яна ҳам яхши. Дўстимиз Эркин Абдунақибов ҳам шу масалада қайғуради.
Менинг бир тушунганим: уйимизда ўтказиладиган кичикроқ маърака-маросимда ҳам идиш-товоқ ювадиган келинларимиз-қизларимиз йўқ, десак адашмасак керак. Сиртдан одам ёллаб, бундай ишларни пул бериб, адо этаяпмиз. Ҳамёнимизга зиён бўлса ҳам, қулайлигимиз учун керак. Қисқа қилиб айтсам: йўлимиз енгил бўлгани сайин, ялқовлик-ётоқчилигимиз кўпроқ бўла бораяпти.
Энди, дўстлар, бир руҳий тарафдан ўйланиб кўрайлик. Рост, баъзи хонадонларнинг уйларига дарвозасидан кириб, бежирим плиталарга оёқ босишга ўйланиб қоламиз — ҳавас қилса арзийди. Шунчалик ихлос билан тўшалган-ки, қадам боссанг сени биров назорат қилаётгандек. Бундай уйларимиз ўзимизга хизмат қилмаса, уларни ким учун қурамиз?
Бизни сўнгги манзилган кузатиб, сувимиз шу уйда тўкилса, зиён бўлмаса керак. Боболаримиздан эшитганмиз: ота-онамнинг суви шу уйда тўкилган, дея у жойни қадр тутганларини. Жаноза маросимларимиз уйимизда бўлса, имкони борлар учун, албатта фарзандларимиз, невараларимиз учун ибрат бўларди, дея ўйлайман.
Ҳозирги кунларимизда шариатга қулоқ тутсак — фатво берувчилар етарли. Масжидда ўқилган жаноза намозининг савоби кўпроқ бўлар экан… Савоби кўпроқ бўлар экан, дея баъзи бировларимиз масжидда эҳсонлар, ифторликлар қилиб ҳам юрдик.
Оддий халқмиз барига кўнаверамиз. Аввало, ўзимиз шаръий-диний, қонуний билимларга эга бўлишимиз керак, бу билимларни кимдан ўрганамиз, ота-бобо меросимизнинг қадр-қиммати кимни қизиқтирмоқда? Лоқайд бўлиб бормоқдамиз.
Баъзан ўйланиб қоласан: айрим ёшларимиз намоз ўқиб, рўза тутганлари ҳолда, ўз оталарининг камчилигини қидиришади. Ўзи бирон диний мактабни битирган бўлмаса, кимдан таълим олаяпти, ким ўргатаяпти буларга бундай бўлмағур нарсаларни, дея ташвиш чекасан, турли оқимларнинг измига тушиб қолмасайди, дея ўйланасан. Бунақаликдан Оллоҳ сақласин!
Аввало, қадримизни-қимматимизни билайлик, ота авлодларимизнинг, она авлодларимизнинг кимликларини фарзандларимизга етказайлик. Ажабмас-ки, меҳр-оқибатларимиз зиёда бўлиб, камчиликларимизнинг ўрни тўлиб бораверса…

Ходимат ТЎЛАМАТ ўғли,
Сайрам даҳаси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат