Тамакидан воз кечиб, ўпка саратонига қарши курашамиз!

Тамаки инсон организмининг душмани эканлигини яхши билсалар-да, кўпгина эркакларимизнинг ушбу зарарли одатдан воз кеча олмасликларининг гувоҳи бўлиб туриб, ушбу мақолани тайёрлашни жоиз, дея билдим.
Хўш, ҳурматли ўқувчи! Тамаки инсоннинг қайси органларига кўпроқ таъсир қилади? Қон босимининг ошиб кетишига ва томирларнинг торайиб, тромб ҳосил бўлишига ҳам унинг таъсири борми? Тамакидан воз кечиш ҳаётимизни қандай бахтсизликлардан сақлаб қолади? Уни тинмай чекувчилар, ҳақиқатдан ҳам, ўпка саратонига дучор бўлишадими?
Бугун мана шулар сингари саволларга атрофлича жавоб излаб кўрамиз.
Ҳа, тамаки чеккан инсоннинг қон босими ошади ва томирлари торайиб, унда қон айланиш функциясига халал берувчи тромблар ҳосил бўлади. Тамаки чеккан инсонлар — чекмаганларга нисбатан — саратон касаллигига 20 фоиз кўпроқ дучор бўлишади.
Астма, бронхит, юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва инфаркт каби хавфли касалликларнинг пайдо бўлиб, инсон организмининг вақтидан олдин “кексайиши”да ҳам тамаки муҳим аҳамият касб этади.
Илмий тадқиқотлардан маълум бўлиши-ча, тамаки тутуни таркибида 3 мингдан кўпроқ зарарли моддалар бор экан. Шулардан никотин, аммиак, карбонат ангидрид, бензол кабилар одам организмининг барча аъзоларига, жумладан, нафас олиш аъзоларига зарарли таъсирларини кўрсатади.
Диққат! Сиз учун жудаям фойдали!
- “Агар мен тамакидан воз кечганим билан бир кун келиб, яна давом эттираман” – деган кишилар, ундан бирданига воз кечманг, ишни аста-секинлик билан бошланг!
- Кўпроқ сув ичинг!
- Кўзларингизни юмиб туриб, 10 марта енгил нафас олинг ва: “Иложи бўлса – чекмайман!” – дея такрорланг!
- Нима учун тамакидан воз кечганингизнинг ҳақида ўйланг: ортиқча маблағ сарф қилиш чўнтангизга зарар келтирганмиди? Аёлингиз доим: “Сиздан сассиқ ҳид бурқираб туради!” – дея шикоят қилганмиди? Соғликни биринчи ўринга қўйган эдингизми?
- Сиз тамакидан чиқаётган бадбўй ҳидлар билан аёлингиз ва фарзандларингизнинг ҳам организмларини заҳарламайсиз.
- Севимли машғулотингиз билан кўпроқ шуғулланинг!
Масалан: тамаки тутуни таркибидаги карбонат ангидрид қоннинг эритроцитлари таркибидаги гемоглобин билан бирикиб, мия, юрак ва бошқа ҳаётий муҳим аъзоларнинг кислород билан таъминланишини бузади.
Тамаки тутунининг таркибида рак касаллигини келтириб чиқарувчи 50 дан ортиқ канцероген моддалар бор.
Чекувчи ўз организмини заҳарлашидан ташқари, атрофдаги одамларнинг соғликлари учун ҳам катта зарар етказади. Чекувчиларнинг оилаларидаги болалар доимо зарарланган ҳаводан нафас олганликлари туфайли, уларда нафас аъзоларининг яллиғланиши ва аллергия касалликлари кўп учрайди.
Чекувчилар диққатига: сиз тамакидан воз кечиш туфайли, биринчи навбатда, саратон касалликларига қарши курашган бўласиз! Шундай экан: “Эртадан тамаки чекмайман!” – демасдан туриб, бугундан ҳаракат қилинг. Ахир, биз учун соғликдан ортиқроқ бойлик борми ё бўлиши мумкинми?
Азиз муштарий!
Тамакидан воз
кечсангиз:
l 20 дақиқадан кейин, қон босимингиз нормаль ҳолатига қайтади;
l бир кундан сўнг, инсонда инфарктга чалиниш хавфи камаяди;
l сиз жамоат жойларида ўзингизни эркин тута оласиз, илло, тамакининг ёқимсиз ҳиди сизни ва бошқаларни безовта қилмайди;
l тамаки чекишни бас қилсангиз — ўзингиз истеъмол қилган ҳар қандай маҳсулотингизнинг мазасини сеза оласиз;
2-3 ҳафтада зарарланган ўпка ўз ҳолатига қайтади;
l 1 йилдан сўнг, саратон бўлиш хавфи 2 баравар камаяди;
l беш йилдан сўнг эса — оғиз, бурун, томоқ саратонига учраб қолмасмиканман, деган саволни ўзингизга бермасангиз ҳам бўлади. Сабаби: тамакидан бош тортиш туфайли, сиз организмингизни бундай касалликлардан қутқарган бўласиз;
l 15 йилдан сўнг организмингиз чекмаган инсонларнинг организми каби соғломлашади.
Қани, энди бир хулосага кела оласизми?
Биласизми?
Сигарета чеккан одамни ит қопмайди. Хўш, нега? Тамаки чеккан инсон эса, вақтлар ўтиши билан оёқ-қўллари, тиззалари ва бели оғриб, ҳассага таяниб қолади. Ҳасса тутган одамга эса, ит — раҳмдиллик қилгани учун — яқинлашмайди.
Тамакини кўп чеккан инсонларнинг уйларига ўғрилар киравермайди. Сабаби: кўп чекувчилар тинмай йўталиб чиқишади, ўғрилар эса: “Уй эгаси ҳали ухламабди-ю” – дея ўйлашади.
Тамаки чеккан кишилар 80-90 ёшларга етаверишмайди.
Шифокордан
фойдали маслаҳат…
Ҳар икки йилда бир марта скрининг (касалликларнинг олдини олиш) назоратидан ўтинг! Ўзингиз истиқомат қиладиган жойдаги тегишли тиббий муассасага бориб, қон босимингизнинг қандай эканлигини текширтиринг. Скрининг чоғида ичак саратони, қанд диабети, глаукома касалликлари бор-йўқлигини аниқланади.
Ҳар тўрт йилда кўкрак ва бачадон саратонига қарши текширувдан ўтишни унутманг! Агарда ўзингиз шифокор маслаҳатларига қулоқ тутиб, керакли муолажаларни ўз вақтида бажарсангиз — сиз кўплаб хавфли касалликларнинг олдини олган бўласиз!
Сизни скрининг текшируви учун чақиришдими, барча ишларингизни кейинга қолдириб, шифокорингизга мурожаат қилинг.
2000 нафар аёллар текширувдан ўтганларида — улардан 6 нафарида кўкрак бези борлигини аниқладик. Ушбу 6 нафар аёлларимиз вақтида дори-дармонларни қабул қилишиб, соғлом инсонлар сафига қўшилдилар, уларнинг ҳаётлари сақланиб қолди.
Агарда тегишли текширувлар бўлмаса — бундайин аёлларнинг кейинги ҳаётлари қандай кечишини тасаввур қилиб кўринг.
Албатта Оллоҳ билгувчидир!
Ўктамхон Муҳиддин ўғли ҚОДИРОВ,
Шимкент шаҳар
12-сонли касалхонаси профилактика бўлимининг мудири.
Свежие комментарии