Алоқа | Обуна

Тадбиркор – ишлай олсанг омад ёр!

Тадбиркорлик нима — касбми, туғма истеъдодми ё отадан болага, аждоддан авлодга ўтувчи илоҳий иноятми? Бу саволга: “Касб ҳам, истеъдод ҳам, илоҳий иноят ҳам” – дея жавоб бериш мумкин. Ҳақиқий тадбиркор ушбу ишни касб даражасига етказади, бунинг учун, энг аввало, истеъдодини, фикр-у зикрини ишга солади, тажрибали тадбиркорларнинг иш усулларини ўрганади, йиллар давомида меҳнат қилади, изланади.
Ҳисобдан янглишиб, даромад ололмай қолганида ҳам ниятидан қайтмайди. Аксинча, қаерда хатога йўл қўйганини аниқлаб, ишни қайтадан бошлайди, режаларини янада пухталаштиради.
Тадбиркорлик шундай соҳа-ки, бу иш билан шуғулланаман, дея енг шимарган кишиларнинг ҳаммасига ҳам омад кулиб боқавермайди. Айниқса дастлабки кезларда кутилмаган ҳолатларга дуч келиш мумкин. Омадсизлик, ноумидлик, ишларнинг ортга тортиш вазиятлари такрор ва такрор қайталаниши кишида ишга бўлган қизиқишни сусайтириши мумкин. Лекин чин мақсадга етишаман, дея тадбиркорлик соҳасига қўл урган ҳар қандай инсон бундай тўсиқларни енгиб ўта олгандагина шуҳрат қозониши мумкин. Бугун биз сизларга ана шундай юртдошимиз ҳақида ҳикоя қиламиз.
Бу инсон туркистонлик, “Grandmiks” мебель ишлаб чиқариш корхонасининг раҳбари Собиржон Мурзамаъриф ўғли Исҳаков. У киши 1976 йилнинг 16 декабрида иккинчи Макка саналган, улуғ қадамжо — Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси қад ростлаган диёрда оддий ишчи оиласида таваллуд топган. Оилада 4 нафар фарзанднинг иккинчиси саналган Собиржон ака билим даргоҳида яхши кўрсаткичлар билан ўқиса ҳам-ки, мактабни битириши арафаси иттифоқ даврининг тарқоқлик йилларига тўғри келиб, олийгоҳга кириш имкониятидан маҳрум бўлди.
Шундан сўнг оила шароити, ўғил болалик бурчи, ота-она олдидаги улуғ вазифаларни адо этиш тақозоси туфайли меҳнат қилишга, пул топишга киришиб кетди. Тан олиш керак, Собиржон Мурзамаъриф ўғлининг дастлабки йиллардаги тадбиркорлик ишларида анчагина омади чопди.
1998 йилгача кичик савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрган қаҳрамоним оила қуриш арафасида ҳаётига ўзгариш киритишни, қобилият ва маҳоратини ишга солиб, ўзгача янгилик устида ишлаб чиқариш ишларига қўл уришни маъқул кўрди. Натижада, укаси Камолжон билан биргаликда юмшоқ мебеллар ишлаб чиқариш сир-синоатларини ўрганиб чиқишга киришди. Қизиқиш устун келиб, мақсадига тезда эришган йигит эрталабдан, то кечгача ушбу касб устида ишласа ҳам-ки, чарчоқ нималигини билмас, аксинча, яратган янги дунёсига қараб, ўз ишидан роҳатланар, илҳоми ошар, касбига бўлган қизиқиши янада юксалиб борарди.
2005 йилгача, фақат юмшоқ мебеллар ишлаб чиқариш иши билан чекланган тадбиркор Собиржон ака, эндиликда ишини янада кенгайтириб, маҳсулот турларини кўпайтиришга бел боғлади. Халқ талабига жавобан, турли мебеллар, жумладан, ётоқхона, ошхона, болалар ётоқхонаси, офислар, қўйинг-ки, инсониятнинг яшаш даврида керак бўладиган аксар жиҳозларни ишлаб чиқаришга киришиб кетди.
Мақсад: сифатли ҳамда арзон жиҳозлар билан, нафақат ЖҚВ халқини таъминлаш, балки давлатимизнинг барча вилоятларига ўз маҳсулотларини экспорт қилиш, шундайлигича, халқимизга чин маънода яхшилик улашиш, қўлдан келганича шароитга боғлиқ маҳсулотлар етказиб беришни таъминлаш бўлди.
– Инсон ҳамиша мақсад қўйиб, унга интилса, қийинчиликларга қарши тура олса, ҳар қандай шароитда тўғриликни, ҳалолликни ёқласа, ҳаромдан ўзини тийиб, нафсини жиловлай олса, Яратган унга истаган нарсасини муҳайё қилар, интилишига жавобан натижасини берар экан. Мен бунга ҳаётий тажрибам борасида амин бўлдим.
Жиҳозларни ясаш бизга ота мерос ёки туғма талант эмас. Ана шундай нодир касбга бўлган қизиқиш, мақсад сари интилишдир. Ёш тадбиркорларга айтарим: ўз ишингизни бошлашда ҳар қандай тўсиқларга қарши тура оладиган куч-қудрат тўплаб, ишончингизни орттиринг. Албатта натижаси бўлади. Биринчи, иккинчи, учинчи қадамларда омад кулмаса, тўртинчи қадамда яхшилик сизга қучоқ очиб турган бўлиши мумкин, – дея маслаҳат беради суҳбат давомида Собиржон ака.
Анчагина катта майдонни эгаллаб турган корхона ҳудудида ишчилар тайёрлаб қўйган мебелларни кузатар эканман, инсоннинг қўли гул эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Собиржон Мурзамаъриф ўғли Исҳаков Ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий равнақи учун анча улкан ҳисса қўшиб келаётган ажойиб тадбиркорлардан бири эканлигини туркистонлик танишларимдан эшитгандим. Ҳақиқатдан ҳам, ана шундай эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилдим.
Албатта қаҳрамонимизнинг ҳаётига бир назар ташласангиз, унинг ҳам тадбиркорлик ишида бир қанча қийинчиликларга дуч келганлигининг, ишини катта корхонадан эмас, балки ўз уйининг бир хонасидан бошлаганининг гувоҳи бўласиз. Ана шундай ёш тадбиркор ўзининг тиришқоқлиги, интилувчанлиги, қайтмас феъли билан бугунда 150 нафар кишини иш билан таъминлаб ўтирган каттагина корхонанинг раҳбари ҳамдир.
– 2008 йили 15 сотих ер олиб, цех қуриб, уйдан ажралиб чиқдик. У пайтда қўл остимизда 15 нафар уста ишларди. 2009 йили Элбоши Нурсултан Назарбаев йўлланмасидаги “2020 дастури” асосида 20 сотих ер олиб, каттагина цех қуришга киришдик. 2014 йили давлатдан 68 миллион тенге миқдорида кредит олиб, корхонага керакли турли станоклар, асбоб-ускуналар келтирдик. Корхонамизни бутунлай янги технологиялар асосида ишлайдиган техникалар билан таъминладик.
Хом ашёлар, асосан, Хитой, Россия, Белоруссиядан келтирилганлиги боис, жиҳозлар халққа манзур. Хуллас, ишларимиз ёмон эмас. Шаҳар ҳокими Алипбек Ўсербаевнинг шахсан ўзи келиб, цехимизнинг очилиши маросимида иштирок этди. Вилоят ҳокими эса, Туркистонга хизмат сафари чоғида корхонамизни оралаб, юқори баҳо берди.
Айтмоқчиман-ки, амалга оширилаётган ишлар эътибордан четда эмас, ҳамиша назоратда. Бунинг исботи сифатида ўтган йили Алмати шаҳрида ўтказилган энг сифатли жиҳозлар танловидаги иштирокимизни келтириб ўтсак бўлади. Келажакда бундай ишлар бардавом бўлажакдир, – дея бугунги кун ютуқлари билан ўртоқлашди Собиржон Мурзамаъриф ўғли Исҳаков.
Сал кам йигирма йилдан бери муҳим соҳани ривожлантириш, уни ҳар тарафлама чуқур ўрганиш, халққа ишлаб чиқаришнинг турли намуналарини етказиб бериш каби ишлар билан машғул туркистонлик тадбиркор Собиржон ака босиб ўтган йўллар келажак авлодга намуна бўлсин, деган мақсадда ушбу мақолани битишга жазм этдим. Зеро, бойлик, шон-шуҳрат, мол-дунё инсон қўлига бир зумда келиб тушгувчи буюмлар эмас. Уларнинг ортида қанча машаққатлар, уйқусиз тунлар, сабр-тоқатлилик ва, албатта шукроналик ётибди.
Ҳар бир касбни ўрганишда маҳоратли устоз кўрсатган йўл-йўриқлар ушбу касбнинг қанчалар олға силжишида муҳим роль ўйнаши барчага маълум манзара. Собиржон ака бу борада Фарҳод Ғаниевни ўз устози, дея билишини улкан ифтихор билан тилга олди. Ва ҳар бир тадбиркор ёшга манманликни четга суриб, устозлардан ибрат олишни насиҳат қилди. Камолжон ака Йўлдошев эса, ушбу корхонада тўрт йилдан бери фаолият кўрсатмоқда. Собиржон аканинг ўринбосари, яқин маслаҳатчиси. Корхонанинг равнақида Камолжон ака ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ёдимдан кўтарилибди, қаҳрамонимнинг шинамгина хизмат хонасидаги суҳбат, фақат Собиржон аканинг фаолияти билан якун топмади. Унинг оиласи ҳақида ҳам чиройли фикрлар билан ўртоқлашдик. Яъни, тадбиркорнинг рафиқаси уй бекаларидан бўлиб, уларнинг бири биридан чиройли, бири биридан чаққон, бири биридан ширин 3 нафар қиз фарзандлари ва, албатта тоғни урса толқон қиладигандек бир нафар ўғил фарзанди бор. Тарбия-ю ахлоқларига бир ҳавас қилсангиз, уларнинг ўқишга, илмга бўлган интилишлари иккинчи томондан эътиборингизни тортиб турибди.
Қисқа қилиб айтганда, Собиржон ака ҳаётда ҳар тарафлама омадли, бахтли, асосийси, эътиборга лойиқ қирралари кўп инсон экан. У кишининг ўтган йилларига қараб, инсон бир ўринда тўхтаб қолмаслигини, чиройли ҳаёт учун ҳамиша курашиши кераклигини, оила бошчиси сифатида ҳар қандай масъулиятни дилдан ҳис этган ҳолда йўл тутиши лозимлигини туйдим.
Иншооллоҳ, жамиятимизда мана шундай мард ва полвон ҳамда ишбилармон йигитлар сони ҳамиша ортаверсин!

Эътибор
САЙФИДДИН қизи.

One Response to “Тадбиркор – ишлай олсанг омад ёр!”

  1. Шавкатжон
    02.04.2018 at 18:11 #

    Собир ака ишларингизга омад! Фақат юқори чуққилардан курининг! Тоғангиз Шавкатжан

Изоҳ ҳожат