Алоқа | Обуна

Удумларимизни биламизми, уларга амал қиламизми?!

Сербарака, гўзал куз фасли ўлкамизга ўзининг тўкин-сочинлиги билан зеб бермоқда. Унинг ноз-неъматларига тўлиб-тошган дастурхонларимиз ўз меҳмонларига ҳамиша мунтазир.
Ҳа, ҳозир айни тўйлар мавсуми, кўз тегмасин: юртимизга меҳмондўст халқмиз, бир-биримиздан меҳр-мурувватни аямайдиган элмиз.
Айниқса ушбу борада қозоқ биродарларга ҳавас қилсак арзийди. Қуда-андани шу қадар бошларига қўядилар-ки, буни айтмасам-да — биласизлар. Чунки барчамиз шу бағрикенг Қозоғистон заминида туғилиб, униб-ўсганларданмиз. Қардошларимизнинг тўй-томошаларини қўйиб турайлик, ҳатто, азаларида ҳам бошқа миллатларда ҳеч учрамайдиган ўзгачаликларни кўриб, ҳайрон қоламиз.
Қудалар етиб келмасларидан аввал бошқалар, ҳатто, дастурхонга таклиф этилмайди, қудалар ўрни ҳамиша алоҳида. Бу билан: бизда ночор, демоқчи эмасман. Биздаям: “Қудачилик – минг йилчилик!” – дея бекорга айтилмаган, ахир. Урф-одатларга ўзимиз ҳам боймиз.
Мен мазкур ўринда унутилиб бораётган бир удумимиз ҳақида тўхталмоқчиман. Келин туширилганидан кейин учинчи куни бизда “ўчоқ боши” деган удумимиз бўларди. Ота уйига янгаси билан “жума”лаб кетган келин яқин қариндошлари билан қуда уйига (куёвникига) чақириларди. Меҳмондорчилик тугагач, мезбонлар томонидан “хуш кепсан” айтиларди.
Куёв тарафнинг амма-холалари, амаки, тоғалари қудаларнинг олдига кириб, ўз миннатдорчиликларини билдириб, “хуш кепсан” (шевамизда шундай талаффуз этилади) айтилади. Кейинроқ ушбу одатимиз қисқартирилиб, келин узатилиб келингач, шу куни қайтар вақтида ўтказиладиган, энди “хуш кепсан”ни, фақат аёл қудаларга айтиладиган бўлди.
Ҳозирда тугунларини жойлаб ўтирган қудаларнинг “хуш кепсан”даги тилакларни эшитишга ҳам баъзан вақти йўқ ёки қизиғи йўқдай. Тўйга, фақат тугун олиш учун бормаймиз-ку, тўғрими?
Қудаларга миннатдорчилик билдириш унутилиб кетганми? Ахир, остонангизга 18-20 йил оқ ювиб — оқ тараб, ўстирган қизларини сизга бир умрлик хизматга шай этиб, ташлаб кетишаяпти-ку. Улар сизга ишониб кетишаяпти кўзининг гавҳарини — уй тўла моли билан, қўлида дипломи билан. Буларнинг барчаси ўзи бўлмагандир, ахир!
Тугун-пугунлар бироз кейинроқ кирса-ю ўзингиз ҳамда амма-холалар кириб, уруғингизда бирор забони бори, дастлаб қудаларга раҳмат айтсангиз, қизини, энди ўз уйида яйраб-яшаб кетади, дея келинингиз онаизорининг қалбига таскин берувчи сўзларни айтсангиз — қандай чиройли бўларди. Қиз боққан ота-онанинг раҳмат оладиган кунлари, ҳеч қурса, ўша куни бўлса.
Мен бундан, қарийб 43 йил аввал бўлиб ўтган ана шундай маросимни жуда яхши эслайман, ҳатто, бундай маросимни ўйлаб чиқарган элимизга ташаккур билдираман. “Ўчоқ боши” куни менинг онам, момом, амма-холаларимни куёвникига чақиришди. Меҳмондорчилик тугамасидан анча олдин “хуш кепсан” айтишга куёвнинг опалари, амма-холалари, ёши улуғлари кириб, “хуш кепсан” айтишди. Бир вақт Муҳаммадали, деган киши (тоғалари) кирди-да, ўтирганларга мурожаат қилди.
– Хуш келибсизлар, қудалар, оз бердик, кўп олдик, бунга қўша қизингизни келин қилиб ўтирибмиз. Раҳмат, қудалар, қизингизни бизга ишониб берибсиз, қизингиз, Оллоҳ хоҳласа, шу уйларда яйраб-яшнаб юради, мен бунга кафилман, сиз-у бизнинг яхши маслаҳатларимиз билан булар ҳар иккиси эл-юрт ҳурмат қиладиган чиройли оила қуришади, ўзларидан кўпайсин, қайин юртни сийласа кам бўлмайди, дуо билан эл кўкарар, дея бежиз айтишмаган.
Қизингиз муаллима экан, дилни яхши тушунар, дея ўйлайман, болани етаклаш, дегани — катталар йўриғида юра олади, дегани. Менинг келинимиздан ҳозирданоқ кўнглим тўқ. Сизларни мен келинимни чақирган кунда келинглар, дея ҳозирдан айтиб қўяй, қудачилик минг йилчилик-ку, ахир. Ҳали яна қўшалоқ қудалар бўламиз…
Эҳтимол, чиллаи хонадонда айтилган ўша тилакларга фаришталар “омин” дегандирлар-ки, тоғамиз айтганидай ўғил-қизли, уйли-жойли, иззатдаги шукур қилувчи келин бўлдим. Ўша пайтда тоғанинг гапларидан мен келинлик маъсулиятимни янада кўпроқ сездим, қариндош-уруғчиликни доимо тузаб юргувчи тоғамизни (Оллоҳ раҳмат қилсин) жуда кўп эслайман. У кишидан олганларим кўп.
“Хуш кепсан” баҳонасида, биринчидан: онам, момом, амма-холаларим қувонишди, чунки ҳали хизматини кўрмай туриб, келинга берилган баҳодан улар кўкрак кериб ўтишарди.
Иккинчидан: бурчакда уларни кузатиб ўтирган мен, ичимда онамни ҳар доим шундай қувонган ҳолатда кўриш учун бор кучим билан, тоғамиз айтганидан-да аъло бўлишини кўнглимга тугиб ўтирибман.
Оллоҳга беҳад шукурлар-ки, ҳаммаси ўша кунги тилаклар асосида кетди, қайнюртим эъзозидаги келин бўла олдим. Бу чиллаи хонадаги эзгу дуоларнинг ижобати, дея ўйлайман.
* * *
Ҳозирги “хуш кепсан”ларда ҳам қудалар яхши тилаклар билдиришади, лапарлар айтишади бир-бирларига. Аммо қиз томон олган тугунлари билан ўралашиб қолиб, “меникими сеникими” билан “хуш кепсан” тадбири кўнгилдагидай ўтмай қолади. Келин ҳам бу тилакларни видеода кўриб қолиши мумкин.
Мен бир ижодкор сифатида мана шу удумларимизнинг чиройли ўтишига қарашиб тураман. Миллатимиз урф-одатлари-ю барча удумларимиз орасида тарбиявий аҳамияти улкан айни анъанамизни чиройли ўтказайлик, демоқчиман ва шунга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ахир, барча урф-одатлар, удумларни халқ яратади-ку, шундай эмасми? Талабларга мувофиқ, “хуш кепсан” учун қудалар дуэтини ёздим ҳамда уни ҳукмларингизга ҳавола айламоқдаман.

“Хуш кепсан”да айтиладиган қудалар дуэти

Куёв тарафдан:

Қиз туғилган уйни, азал жаннат, дерлар,
Оқила қиз ўстирганга раҳмат, дерлар.
Ота-она кунлар келиб, “ҳолва ерлар”,
Қутлуғ бўлсин, қудажонлар, сизга куёв!

Меҳр нурин кўрдик чашми кўзингиздан,
Маъно чақдик ҳар бир айтган сўзингиздан,
Авлодимиз униб-ўссин изингиздан,
Қутлуғ бўлсин, қудажонлар, сизга куёв!

Келин қилдик қизингизни яхши кўриб,
Уйимизда яшнаб юрсин даврон суриб,
Ортида биз турайлик-да кўкрак кериб,
Қутлуғ бўлсин, қудажонлар, сизга куёв!

Набирага тўлиб кетсин хонадоним,
Етаклайин ҳар бирини, жонажоним.
Иззат топар келин, деса онажоним,
Қутлуғ бўлсин, қудажонлар, сизга куёв!

Келин тарафдан:

Хушвақт бўлинг, қудажонлар, ҳамиша сиз,
Келинингиз ўзингиздай саришта қиз,
Қўлингиздан олар, энди ҳар ишингиз,
Қутлуғ бўлсин, қудажонлар, сизга келин!

Келин, демай меҳр беринг қизим — дея,
Шу уйларда туғилгандай бўлинг — дея.
Билмаганин ўргатишни қилинг ғоя,
Қутлуғ бўлсин, қудажонлар, сизга келин!

Қизимиздан эшитайлик кўп раҳматни,
Меҳнат қилсин-у кўрмасин ҳеч заҳматни,
Янаги йил Оллоҳ берсин Муҳаммадни,
Қутлуғ бўлсин, қудажонлар, сизга келин!

МУҲТАРАМА,
жамоатчи мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат