Алоқа | Обуна

Тиканзорда унган гул…

(Боши ўтган сонларда).

Элдорнинг бўй-бастига қараб тўймасди, онаизори.
Оллоҳ хоҳласа, хушбичим, қора қошли, табассуми ўзига ярашган йигит бўлади, дея қувонарди Замира ўз-ўзига ичида сўзлаб. Наҳот, бир фарзандим икки бўлмаса…
Ота навбатдаги “комадировка”га жўнаган пайтида Элдор касал бўлиб қолди. Деярли ўн кун ичида бола жуда озиб кетди. Қишлоқ поликлиникасидагилар унга диагноз қўя олишмади. Элдорнинг иштаҳаси йўқ, кайфияти тушкун ҳолатда эди.
Замиранинг ёлғиз боши қотиб қолди. Кампир ҳам ташвишда, набирасиниг ёнидан жилмай, тун-у, кун шу боламга соғлик бер, ёлғизгинамнинг бошини омон қил, дея Оллоҳга ёлвориб, кечаларни бедор ўтказадиган бўлди, келинигаям кун бермай қўйди.
Ота шу кетганича 2 ой, деганда келди. Дўхтирлар болани ё Алматига, ёки Тошкентга олиб боришни маслаҳат беришди. Директор отанинг бунга вақти йўқ эди.
– Мана пул, қаерга деса, ўша жойга олиб бор. Кўриб турибсан: ишим бошимдан ошиб ётибди, – деди у хотинига.
Аммо ҳеч қаёққа олиб боришолмади, орзиқиб кутган иккинчи фарзандига “бош қоронғи” бўлиб қолган Замира сув ичса-да қусар, юришга ҳоли йўқ эди. Қишлоқ дўхтирларига раҳмат, ҳар ҳолда, Элдорни оёққа қўйишди-ю, лекин боланинг ранги ўша-ўша синиқлигича қолди.
Бекниёз оиласини, шу кунларда, буткул унутганди, “иши”га муккасидан кетган мансабдор йигитнинг “командировка”си узлуксиз давом этарди. Энди баъзи тунлар ишдан келмай қолар — “дежурство”си пайдо бўлганди.
Замирага ҳам эрининг бор-йўқлиги билинмас, қачонлардир усиз дастурхон бошига келмаган жувон, эндиликда эрининг вақтида келиши-ю келмаслигининг фарқига бормасди. Унинг қувончи ҳам, қайғуси ҳам болалари эди.
Ҳатто-ки, қайнона ҳам уйдаги совуқчилик ҳақида ўйлаб сиқилар, Замирага дашном беришгаям ҳоли қолмаганди. Мантиқсиз ўтаётган йиллар сурони кампирни ҳам чарчатганди. Ўй-фикри Элдорида — набирасининг ҳолати уни гаранг этиб қўйганди.
Бир гал, ўғли уйдалигида, унга насиҳат қила бошлади. Унга ҳомиладор аёлига қарашиши лозимлигини таъкидлади, егиси келган нарсаларини олиб келиб бериш эрнинг вазифаси эканлигини уқтирди, бола ночор туғилмаслиги учун келинини шифохонага ётқизиши шарт эканини айтди… Охир-оқибатда, унинг доимо чақчайиб қаровчи кўзлари ёшланди. Бекниёз эса:
– Нима, мен ўйнаб юрибманми, қайси бирига қарай. Келинингиз ўзи касалманд бўлса, туққан боласи нима бўларди, – деди-да, ижирғанган киши қиёфасида уйидан чиқиб кетди.
– Водариғ, нима бўлган бу боламга, эсини еганми, хотини учун ўлворарди-ку. Ҳай, раҳм айла, болам, шу етимча суюкли фарзандларингнинг онаси бўлади-я. Қайт ортингга…
Бекниёзнинг, худди қулоғи кардай, гўё кўзлари ҳам кўрмаётгандай ди.
Онаизорнинг дилини бир ғам кемирмоқда эди-ки, буни бировга айтолмасди. Дастлаб Бек ўша “анди” хотинини онасидай ардоқларди, ҳеч кир юқтирмасди. Энди эса, хатто, илгарилари жонидан ортиқ боласига ҳам қарамайди. Бу не ҳол? Нима қилиш керак? Кампир кўнглига келган фикрдан ўзи ҳам чўчиб кетди. Ўғлининг “бирови” бор. Акс ҳолда…
Кечагина қўшнисининг бешик тўйида эшитган бир гап ёдига тушиб қолди. Эмиш-ки, қўшни қишлоқдан бир фолбин чиқибди, нақ ўз кўзи билан кўргандай айтармиш.
“Борсаммикан…” ўйлади у. Кампиршо шу вақтга қадар биров табиб, фолбин, деса — энсаси қотарди. Энди қайга чопсин? Набирасининг аҳволи ёмон, келинининг ҳолати чатоқ. Ишонгани ўғли эди — Бекниёз ғалати бўлиб юрибди. Ўзи-ку жуда чарчаган, нима қилсин, энди.
“Бораман-да, иложим йўқ-ку бошқа” — кампир шу қарорга келди. Бу шайтоний йўл эканини билган кампирнинг виждони қанча қийналмасин, у эрталаб қўшни қишлоққа жўнади.
“Сўраб-сўраб, Маккани топибди” – дейдилар. Юравериб, оёғидан мадори кетган онаизор фолбиннинг эшигига етгач, дарвоза ёнидаги ўриндиқда ўтириб қолди. Навбати ўтиб кетганига қарамай, кўзларини юмганича деворга суяниб, узоқ тин олди. Фолбиннинг келини бўлса керак, унга бир пиёлада сув олиб чиқди. У бироз тиниққан кампиршонинг қўлидан ушлаб, фолбиннинг “кабинети”гача кузатиб қўйди.
Умрида биринчи бор фол очиришга бориши бўлгани учун ичида пичирларди: ”Қанча гуноҳни бўйнимга орқаладим-а, Оллоҳ, мен гумроҳни ўзинг кечир, йўлимдан адашдим, ўзинг кечир…”
Кейин эса, фолбиннинг оғзидан чиқаётган гаплар кампирнинг оғзини очириб қўйди.
– Ўғлингиз яхши йигит экан, аммо у ҳозир ўзида эмас. Бадавлат, басавлат, одамшаванда ўғлингизнинг тил-жағи боғлаб ташланган. Олис манзилда бир аёлга илакишиб қолган. Бунга кўп йиллар бўлган, ўзингизга ҳам баъзан аён бўларкан, тан олгингиз келмаскан.
Сеҳр-жоду қилдирган ўша аёл, аммо буни қилганлар биздан эмас. “Магия” деб эшитганмисиз, ўзга дин вакиллари қилганлар бу ишни. Воҳ-воҳ, тобут кўринаяпти. Мени кечирасиз, мен кўринганини айтишга мажбурман. Билмадим, бу аёл вақти келиб, болангизни бутунлай ўзиники қилиб оладими… Бошқа нарса кўролмаяпман, чунки уйингизни зулмат қоплаган…
Қачонлардир эл-юртини лол этадиган шум кампир фолбиннинг уйидан судралиб чиқди. Ўз уйига қандоқ келганини ҳам эслолмади. “Нима, деди — тобут, дедими? Илоҳим, шу тобут меники бўлсин-да, ёшлардан, набираларимдан йироқ қил, Оллоҳим”.
У ўзи ётган болишини тинмай айлантирар, кечган умри кўз олидан бирма-бир ўта бошлади. Ётиб ётолмади, ўтириб ўтиролмади. Боққа чиқди. Ўзига ўзи савол берар, ўз жавобидан ўзи ҳайратланарди.
Умри давомида кимга яхшилик қилди? Эри ўз ҳалолигини исботлаганида ҳам: ёлғиз ўғлимдан ажратма, дея кўз ёшларини яширолмай, ҳўнграб юборганида ҳам, уни кечиролмади. “Ҳамма гапинг ёлғон, уйимдан чиқиб кет” – дея ҳайдади.
Мард эркак костюмини елкасига ташлаб: ўғлим учун, дея уй-жойидан кечиб, қишлоғидан чиқиб кетди. Эри ўшанда ё кейинчалик қарғагандир, балки. Негаки, боласини умр бўйи отасига кўрсатмади, дунёдан ўтганида жанозасига чақиргани келишди. Бу гапни ҳам Бекдан сир тутди.
Кибрли ҳокимлардай яшади, ўз айтганидан қайтмасди. Келини ўғлининг танлови бўлгани учунгина маҳалла-кўйнинг кўзича тўй қилиб уйлади, аммо келинини одам қаторида кўрмади.
Ёшлиги ўз хоҳишидай ўтди-ю қаригандагиси қийин экан. Боғдаги дарахтлар, худди: бу ўтмишинг учун берилган Оллоҳнинг туҳфаси, деётгандай секин-аста силкинар, аввалги кучи бўлса, шу дарахтларни қўпориб ташлаган бўларди.
Начора, охир, бир куни инсонга кучсиз қарилик насиб этаркан. Ҳаммасидан оғири, етимлигини била туриб, ўзига хизмат қилиб турган келинини хўрлагани учун унинг оёқларига йиқилиб, ҳозироқ узр сўрагиси келар, афсус, энди жуда кеч. Нимага мана шу муштипарнинг онаси ўрнида она бўлолмади?
Фақат, эндигина кўзи очилиб: “Набирамни етим қилма, Оллоҳим, ёш жонига қасд қилма, Оллоҳим, гуноҳларим жабрини улар тортмасин, Оллоҳим!” – дея ёлворарди Тангрига…
Келинининг туғиши арафасида қайнона бир оз оёққа турди. Қайнона кўнглида: “Етимни йиғлатма, етти дарёнг қурийди” – деган ҳикмат ўз ҳукмини ўтказаётганидан ўзи ҳам рози эди. Туғиб чиққан келинини қирқи чиққунича парваришлади.
Қайнона-келиннинг муросаси яхшиланиб қолган вақтда Бекниёз бошқа ишга ўтди. Кампир қизалоққа Интизор, дея исм қўйди, зора, Интизорни чақирганида отасига инсоф бериб: қизим мени интизор бўлиб, уйда кутаяпти-ку, дея оиласига интилса…
Қайнонасининг илиқ муомаласидан рози келин унинг ҳурматини жойига қўйиши оиланинг оила сифатида сақлаб қолинишига сабаб эса-да, аммо Бекнинг юриш-туриши боягидай. Элдорнинг ҳам аҳволи бироз ўнгланди.
Дунёда виждон азобидан ортиқроқ азоб йўқ экан. Кампирнинг ўғлидан кўнгли қолди. Йил кетидан йиллар шошиб ўтмоқда. Умр – оқар дарё. Мана, бу йил Интизор ҳам мактабга чиқди. Акаси билан бирга ёзади, чизишади. Орадан шунча вақт ўтса-да, кампирнинг хаёлидан фолда айтилган “тобут” кўтарилмасди…
Бугун ҳавонинг авзойи бузуқ. Кечаси билан Элдор безовталаниб чиқди, куз ҳавоси ўзгарувчан. Қайнона инқиллаб ўрнидан турди-да, келинига: “Сен бироз дам ол, Элдор билан биз овқатланамиз” – дея набирасининг хонаси томон йўналди. Замира индамади, унинг қизарган кўзлари жуда хомуш эди.
Элдор ҳеч нарса емади, кўзларини ҳам очгиси йўқ. Бувисига қарагисиям келмади, ойисига: “Ойи, адам келдими бугун?” – дея сўради, унинг нафас олиши оғир эди. Хонага жимлик чўкди. Дунёда онаизорга бундан ортиқ азоб борми? Югургилаб кирган Интизор Элдорнинг ёнига ўтирди-да, акасининг қўлларини сийпалади. У катталардай акасига насиҳатомуз сўзларди.
– Сиз хафа бўлманг, ака, адам эртага келаркан, шофёри айтди.
Элдор кўзларини юмиб, бошини қимирлатди. Бу қиз бу гапни қаердан олди — ўйларди кампир. “Сенлар бошқа болалардай эркаланишни ҳам билмай яшаяпсизлар, болажонларим, оталарингга бир кун инсоф бериб қолса, ажабмас” — кампир эзилиб кетди.
Кечга бориб, Элдор кўзини очмай қўйди. Отасини кимдир бошлаб кирганида Элдор тилдан ҳам қолганди. У отасининг сўнгги сўзларини эшитолмади. Эндиги оҳ-воҳлар кимга керак?!
Элдорнинг ўлими бувисига қаттиқ таъсир қилганди. “Вой болам-а, менинг тобутимга тушган болам-а, сен яшасанг бўлмасмиди-я, болам” – дея бўзларди у.
Элдорнинг “етти”си куни катта ойиси ҳам бандаликни бажо айлади. Дуои-фотиҳа қилмоқ учун келганлар Бекниёзга нафрат ила боқардилар.
Маъракалар боис, Бек билан Замиранинг ўртасида муомала бўлиб турди. Баъзан бир-биридан қайтган инсонларни ҳам қайғу бирлаштиради, тескари бўлган эр-хотинлар қайта қовушиб кетадилар. Ушбу ақида бу бечораларга насиб этмади. Бекниёз ич-ичидан қисиларди, чунки у одамларнинг кўзларига қаролмасди.

(Давоми келгуси сонда).

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат