Алоқа | Обуна

Сайрамда бор шундай бир маскан…

Шундай ажойиб бир маскан бор-ки, ушбу даргоҳнинг спортчилари, нафақат Жанубий Қозоғистон вилояти, балки бутун Қозоғистонимизни жаҳон бўйлаб танитишмоқда. Бу – қадим ва қўҳна Сайрам даҳасидаги 12-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби.
Буюк аллома Абу Али ибн Синонинг: “Бадантарбияни тарк этган одам, аксари хароб бўлади, зеро, ҳаракатсиз қолган аъзоларнинг қуввати заифлашади” – деган сўзлари ҳар бир инсонни бадантарбия билан шуғулланишга чорлайди.
Жисмоний тарбия, бу – нафақат инсоннинг ташқи қоматининг келишганлигини, балки унинг бутун аъзоларининг соғлигини таъминлайди, вужуднинг соғлиги эса, инсоннинг эркин ва равшан фикрлашига замин бўлади.
Шундай экан, бугунги саҳифаларимизда биз инсоннинг асл бойликларидан бири саналмиш соғликни яхшилаш ҳамда юртимиздаги спортни ривожлантириш мақсадида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган Намозбой Андоқул ўғли Абдиқулов бошчилигидаги Шимкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўлимига қарашли Шимкент шаҳар 12-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби (аввалги Сайрам тумани 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби)нинг ўтмиш тарихи билан танишиб, унинг шу кунга қадар юритиб келаётган фаолияти ва эришган ютуқлари ҳақидага маълумотларни тўплаб, сиз – муштарийларимизга ҳавола этишни жоиз топдик.
Авваламбор, ушбу спорт мактабининг ўтмиш йилларига ўз диққатимизни тортар эканмиз, унинг тарихидаги турли натижалари ва спорт йўналишидаги тараққиёт босқичларини билиш қизиқарли бўлса керак. Шундай экан, улар ҳақида батафсилроқ Шимкент шаҳар 12-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг ўқув методисти, Қозоғистон маориф аълочиси, Қозоғистонда хизмат кўрсатган спорт арбоби Ибрагимжон ака Тожибоев ҳамда халқаро тоифадаги ҳакам, стол тенниси устози Мирёқуб ака Мирослонов билан қизиқарли суҳбат юритдик.


– Ибрагимжон ака, дастлаб ушбу спорт даргоҳининг кимнинг ташаббуси билан ҳамда қачон очилганлиги, раҳбарлари ҳақида айтиб ўтсангиз?
– Спорт даргоҳи, дастлаб 1984 йилнинг 15 февралида халқ депутатлари Сайрам тумани кенгаши ижроия қўмитасининг 3-59-рақамли буйруғига биноан, Сайрам қишлоғидаги собиқ Калинин номли ўрта мактабнинг эски биносида очилганди.
Мактабнинг биринчи раҳбари Неъматулло ака Тожихонов бўлиб, у киши Калинин номли мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган ва 10 йил давомида, яъни 1994 йилгача спорт мактабига раҳбарлик қилган.
1994 йилдан, то 2010 йилнинг январь ойларигача эса, мактаб бошчилиги менинг зиммамда бўлган. 2010 йилда менинг нафақага чиқишим муносабати билан, мактаб раҳбарлиги Ҳасан Маҳкамбоевга топширилганди ва у киши мактабни шу бугунги кунга қадар бошқариб келмоқда. Мактабимизнинг аввалги номи Шимкент шаҳар ҳокимининг 2014 йил 12 февралдаги 213-рақамли қарорига биноан, Шимкент шаҳар 12-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, дея ўзгартирилган.
– Кўриб турганимиздек, бу ерда ҳамма шароитлар яратилган, буларга эришишнинг ўзи осон эмас, шундайми?
– Мактабнинг аввалги аҳволи ҳақида гапирар эканман, биздаги шароитларнинг жуда оғир бўлганлигини таъкидламоқчиман. Спорт даргоҳимизнинг етишмовчиликлари ва камчиликлари кўп, деярли емрилиб бораётган бир бино эди. Шундай шароит ичида машғулот ишларини олиб борардик. Лекин шунга қарамасдан, бизнинг спорт маконимиз Сайрам туманидаги фаол спорт масканларининг бири саналарди, негаки, спортчиларимиз турли мусобақаларда яхши ўринларни эгаллашарди, юқори поғоналардан кўринишарди ҳамда ажойиб спорт мутахассислари хизмат қилишарди.
Ҳозирги пайтдаги энг етук спорт устозлари ҳам, айнан ўша дамлардан бери машғулот юритиб келаётган инсонлардир. Ўйлайман-ки, буларнинг барчасига шогирдларимизнинг спортга бўлган ҳақиқий иштиёқлари, тинимсиз машғулотлари сабаб бўлса керак.
Кейинчалик, вақтлар ўтиб, вазиятлар шуни тақозо этиб, 2009 йилда мактаб биноси кўчирилишига тўғри келди ва ушбу жараёнлар Сайрам тумани спорт бўлими бошчиси Бауиржон Туманбоев раҳнамолигида бўлиб ўтиб, унинг қўшган ҳиссаси билан мактаб манзили ҳозирги кундаги маконига кўчирилди.
Шу тариқа мактабимиз аҳволининг кейинги йиллардаги яхшиланишида Шимкент шаҳри жисмоний тарбия ва спорт бўлимининг бошчиси Намозбой Абдиқулов ва вилоят маслаҳатининг депутати Руслан Омаровнинг ҳам қўшган ҳиссалари ниҳоятда катта.
Қулай фурсатдан фойдаланиб, Жанубий Қозоғистон вилояти маслаҳатининг депутати, ЖҚВ ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси, тадбиркор Бадриддин Нишонқулов ва “Жануб жарчилари” медиахолдингининг директори Гулираъно Расулованинг исм-шарифларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Спорт мактабимиз ҳувиллаб, мажбуран эски спорт майдонимизни тарк этишимиз керак бўлган бир пайтда бизга ниҳоятда катта кўмак кўрсатиб, янги мактаб биносига эга бўлишимизга ва у ерга кўчиб чиқишимизга яқиндан ёрдам кўрсатган инсонлар, айнан Бадриддин Нишонқулов ва Гулираъно Расулова бўладилар.


У пайтлари Гулираъно синглим Шимкент шаҳридаги “Отырар” телеканалида ишлар эди ва шу туфайли бизнинг аҳволимиздан хабар топиб, жамоамизга ташриф буюриб, бутун мактаб биносини ва шароитларини видеотасвирга олиб, телевизор орқали халқимизга намойиш қилганди. Ўшандай вазиятда биринчи ёрдам қўлини Бадриддин Нишонқулов чўзиб, таъмирлаш ишларини олиб бориш учун, дастлабки 200 минг тенге миқдоридаги маблағни ажратиб берган.
Айнан мана шу инсонларнинг ёрдам қўллари орқали бизлар учун янги имкониятлар эшиги очилиб, мактабимизнинг шарт-шароитлари ҳар томонлама яхшилана бошлаган. Қийинчилик даврида бизга ёрдам берган ҳар бир инсонни ёдда сақлаб, фурсати келганида уларга ўз миннатдорчилигимизни билдириб туришни мактабимиз жамоаси учун муҳим, дея биламан ва уларга спорт мактаби жамоаси томонидан ҳамиша миннатдорчилик билдирамиз.
Бундан авваллари эса, эски бинони таъмирлаш ишлари бўйича ёрдам сўраб, неча бора Сайрам тумани ҳокимиятига илтимос қилганмиз, аммо натижалар бўлмаган.
Сайрам қишлоғи шаҳар таркибига кирганидан сўнг эса, шаҳар ҳокимчилиги томонидан бизнинг мактабга 219 миллион тенге маблағ ажратилиб, эски бино қайта таъмирланиб, ҳозирги аҳволига келтирилди. Бу бизнинг шаҳар таркибига кирганимизнинг энг ижобий томонларидан бири, десам бўлади.
Таъмирлаш ишлари 2016 йилнинг апрель ойида бошланиб, 5 ой ичида тугатилди. Янги бино остонасига қадам босиш бизлар – спорт жамоатчилари учун кўпдан кутилган орзунинг ушалиши бўлди ва шу туфайли бизлар келажакка аниқ мақсадлар қўя бошладик, имкониятларимиз ошиб борди.
– Сизларнинг аввалги шароитда эришилган ва бугунги кунда эришилаётган ютуқларингиз орасидаги фарқлар қай даражада?

Мирёқуб ака МИРОСЛОНОВ:
– Ҳар бир ўқув фаолиятининг йўналишида ўқув-моддий (материал) базаси катта роль ўйнайди. Агар спорт заллари бўлмаса, қулай шароитлар яратилмаса, маблағ ажратилмаса, мутахассис устозлар йўқ бўлса – ҳеч қандай натижалар бўлмаслиги аниқ.
Масалан: ўзим ишлаган вақтлардаги қийинчиликларни яна бир бор эслайдиган бўлсам, 1994-1995 йиллари қишлоқ ҳолати қийин бир аҳволда эди, ойлик маошлар берилмай, маданият ўчоқлари беркитилиб, шу билан бирга, бизнинг спорт мактабини ҳам беркитиб қўйиш арафасида турган бир пайтда туман таълим бўлимининг раҳбари Отабек Қувошев бизни қўллаб-қувватлаб турди, бор-йўғи, 7 нафар одам қолган эдик.
Кейин аста-секин имкониятимиз яхшиланиб, бюджетга пул туша бошлагач, бизга қўшимча штатлар берилиб, мактабимиз ҳар томонлама таъминлана бошлади. Мактабга ажратиладиган маблағ миқдори ҳам кўпайтирилди, бу эса, нафақат ходимларимиз маоши миқдорининг кўпайишига, балки ўқувчиларнинг турли мусобақаларга бора олиш имкониятларига йўл очиб берди. Натижада, турли мусобақаларга қатнашиб, чет элларга чиқишга катта имкониятлар вужудга келди. Айнан ҳозирги кунга келиб, эришган ютуқларимиз ҳақида кейинроқ тўхталишим мумкин.
– Мирёқуб ака, мактабларингизда спортнинг қайси турлари бўйича машғулотлар олиб борилади? Ўқувчилар ва мураббий (тренер)лар сони қанча?
– Ҳозирги кунда мактабимизда спортнинг 8 тури: волейбол, бокс, эркин кураш, дзюдо кураши, стол тенниси, баскетбол, таеквондо ва пауэрлифтинг йўналишлари бўйича машғулотлар олиб борилади. Сўнгги 2017-2018 ўқув йилида 8 та спорт бўлимлари бўйича 854 нафар спортчилар шуғулланишади ҳамда уларни 32 нафар мураббийлар шуғуллантиришмоқда. Штатли мураббий (тренер)ларимизнинг сони 18 нафар, ҳамкорликда ишловчи мураббий (тренер)ларимизнинг сони 14 нафарни ташкил этади.
Уларнинг орасида М. Миросланов ва М. Миржамолов – олий тоифали, Д. Исаметов, А. Эрметов, Б. Тўламетов, О. Сиздиқов, Ж. Тошпўлатов, Ғ. Нурметов, Қ. Иристоев, С. Турсинметов, Ғ. Содиқов ва Р. Содиқов – биринчи тоифали устозлар ҳисобланадилар.
Шунингдек, устозларимиздан О. Сиздиқов, Ғ. Темирбеков, Ф. Аҳмедов, Ғ. Содиқов, Р. Содиқов, М. Миржамолов ва У. Жабборқулов Қозоғистон Республикаси спорт устаси унвонларига эга. Улар билан бир қаторда, ёшларимизни замон талаблари даражасида тарбиялашда устоз-мураббийларимиздан С. Турсинметов, С. Ҳайдаров, И. Ҳайдаров, М. Боранбаев, Ғ. Шерметов, Ш. Дадаметов, З. Ҳусенов, Ғ. Ҳайтметов, Ш. Султоналиев, Ш. Сиддиқов, Д. Қулметова, Ф. Раҳметова, О. Шиналиев, С. Жарилқасинов, Х. Жумабаев ҳамда Э. Юсубжонов елкама-елка фаол хизмат қилиб келишмоқда.
– Ибрагимжон ака, келинг, ўқувчиларнинг эришган ютуқлари борасида ҳам муштарийларимизга сўзлаб беринг…
– Доноларнинг айтган гапи қулоғимда ҳалигача янграб туради: “Биз, худди аквариум ичидаги балиққа ўхшаймиз, у балиқ, фақат аквариум ичида айланади, бизлар эса, денгизга чиқишимиз керак” – деган сўзлари жудаям ўринли айтилган, дея ҳисоблайман. Негаки, инсон улкан чўққини забт этиши учун, битта жойда туриб қолмайин, дунё билан ҳамнафас бўлиши керак. Бизнинг спорт мактабимизнинг асосий шиори ҳам мана шу ҳисобланади. Бу борада биз шу пайтгача анча ютуқларга ва муваффақиятларга эриша олдик, дея ишонч билан айта оламан.
Сабаби: спортчиларимиз, нафақат вилоят ва республика миқёсидаги турнирларда, балки бутун дунё ва Осиё чемпионатларида, шулар сафида Африка, Швеция, Ҳиндистон, Эрон, Россия, Туркия, Корея ва бошқа турли давлатларда ўтказилган халқаро турнирларда иштирок этишиб, юқори ўринлардан кўриниб келмоқдалар.
Спортчиларнинг сўнгги йиллардаги эришган ютуқлари ҳақида мактабнинг илмий бўлим мудири Ўктамжон Мирослонов тўлиқроқ айтиб берди:
– Мактабимизда, асосан пауэрлифтинг, таеквондо, стол тенниси, бокс, эркин кураш, волейбол, дзюдо ва баскетбол бўлимлари кучли ривожланган. Қизларимиз волейбол бўйича ҚР чемпионатларида фаол қатнашиб, мақтовга сазовор ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Стол тенниси бўлимининг 9 нафар ўқувчиси Қозоғистон Республикаси ёшлар терма жамоасининг аъзоларидир. 2016-2017 йиллари 8 нафар ўқувчиларимиз Қозоғистон Республикаси чемпионатларининг ғолиблари аталган, 8 нафар спортчи “ҚР спорт устаси” унвонини эгаллаган. Сарвиноз Мирқодирова Халқаро стол тенниси федерацияси томонидан уюштирилган “HOPES” турнирида қатнашиш лицензиясига эга бўлган.
Пауэрлифтинг бўлимининг 5 нафар спортчилари 2016-2017 йиллари ҚР чемпионатларининг ғолиблари аталганлар, Жавлон Шавкатов 2016-2018 йиллари Дания, Швеция, Литва ва Жанубий Африка Республикаси мамлакатларида ўтказилган жаҳон чемпионатларида чемпион аталган. Таеквондо бўлимининг спортчиси Жавлон Расулметов 2016 йили Астана шаҳрида ўтказилган ҚР чемпионатида чемпион, Азиза Абдуллаева 2017 йилда Атирау шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида совриндор бўлди.
Эркин кураш бўлимининг спортчиси, ҚР ёшлар терма жамоасининг аъзоси Зулфиқор Маҳамедов 2017 йили Қарағанди шаҳрида ўтказилган ҚР чемпионатининг ғолиби аталган. Бокс бўлими спортчиси Бегзод Холметов 2016 йилги ҚР спартакиадасининг ғолиби бўлди.
Бундай ютуқларда уларни мактабда тайёрлашган спорт усталари: стол теннисидан Г. Ҳайитбоева, Г. Эрматова, Г. Ҳусейнова, М. Эшонқулова, М. Илҳомжонова, С. Ирисалиев, О. Азатова, М. Турсуналиева, бокс бўйича Ф. Аҳмедов, таеквондодан У. Жабборқулов, Ж. Расулметов, А. Абдуллаева, пауэрлифтингдан Э. Нуриддинов, Қ. Эгамбердиев, Ж. Шавкатов, эркин кураш бўйича эса, А. Мирзаҳмедовнинг хизматлари катта ва салмоқлидир.
Алмати шаҳрида жойлашган “Шаңырақ” иқтидорли болалар спорт интернат мактабида 5 нафар ўқувчимиз, Шимкент шаҳридаги Б. Саттарханов номидаги спорт интернат мактабида 3 нафар ўқувчимиз ўқишларини давом эттиришмоқда.
2014-2017 йилларда мактабда тайёрланган спортчилар:
ҚР спорт усталари – 8 нафар;
ҚР спорт усталигига номзодлар – 45 нафар;
І-тоифали спортчилар – 26 нафар;
II- ҳамда ІІІ- тоифали спортчилар – 82 нафар.

2014-2017 йиллар оралиғида спорт мактаби қатнашган мусобақалар ҳақидаги маълумотлар:
Жаҳон чемпионатлари — І-ўрин – 3 та, ІІ-ўрин – 2 та, ІІІ-ўрин – 3 та.
Осиё чемпионатлари — І-ўрин – 1 та, ІІ-ўрин – 1 та, ІІІ-ўрин – 5 та.
Халқаро мусобақалар — І-ўрин – 13 та, ІІ-ўрин – 13 та, ІІІ-ўрин – 29 та.
Қозоғистон Республикаси чемпионатлари — І-ўрин – 38 та, ІІ-ўрин – 41 та, ІІІ-ўрин – 37 та.
Қозоғистон Республикаси спартакиадалари — І-ўрин – 6 та, ІІ-ўрин – 4 та, ІІІ-ўрин – 3 та.
– Ибрагимжон ака, бугунги кунда яна қандай ишлар режалаштирилмоқда?
– Бизнинг спорт мактабимизнинг ер майдони 3,09 гектарни ташкил этади. Ҳозирги кунларда спорт майдонини янада кенгайтириш, навбатдаги янги спорт биносининг қурилиши ишлари амалга ошиши арафасида турибди.
Шу билан биргаликда, бизнинг мактаб Шимкент шаҳридаги ўзининг ўқув-спорт моддий (материал) базасига эга бўлган спорт мактабларининг рўйхатига киритилиши режалаштирилмоқда. Ушбу режалар бўйича мактаб ҳудудида 48 м. х 36 м. универсал спорт зали солиниши, қолаверса, қишки ва ёзги спорт майдонлари қурилиши кутилмоқда. Катта стадионимизни жиҳозлаш масалалари ҳам навбатда турибди.
Худо хоҳласа, яқин орада мактабимиз катта бир спорт базасига айланади, бу эса, ўз йўлида спортга алоқадор барча инсонларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортиши аниқ.
Мактабда юритилиб келинаётган тараққиёт ишларининг барчаси, албатта ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Булар, асосан мактаб директори Ҳасан Маҳкамбоевнинг саъй-ҳаракатлари, тинимсиз изланишлари эвазига амалга оширилиб келинмоқда. У кишининг астойдил меҳнатлари, тегишли ҳужжатларни тайёрлаши, керакли маҳкамаларга бориб, суҳбатлашишлари натижасида ўзимиз кўзлаган мақсадларимизга бирин-кетин эришиб келмоқдамиз. Бунда мактаб раҳбари Ҳ. Маҳкамбоевга жамоа жонкуярларидан Т. Усмонов, Ш. Ёқубжонов, Ў. Мирослонов, М. Забборхонов, Ш. Эрметов, А. Тожибеков, О. Сотиболдиев, О. Абдураимов ва бошқалар яқиндан кўмак беришмоқда.
– Мактабларингизда қандай тадбирлар ўтказилиб турилади?
– Президентимизнинг халққа йўллаган Мурожаатида шундай сатрлар бор: “2020 йилга келиб, Қозоғистон халқининг 30 фоизи доимий равишда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиши керак!”.
Шунинг учун, ҳамма ерда оммавий спортни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Масалан: бизнинг мактабимизнинг ички мусобақаларидан ташқари, ҳар йили икки даҳадаги мактабларнинг ўқувчилари ва ўқитувчилари орасида жадвал бўйича октябрь ойидан, то май ойигача мусобақалар ўтказилиб борилади ва ниҳоясида баҳсларга якун ясалиб, ғолиблар тақдирланади.
Шулар билан биргаликда, бизда 14 йилдан буён ҳар йили 5 май куни қишлоғимизда яшаб ўтган ажойиб устоз, меҳнат фахрийси, ҚР маориф аълочиси, марҳум Мирсовур ота Мирсолиевнинг хотирасига бағишлаб: “Хотира – муқаддас!” – дея номланган эстафета мусобақасини ўтказиш анъанага айланган. Булардан ташқари, мактабимизда буюк шахслар, оламдан ўтган ҳурматли инсонлар, Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари – З. Ҳусанов ва Б. Содиқов номига атаб, мусобақалар ўтказиш яхши йўлга қўйилган.
* * *
Шимкент шаҳар 12-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарихига якун ясар эканмиз, улар ҳақида ўз фикримизни баён этишни лозим топдик. Мазкур маскан 1984 йилдан, то шу кунга қадар ҳар қандай қийинчиликлар ва етишмовчиликларга бардош бериб, бугунги кунгача фаолият юритиб келаётганлигини улкан ғалаба, дея ҳисоблаймиз. Буларнинг барчаси мактаб жамоасининг бирдамлиги ҳамда юқорида исм-шарифлари келтириб ўтилган инсонларнинг фидокорона меҳнатлари самараси, дея биламиз.
Шулар билан биргаликда, Ибрагимжон ака Тожибоевнинг ўз касбига нисбатан бўлган фидойилигини ҳам алоҳида ажратиб айтиш керак. Негаки, ушбу инсондан мактаб тарихини эшитар эканмиз, у кишининг мактаб келажаги учун жон куйдириб, имкониятлар сари йўл очишда катта хизматини сингдирганлигини пайқаш қийин бўлмади. Токи, дарахтнинг илдизи маҳкам экан, унинг ҳеч қанақа шамоллар-у ёмғирлардан қўрқишига сабаб йўқ бўлганидек, токи, раҳбарлик тепасида кучли инсонлар турар эканлар мактабнинг гуллаб-яшнашига ҳеч қанақа тўсқинлик йўқ, дея биламиз.
Мазкур мактабнинг бугунги кунгача эришган муваффақиятларига гувоҳ бўлиб, ҳамюртларимизнинг эришган ютуқларини билиб — буларнинг барчасидан мағрурланамиз, улар юртимизнинг донғини чиқариш учун жуда катта меҳнат сарфлаганликларини тушуниб етамиз.
Спорт мактабининг бугунги ҳолатини кўрганда эса, кўзлар қувонади: ҳаммаёқ янги, шинам ва гўзал. Шундайин довруғи баланд, улкан ҳамда гўзал спорт масканидан бундан-да кўп чемпионлар ва спорт усталари етиштириб чиқарилишига тилакдошмиз ва умид қилиб қоламиз.
Эзгу истагимиз-ки: юртимиз байроғини жаҳон спорт ареналарида ҳилпиратиб, мамлакатимиздаги энг кучли спорт маскани номланиш сизларга насиб этгай!
– Суҳбатларингиз учун раҳмат! Янада кўплаб ютуқларга эришишларингизга тилакдошмиз!

Шимкент шаҳридан: Индира ҚАЮМОВА
суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат