Алоқа | Обуна

Туркистонлик тадбиркор

Одатда, инсонни уч хил фазилатига қараб таниса бўлади, дейишади азалдан. Биринчиси: очиқкўнгиллик бўлса, иккинчиси: илмга нисбатан бўлган чанқоқлик (бежизга пайғамбаримиз (с. а. в.): “Бешикдан то қабргача илм изла” – дея марҳамат қилмаганлар), учинчиси эса: сахийлик ва мардликдир.
Биз хизмат сафари билан Туркистон шаҳрига борганимизда юқорида тилга олинган ҳар учала фазилатли инсон билан суҳбатда бўлдик. У кишининг самимий муносабати, меҳмондўстлиги ва, албатта очиққўллиги оз фурсат ичида бизда улкан таассурот қолдириб улгурди. Келинг, яхшиси, ушбу инсон ҳақида сиз — азизларга ҳам сўзлаб берай.
Иш вақти бўлишига қарамай, тўғридан-тўғри, Ибодулла аканинг қабулига кириб борар эканмиз, у киши бизни шундай чиройли кутиб олди.
Очиқкўнгил, ширинсўз, муомала-муносабатли тадбиркор Ибодулла Суннатуллаев 1965 йили Кентов шаҳрида таваллуд топган. Кўп фарзандли оиланинг учинчи ўғли бўлган И. Суннатуллаев ёшлигидан меҳнатга берилган, оиласини ҳалол луқма билан таъминлашни мақсад қилган тадбиркорлардан. Бугунги кунда Туркистон шаҳрида мижозларга арматура етказиб бериш бизнесини яхшигина йўлга қўйиб, халқимизга чин маънода хизмат кўрсатаётган тадбиркорлардан. Алмати, Шимкент, Қарағанди, шунингдек, Россия шаҳарларидан келтирилаётган арматуралар истеъмолчиларга шартнома асосида тавсия этилади.
Биз билан тадбиркорлик соҳасига кириб келиш тарихини ўртоқлашган Ибодулла ака ўтган йилларда бажарган ва бугунги кунларда амалга ошираётган ишларини шундай маълум қилди. Шунингдек, келажакка тузган пухта режаларининг-да борлигини сир тутмади. Олиб бораётган фаолият доирасини кенгайтириб, аҳоли талабига жавобан, қўшимча молларни етказиб бериш ҳаракатига киришиш остонасида эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ёрдамга муҳтож, ишга яроқли бўлган ёшларни иш билан таъминлаш унинг асл мақсадларидан бири.
Тадбиркор Ибодулла аканинг иш йўналиши билан бўлган суҳбат якунида у кишининг газетамизга ва бошқа ўзбекзабон газеталарга бўлган эътибори билан қизиқдик. Ибодулла аканинг мазкур масаладаги фикрлари билан муносиб ўртоқлашган ҳолда, у кишининг кўзқарашларини билиб олдик.
– Барча мактабларга ва вилоятимиз бўйлаб қишлоқ уйларига тарқатиладиган ўзбекзабон газеталарнинг сони кун сайин ортиб бориши ва уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши биз – ўзбеклар учун улкан фахр. Хусусан, улардаги чоп этилаётган мақолалар мазмуни бугуннинг муаммолари юзасидан бўлгани — яна бир қувонарли ҳол. Демак-ки, улардан оқилона фойдаланган ҳолда кўп нарсага эришса ва қўл етказса бўлади. Тарбия, таълим, сиёсат ва келажак… хуллас, қай жабҳада ёрдамга муҳтож бўлсанг — “Жануб жарчилари” газетаси яхшигина кўмакчи. Шундай экан, ишларингиз ҳамиша олға силжийверсин. Муштарийларингиз сони кўп бўлсин, – дея дил изҳорларини ҳамда фикрларини билдирди Ибодулла ака суҳбат чоғида.
Мана, шундай қилиб, туркистонлик ҳамюртимиз, олий фазилат эгаси саналган Ибодулла ака билан бўлган чиройли ва қисқагина суҳбатимиз якун топди. Эришилган ютуқлар, бошдан кечирилган қийинчиликлар, олдидан чиққан турли тўсиқларни сир тутиб, яшашнинг, фақат чиройли қирралари билан фикрлашган Ибодулла аканинг ишларига ҳамиша муваффақиятлар тилаб, хайрлашдик.
Аммо шу оз фурсат ичида ушбу инсоннинг, аввало, меҳмондўстлик фазилати эътиборимни қозонса, иккинчидан, маҳаллий матбуот воситаларига беэътибор эмаслиги, шунингдек, уларга сахий қалб эгаси сифатида ўзи қаторида бошқаларни-да обунага тортиши менинг унга бўлган ҳурмат-эҳтиромимни тобора оширди, десам адашмаган бўламан.
Илло, юртимизда мана шундай яхшилар ҳамиша кўпаяверсин!

Э. АҲМАДЖОНОВА.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат