Алоқа | Обуна

“Тест билимдони” энди 10-синфларда!

Фаол ўқувчилар зиёлилар билан эсдалик учун суратга тушишди.

Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси ҳузуридаги таълим кенгаши томонидан Юсуф Сарёмий номидаги 107-сонли лицей мактабида 10-синфларнинг ўқувчилари ўртасида “Тест билимдони” танлови бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз: вилоятимизда 11-синфлар битирувчилари орасида 8 маротаба ана шундай танловлар ўтказилган эди. Бу йилдан эътиборан эса, 10-синфларнинг ўқувчилари орасида ҳам ягона миллий тест шакли (формати)да танлов ўтказиш бошланди.
Мазкур танловни ўтказишнинг асосий мақсади ҳақида таълим кенгашининг аъзоси Шуҳрат Сидиқметов ўқувчиларга тушунтириб берди.
– Мана, бу йил танлов жараёнининг шартларига янги ўзгартириш киритиб, ўқувчиларнинг ягона миллий тест (ЯМТ)га тайёргарликларини эртачироқ бошлаш, уларда айни борадаги тажрибалар ва билимларни орттириш мақсадида 10-синфлар ўқувчилариниям мазкур танловга жалб этдик. Бундан бизнинг асосий мақсадимиз тадбирни ўтказиш жараёни эмас, балки ана шу тадбирга қадар бўлган ўқувчиларнинг тайёргарлик жараёнларини “ёшартирган” ҳолда, қизиқувчиларнинг қамровини кенгайтиришдан иборатдир.
Масалан, бугунда ўтаётган танловга ҳар бир мактабдан, тегишли ўқувчиларнинг, фақат 10 фоиз қисмигина иштирок эта олади. Айни вазиятда мактаб раҳбарияти ўша 10 фоиз ўқувчилар сафига энг кучлиларни танлаб олиш учун, барча ўқувчилар орасида синов ишларини олиб боради ва юқори балл эгаллаб юрган ўқувчилар танланади.
Шунинг учун ҳам, ўқувчилар аълочилар сафига кириш учун ҳаракат қиладилар. Бундан келиб чиқадиган хулоса шу-ки: ҳар бир ўқувчи тайёргарликдан ўтади ва шу жараён вақтида қатнашчилар ўзларига анча маълумот олиб, билимлари кучая боради.

Ўқувчилар тест топшириқларини бажаришмоқда.

Кейинги йиллардаям ушбу танловимизни давом эттириб, унга 7-, 8- ҳамда 9-синфлар ўқувчиларини ҳам қатнаштириб, турли олимпиадалар ўтказиш режамизда бор, – дея гапини тугатди таълим кенгашининг аъзоси.
Танловга вилоятимиздаги мактаблардан директорлар ва мудирлардан жами 82 нафари иштирок этган бўлишса, тест топшириш учун келган ўқувчилар сони 500 нафар бўлди. Ташкилотчи: вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси ҳамда вилоят билим бошқармаси, ҳомийлар — Бадриддин Нишонқулов, Фароғат ҳожи Ҳожиметова ҳамда “Жануб жарчилари” газетаси. Уларнинг кўмаги билан бошқа кўпгина ташкилотчилик юмушлари қаторида, тушликка 60 килограмм ош дамланди.
“Тест билимдони” танловининг кун тартиби бўйича эрталабки соат 8:00 да мактаб даргоҳига ташриф буюрган ўқувчилар илиқ кутиб олиндилар. Танлов маросимининг очилиши соат 8:30 да бўлиб, синов топшириш арафасида турган ёшларимиз олдида қатор фаолларимиз сўзга чиқишиб, ўқувчиларни танлов шартлари билан тўлиқ таништириб ўтдилар ва уларга омад тилашди.

Қарноқ қишлоғи ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Ҳусан Садиров ҳам фаол ўқувчиларни қутлади.

Шу билан биргаликда, тестдан аввал ўқувчиларга Баҳодир ака Нуралиев ўз маслаҳатларини бериб, ўқувчиларни ютуқларга чорловчи эзгу ниятларини билдирди.
Соат 9:00 да ўқувчилар синфларга жойлашиб, 9:30 да тест жараёни бошланди.
Анча катта тайёргарликлар билан ўтказилган ушбу танловда, нафақат ўқувчилар, балки мактаб директорлари, мудирлар ҳамда устозлар фаол қатнашдилар.
10-синфларнинг ўқувчилари амалдаги йилда биринчи марта мазкур танловга қатнашаётганликлари учун, улардаги ҳаяжон ҳисси юқорироқ бўлди. Шунингдек, қатнашувчилар орасида ютуқлар сари интилиш ва қизиқиш яққол сезилиб турди. Демак, ушбу танлов уларнинг келгуси йилларда тест топширишларида ва янада юқорироқ натижаларга интилишларида катта тажриба бўлиши аниқ. Шунингдек, мазкур синов, нафақат тест тадбирининг ўтказилиши, балки бошқа қатор қизиқарли ва фойдали дастурлари билан ҳам қизиқ ва сермазмун бўлди.

Е. Иззатуллаев номли мактаб жамоасига совғалар муборак!

Соат 14:30. 4 соат давомида тест саволларига жавоб берган ўқувчилар тушлик қилиб, вилоят ўзбек драма театри жамоаси томонидан намойиш этилган “Сохта бемор” дея номланган спектаклни томоша қилишди.
Шу вақтнинг ўзида тест варақчаларини махсус комиссия аъзолари сканердан ўтказишиб, натижаларини текширишди.
Спектаклдан кейин замонавий илм-фаннинг асосий хусусиятлари мавзусида М. Авезов номидаги ЖҚДУ профессори, математика фанлари доктори Бахтиёр Исмоилов ўқувчиларга маъруза ўқиди. Профессор томонидан фундаментал фанларнинг роли, саноат инқилоблари, компьютер сўзи нимани англатиши, нанотехнологиялар нега ривожланмоқда мазмунидаги саволларга жавоблар қайтарилди.

Бадриддин Нишонқулов: “Тест билимдони” муҳим ва керак танлов!

Ўқувчиларнинг кўнгилларини кўтариб, уларни руҳлантириш ниятида театр актёри, таниқли сўз устаси Рустам Саидхўжаев ўз ҳазиллари билан кўпчиликка кулги ва шодлик бағишлади.
Сўнгра профессор Неъматжон Алметов томонидан “Муваффақият калитлари: ўспиринлар учун етти имконият” мавзусида ажойиб тренинг уюштирилди. Бунда профессор инсоннинг муваффақиятга эришиш йўлида қандай фазилатларга ёндашиши кераклиги ва муваффақиятли инсон бўлиш учун нима ҳаракатлар қилиши кераклиги ҳақида кўп фойдали маълумотлар бериб ҳамда тренинг борасида ўқувчиларнинг ҳам ўз фикрлари билан иштирок этишларини таъминлади.

Бундай қизғин паллада “Жануб жарчилари” медиахолдингининг жамоаси қўл қовуштириб, қараб турмайди!

Шу вақт орасида тест натижалари чиқиб, ғолиблар маълум бўлди. Бунда, дастлаб яхши натижалар кўрсатган, лекин биринчи ўнликка кира олмаган 20 нафар ўқувчига “Жануб жарчилари” газетаси томонидан “Фахрий ёрлиқ”лар ва қимматбаҳо совғалар берилди. Кейинчалик мазкур танловнинг энг кучли ўн нафар ўқувчиси аниқланди. Мана, улар:
1-ўрин – Юсуф Сарёмий номидаги 107-сонли лицей мактабининг ўқувчиси — Мафтуна Сайдалихон қизи Захриллаева, 132 балл;
2-ўрин – Туркистон шаҳридаги Е. Иззатуллаев номли умумий ўрта мактабнинг ўқувчиси — Сарвиноз Юсуфжон қизи Аминжонова, 118 балл;
3-ўрин – Маҳмуд Қошғарий номидаги гимназия мактабининг ўқувчиси — Фузулий Эрметов, 114 балл;
4-ўрин – Ал-Форобий номли 113-сонли умумий ўрта мактабнинг ўқувчиси — Зиннурахон Анвар қизи Сайдалихонова, 112 балл;
5-ўрин – 1-сонли гимназия мактабининг ўқувчиси — Гулноз Олжабоева, 110 балл;
6-ўрин – Маҳмуд Қошғарий номли лицей мактабининг ўқувчиси — Исмигул Сотиболдиева, 109 балл;
7-ўрин – 3-сонли “Қозоғистонга 30 йил” гимназия мактабининг ўқувчиси — Фабиана Собиржон қизи Абдуллаева, 109 балл;
8-ўрин – Юсуф Сарёмий номидаги лицей мактабининг ўқувчиси — Севинч Сапарова, 109 балл;
9-ўрин – Е. Иззатуллаев номли умумий ўрта мактабнинг ўқувчиси — Роза Тўлқин қизи Эргашбоева, 107 балл;
10-ўрин – Е. Иззатуллаев номли умумий ўрта мактабнинг ўқувчиси — Давлат Шавкат ўғли Тўхтамуродов, 107 балл.
Ушбу ўқувчилар “Фахрий ёрлиқ”лар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, энг юқори кўрсаткичга эришган ўқувчиларни тайёрлаган устозларга ҳам вилоят билим бошқармасининг “Ташаккурнома”лари тақдим этилди.

Профессор Неъматжон Алметов жуда қизиқарли, мароқли ва фойдали тренинг ўтказди.

Танлов натижаларига кўра, яна энг кучли 10 та мактаблар номи аниқланди ва уларнинг раҳбарларига вилоят таълим бошқармаси томонидан “Фахрий ёрлиқ”лар ҳамда 1-ўринга принтер, 2- ҳамда 3-ўринларни эгаллаганларга “доска”лар совға қилинди.
Танловга якун ясар эканмиз, Фароғат ҳожи Ҳожиметова, Бадриддин Нишонқуловга, “Жануб жарчилари” медиахолдинги, Юсуф Сарёмий номидаги 107-сонли лицей мактабининг ходимларига, вилоят ўзбек драма театри жамоаси ва раҳбари Икромжон Ҳошимжоновга ўз миннатдорчилигимизни билдирганимиз ҳолда, уларнинг ишларига ривож ва ҳаётларига қут-баракалар тилаймиз.

“ЖЖ” МАЪЛУМОТИ:

Энг юқори балларни эгаллаган 10 та мактаблар рўйхати

Индира ҚАЮМОВА,
Шимкент шаҳридан
махсус мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат