Алоқа | Обуна

«Сайрам туҳфалари» – барча қозоғистонликлар учун!

Меҳнат қилган элда азиздир. Ҳозирги пайтда тадбиркорлик ишлари ривожланиб кетган давр ҳисобланади. Келган даромаддан кўпроқ ўз фойдасини кўзлайдиганлар ҳам орамизда борлиги барчамизга аён. Қийинчилик давридан ўтиб, бир неча кишиларни иш ўрни билан таъминлаш, уларни меҳнатига яраша рағбатлантириб туриш ҳамманинг қўлидан келадиган иш эмас…

Пишиб етилган олмаларга яна ширин шафтолилар, яна бошқа хилдаги мевалар аралашгани учун умумий ҳиддан уларни ажратиб олиш қийин кечади. Бир текисда айланаётган ленталар устидан табиатнинг туҳфалари ила тўлдирилган банкалар тинимсиз ҳаракатланиб турибди. Ишчилар чеҳраларидаги кулги, ўзаро ҳазил-мутойиба билан мевалар ҳамда сабзавотларни банкага жойлаштирмоқдалар. “Сайрам туҳфалари” МЧБда энг қизғин палла…


Ўтган асрнинг 80-йилларида бу консерва заводи В. И. Ленин номли колхозга қарашли эди. Кейинроқ “Шымпласт” МЧБ томонидан сотиб олинган бўлиб, 2014 йилдан “Сайрам туҳфалари” МЧБнинг қарамоғига ўтказиб берилган. Шу пайтдан эътиборан, корхона фаолияти кескин ўзгара бошлади. 21 миллион банкадан ортиқ тузланган ва қайнатилган маҳсулотлар, нафақат бизнинг вилоятимизни, балки Қозоғистондаги бошқа вилоятларни ҳам консерваланган маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса бўлиб қўшилди.
– Қўлловлар натижасида биз мана шундай ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эриша олдик. Европадаги ишлаб чиқариш механизмларини келтириб ўрнатганимиздан кейин, консерва заводимизнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичи соатига 6000 дона банкага етди. Биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳақидаги давлат программасидан унумли фойдаланаяпмиз. “Бизнеснинг йўл харитаси — 2020” дастури бўйича ёрдам кредитларини олганмиз, субсидия ҳам олдик.
Хуллас, ҳар куни давлатимизнинг бизга кўрсатаётган ғамхўрлигини ҳис этиб, шу билан биргаликда, ишни пухта ва уддабуронлик билан олиб бораётган Элбошимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бизнинг хаёлимизда давлат бошида турган Н. А. Назарбаев, фақатгина доно сиёсатчи, буюк инсон эмас, балки Қозоғистоннинг ривожланишини чин қалбидан истаган, унинг олдинга қараб силжишини, ҳар бир қозоғистонликнинг ҳаёти яхшиланишини хоҳлаган раҳбардир.
Қозоғистонда барча миллатлар ва этнослар ўз бизнесини, тадбиркорлигини ривожлантиришда тенг ҳуқуқлидир. Бу, албатта, биринчи навбатда, давлат бошчисининг олиб бораётган доно сиёсати туфайлидир.
Шунинг учун ҳам, мен раҳбарлик қилаётган ҳар иккала корхонада ишчиларимиз иноқликда, ўз меҳнатининг самарасини кўриш ва барча қозоғистонликларга меҳнатлари эвазига яратилган маҳсулотларни сотиш ниятида бир тан, бир жон бўлиб ишлашмоқда, – дейди “Шымпласт” МЧБ ҳамда “Сайрам туҳфалари” МЧБ президенти Сармонбой ака Сафаров.
Битар ишнинг бошига, яхши келар қошига, демоқчи, корхонанинг даромади ҳисобидан кўпгина хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили Сайрам даҳасида жойлашган 4-сонли интернат мактабидаги 20 нафар болани бош-оёқ кийим-кечак билан таъминлаш йўлга қўйилган. Масжидларга ёрдам сифатида 8 миллион тенге, жумладан, 2,5 миллион тенге Иброҳим ота масжидининг ичига иситгичларни ўрнатиш учун, 3,5 миллион тенге Сайрам даҳасининг марказида жойлашган масжид ёнидаги мадрасанинг тепа қисмини беркитиш учун сарфланди. “Исфижоб” поликлиникасининг ерларини расмийлаштиришда ҳам мана шу корхонанинг беминнат хизматлари бор.
Инсон қанча яшаганлиги билан эмас, қандай яшаганлиги билан эътирофга лойиқдир. Орамизда мана шундай саховатпеша инсонларимиз бор экан, ҳали меҳр-муҳаббат, инсонийлик фазилатлари бизни тарк этмаганига аминмиз.
Ишларингизга ривож тилаймиз, “Сайрам туҳфалари” жамоасининг аъзолари!

Гулбаҳром АБАТОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат