Алоқа | Обуна

Тадбиркорнинг иши осон эмас!

“Тадбиркорлик осон иш эмас, бунинг учун инсондан сабр-тоқат, билим, замонавийлик, ҳисоб-китобни яхши билиш, энг кераги — ҳалоллик талаб этилади. Мен тадбиркорликни ҳалолликдан иборат, дея биламан” – дейди бугунги саҳифамиз меҳмони Ўғилой Омон қизи Тўймуродова.
Ўғилой Омон қизи Тўймуродова 1961 йили 12 май куни Мақтаарал туманининг Береке қишлоғида дунёга келган. Ал-Форобий номидаги ўрта мактабни яхши баҳолар билан тамомлагач, у кишининг ўқишга кириш орзуси бор эди. Аммо тақдир тақозоси билан ўқишга киролмади, барвақт турмушга чиқиб кетди. Умр йўлдоши бу дунёни эрта тарк этди, икки ўғлини ўзи катта қилди.
Ҳаётнинг ўзи қаҳрамонимизни тадбиркорлик соҳасини танлашга мажбур этди. Катта ўғли Музаффардан уч нафар неваралари бор бўлса, кичик ўғли Ғиёсжондан икки нафар неваралари бор. Ўғилой опа қиз фарзандим йўқ, дея нолимади. Чунки кичик келини Санобархон қизидан-да аъло бўлди.
– Қанча йилдан бери савдо-сотиқ билан шуғулланасиз?
– Мен 25 йилдан бери савдо-сотиқ соҳаси билан шуғулланаман. 1992 йилдан буён қуруқ мевалар ва ҳўл мевалар савдоси билан шуғулланаман. Илк бора савдони, аввал ҳўл мевадан бошлаб, ундан сўнг қуруқ мевага ҳам ўтдим.
Эндиликда ўз фаолиятимни Атакент марказидаги “Атакент” бозорида олиб бормоқдаман. Ҳозирги кунда ҳўл мевага нисбатан қуруқ меваларга талаб кучли бўлмоқда. Ҳар бир ўзбек оиласига меҳмонлар ташриф буюришади. Уй бекалари дастурхонни чиройли қилиб безатадилар. Албатта дастурхонлар қуруқ мевасиз бўлмайди. Мен савдонинг, айнан мана шу тури билан шуғулланаётганимдан бахтиёрман.
– Ҳар бир инсоннинг ўз ишида яқин кўмакчилари бўлади. Сизда ҳам шундай кишилар борми?
– Инсон кичик бир иш бошласа ҳам, ўша инсон учун, битта бўлса-да, қўллаб-қувватлаб турадиган одам керак. Ёнида мадад берадиган инсон борлигини сезган одамда ўз ишига нисбатан ишонч кучли бўлади.
Шунинг учун, бизлар бир-биримизга нисбатан ишонч билдирайлик, бошлаётган иши тўғри бўлса, ё маънавий, ё моддий томондан қўллаб юборайлик.
Мени ҳам илк бора тадбиркорликда қўллаб турувчи инсонларим улар – ота-онамдир. Агарда ўз вақтида улар мени шу соҳада қўлламаганларида, бугун мен бундай даражага етолмасдим. Оилада ота-онам бўлса, иш давомида дугоналарим — Атакентдан Венера Паччаева, Шимкент шаҳридан Кенжагул Исмоилова ҳар томонлама ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашди. Улардан жуда миннатдорман ва қарздорман.
– Тадбиркорликнинг сир-асрори нимада?
– Тадбиркорликнинг ҳеч қандай сир-асрори йўқ. Кўпчилик савдо соҳасида бойиб кетган инсонларнинг қандайдир сири бўлади, дея ўйлашади. Бирор синоати бордир-ки, бойиб кетишди, дейишади. Мен тадбиркорликнинг ҳеч қандай сири йўқ, дердим. Тадбиркорликнинг савдо соҳасида шуғулланаётган инсонлар, фақатгина ҳалол бўлсалар — бас. Уларнинг тарози ҳақини емасликлари, харидорлар билан яхши муомалада бўлишлари, ҳар доим жилмайиб, самимий бўлишлари ниҳоятда муҳим жиҳатлардир. Шунинг унутмайлик-ки: “Харидор доимо ҳақ!”.
– Тадбиркорликдан зарар кўрган вақтларингиз ҳам бўлганми?
– 2016 йил 25 ноябрь куни Атакент бозорида катта ёнғин чиқди ва бутун бозор ёниб битди. Катта бозордан, фақатина кул қолди. Шу қаторда менинг ҳам барча олиб келган товарларим ёниб кетганди. Ҳамма сотувчилар билан бир бўлиб, ҳокимиятга мурожаатлар қилдик, мактублар йўлладик. Бизларнинг савдони яна тиклашимиз учун ҳокимият тарафидан ҳеч қандай моддий ёрдам бўлмади. Ҳамма сотувчилар ўзлари учун ҳаракат қилиб, яна ўз ишларини тиклашди. Яна қайтадан оёққа туриш — осон эмас, бу ишни яна қайта бошидан бошлаш, демакдир. Бу ёнғин кўпчиликка қимматга тушди ва зарар кўрган инсонларнинг тезда оёққа туришлари қийин кечди.
– Ёлғиз аёл учун оила тебратиш қийин, дейишади. Шундайми?
– Ҳа, албатта бу – тақдир! Ёлғиз аёл учун оила тебратиш бошида, албатта қийин бўлади. Аммо мен бу қийинчиликларни енгиб ўтдим, яқинларим кўмак беришди. Ҳалол меҳнатимнинг ортидан икки ўғлимни уйлантирдим ва уйли-жойли қилдим. Иккинчи ўғлимни тиббиёт коллежида ўқитдим ва у Береке қишлоғидаги қишлоқ пунктига ишга жойлашди. Уйлар қурдик, келинлар олдим.
– Ҳаётнинг завқи-шавқи нимада, дея ўйлайсиз?
– Мен учун ҳаёт – қувониб, бахтиёр яшаш. Мен касбим туфайли бахтли ҳаёт қура олдим, дея ўйлайман. Агарда инсон, у қайси соҳада ишлашидан қатъий назар, ўзи учун ҳаётнинг яшаш қонуни фидойиликдан, ҳалолликдан, сабрдан иборат, дея билса, вақти келиб, ўша бахтли ҳаётга, албатта эриша олади.
Ишдан уйга чарчаб қайтганимда невараларим ёнимга чопиб келишади, уларни бағримга босиб, эркаласам чарчоқларимни унутаман. Келиним Санобархон: “Ойижон!” – дея ширин гапиради, унинг уй юмушларини қўлимдан олгани, фарзандларимнинг ва невараларимнинг соғ-омонлиги — буларнинг барчаси менинг қувончим, бахтим!
– Самимий суҳбатингиз учун ташаккурлар айтаман, Оллоҳ ишингизга ривож, оилангизга соғлик беришини сўрайман! Газета мухлисларига тилакларингиз бўлса, марҳамат…
– Авваламбор, юртимиз тинч бўлсин. Ҳамманинг хонадонига хотиржамлик тилайман. “Жануб жарчилари”нинг ўзбекзабон газеталар орасидаги шуҳрати доимо ортаверсин!

Сабоҳат МАҲМУРЗАЕВА суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат