Алоқа | Обуна

Тишларимизга эътиборли бўлайлик!

Бизнинг саломатлик саҳифамизнинг бугунги меҳмони Сайрам тумани медицина бирлашмасининг бош стоматологи, “Дента Нур” клиникасининг директори Мурат Мирзатай ўғли ЕСАЛИЕВ.

– Сизларга тиш касалликлари билан мурожаат қиладиганлар қанчани ташкил этади?
– Сайрам тумани бўйича мазкур муаммо билан мурожаат этадиганлар кўп. Жанубий Қозоғистон вилоятининг қамровидаям тиш билан боғлиқ касалликлар ниҳоятда бисёр. Сабаби: бизнинг ичаётган сувларимизда фтор, деган элемент оз.
– Демак, тишларнинг чириши ичаётган сувимизга ҳам боғлиқми?
– Ҳа, албатта! Ичаётган сувимизда фтор моддаси озлиги сабабидан ҳам тишлар чирий бошлайди. Шундан сўнг, тишларнинг касалликлари кўпаяверади.
Клиникамизда ривожланаётган мамлакатлар қаторидаги стоматология соҳасидаги барча шароитлар яратилган. Имплантология ҳам мавжуд. Имплантология, деганимиз — тиш йўқ жойга суяк тишларни ўрнаштириш.
– Нима учун аксарият ҳолларда ҳозирги болаларнинг тишлари қийшиқ чиқади?
– Эътибор бериб қарасангиз, авваллари биз қаттиқ нарсаларни кўп истеъмол қилардик. Истеъмол қилаётган нарсаларимизнинг ҳам сифати аввалгидай эмас, минг афсуски…
Ҳозир бўлса, ҳамма нарсалар, жумладан, нон маҳсулотлариям, асосан юмшоқ, ҳамма нарсалар гўштқиймалагичдан чиқарилган. Ана шундай юмшоқ нарсаларни егандан сўнг, жағнинг ўсиши тишнинг ўсишига мос келмайди, яъни жағнинг ўсиши ортда қолади. Тиш тегишли ўрнига сиғмаганидан кейин, нари-бери бўлиб, қийшиқ чиқади.
1981 йилдан буён ишлаб келаётган бўлсам, у вақтларда болалар орасида тишнинг қийшиқ чиқиши, деярли йўқ эди. Ҳозир кўп болаларда шу ҳолатни кузатамиз. Ҳар икки боланинг бирида тишлар қийшиқ чиқади.
– Муштарийларимизга тишларни қандай қилиб тозалаш ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз…
– Кўпчилик тиш чўткасига пастани суртиб, сўнг бир-икки марта юргизсам, тиш топ-тоза бўлади, дея нотўғри ўйлайди.
Тишлар устида елимга ўхшаш қалин парда мавжуд, ана шу пардада беҳисоб микроблар яшайди. Шунинг учун, тишни тозалаётганда пардани сидириб ташлаш керак. Бир марта тиш тозалангач, ҳалиги парда яна пайдо бўлади. Қаҳва, қора чой ва сут ичгандан сўнг — оғиз яхшилаб чайилса, тиш устидаги парда қалинлашмайди.
Пардани сидириб ташлаш учун тиш юзасида чўткани камида 20 марта юргизиш лозим. Бунинг учун, кўпи билан 4 дақиқа вақт кетади.
Агар тишларни тозалашдан олдин ичимлик содаси эритилган сув билан чайсангиз — парда юмшайди ва кўчиши осонлашади.
Чўтка билан тозалаганда тишларнинг, бор-йўғи 30 фоиз жойи тозаланади, холос. Шунинг учун, тишлар орасидаги микробларни чиқариб ташлаш учун махсус ипларни, тиш кавлагичларни ишлатган маъқул. Тишлар яхшилаб тозаланмаса, уларнинг оралари яллиғланади ва емирилиш жараёни бошланади.
– Муштарийларимизга асқатадиган муҳим маълумотларингиз учун ташаккур!

САБОҲАТ суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат