Алоқа | Обуна

Туркия салтанати – заминнинг жаннати!

Қозоғистонлик ўзбек қизи Малика Муссурова Туркиянинг Нигде шаҳридаги Омер Халисдемир (Omer Halisdemir) номли университетнинг магистратурасида ўқимоқда.
Отатурк маданият маркази Туркиядаги барча университетлараро магистратура ҳамда докторантура талабалари учун танлов ўтказганди ва 47 нафар иштирокчи унда ғолиб чиққанди. Ана шу ғолиблар сафида Тоштемир Рустемов номидаги 12-сонли гимназия мактабининг собиқ битирувчиси Малика Муссурова ҳам бор.
Меҳмонхона ва барча харажатларни Отатурк маданият маркази ўзи кўтарган ушбу саёҳатда орислик Малика синглимизнинг иштирок этиши биз учун ҳам улкан муваффақиятдир!

Бугун мен сизларга: “Ердаги жаннат” – дея номланиб кетган Туркия мамлакати ҳақида айтиб бераман. Туркия – сайёҳлар ташрифи бўйича дунёда 1-ўринда турган давлат.
Ўзларининг салобатли виқорлари ярашган музейлар, шовқин-суронли бозорлар ҳамда сон-саноқсиз турфа дўконлар ва ҳидлари бурунлардан кетмайдиган донер-кабоблар…
Бир тасаввур қилиб кўринг-чи? Буларнинг барчаси Шарқ маданиятини намоён этиб турибди…
Туркияга келганимга ҳам, мана, олти ой бўлди. Бу вақт оралиғида Туркия давлатининг тарихини, урф-одатларини, тилини, динини, адабиётини ўргандим. Туркиядаги Отатурк маданият маркази томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Анадўлидаги салжуқлар ва князлар давридаги мадрасалар, улардаги принциплар ва билим билан маданият» номли саёҳат дастурида иштирок этдим.
8-13 май кунлари оралиғида Туркиянинг бир неча шаҳарларига саёҳат қилишга олиб боришди. Бир ҳафта мобайнида кўп шаҳарларни айланишга муваффақ бўлдик. Сафарларимиз давомида мадрасаларни, масжидларни, ғайритабиий биноларни, тарихий саройларни, ҳаммомлар ва музейларни томоша қилдик.
Биринчи бўлиб, Чарин Чанкири шаҳрига бордим. Бу ерда тош масжид, бошқа бисёр тарихий ёдгорликлар бор экан. Кейин Чорум музейида бўлдик. Музей жуда ҳам ажойиб экан. Қаттиқ ҳаяжонландим, сабаби: чиройли суратлар, археологлар топган қазилма бойликлардан ишланган нарсалар эътиборимни жалб этди.
Ўтмишдаги одамлар кундалик ҳаётларида фойдаланган идиш-товоқлар, асбоблар, тақинчоқларни томоша қилдик. Тақинчоқлардаги нақшлар бугунги кунда фойдаланиб юрилган нақшларга жуда ҳам ўхшаш. Яъни айтмоқчиман-ки, бугунги кунгача бўлган ҳунарларнинг турларини кўрса бўлади.
У даврларда тошга расм чизиш, тошни ўйиш қаттиқ ривожланган анъана бўлган экан. Булардан ташқари, инсонларнинг кўзқарашлари-да бошқача бўлган: марҳумларни тобутга эмас, кўзаларнинг ичига солиб кўмган эканлар.
Иккинчи борган кентим – Сиваш шаҳри. Бу ерда мен қаттиқ ҳаяжонландим. Бунга сабаб, масжид, десам хато бўлмас. Масжиднинг 4 эшиги бор экан. Ҳар бир эшикнинг ўзига хосликлари мавжуд. Эшикларга чиройли расмлар, нақшлар чизилган.
Август ойида мазкур масжидда соялар пайдо бўлар экан. Масалан, биринчи эшикда намоз пайтида ўйланиб ўтирган инсонни, иккинчи эшикда хоннинг соясини кўриш мумкин. Учинчи эшикдан қарасангиз, намозга тўпланган инсонларнинг, тўртинчи эшикда эса — рўмол ўраган аёлнинг соясини кўрса бўлади. Ўша даврлардаги масжидлар бир-бирига жуда ўхшаш.
Саёҳат давомида Усмонлилар империясига тааллуқли бўлган асарлар билан ҳам танишдик. Айни жараёнда биз ташриф буюрган жойларнинг тарихи, режалари, архитектуравий-декоратив ўзгачаликлари жуда кўп эканлигиниям билдим.
Маълумотномам биноларнинг турларига аталиб ишланган умумий баҳолашга асосланган. Баъзи умумий хулосалар чиқарилди. Шуларга биноан, Анадўлининг баъзи жойларида салжуқ ҳамда бейликс даврларида тош ва ғишт материалларидан фойдаланилган. Тошдан, ғиштдан ва плиткалардан ишланган геометриявий, ўсимлик шаклидаги ва ифодали тақинчоқлар ҳам мавжуд. Меъморчилик безакларида ёзувдан фойдаланилган. Тош нақшлари кириш дарвозаларида жамланган. Бинолар ва гумбазларда, кўпинча чинни (фарфор) билан бирга русумли композициялар ҳам ишланган.
Мазкур саёҳат давомида бизга тарихий жойлар ҳақида интернетдан ҳам топилмайдиган маълумотларни батафсил айтиб берган Отатурк маданият маркази раҳбарининг нинг ёрдамчиси Шабан Абак жанобга ҳамда профессор-доктор Гунул Чантай хонимга чексиз миннатдорчилигимни билдираман!
Ука-сингилларимга янги ўқув йили муборак бўлсин!

Малика МУССУРОВА,
магистр.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат