Алоқа | Обуна

Санъат – ҳаётининг мазмуни!

Устоз – отангдек улуғ, деганлари бежиз эмас. Ота ҳаёт беради. Устоз эса, яшашга ўргатади. Туғилишдан кўра, яшаш қийинроқ…

Ўткир ҲОШИМОВ.
40 йиллик педагогик фаолиятим давомида кўплаб устозлар, ўқувчилар, ота-оналар билан мулоқотда бўлдим. Айниқса Қозоғистон Республикаси Мустақилликка эришган 1991-1995 йилларда аҳоли орасида янгича фикрлаш, ўйлаш, келажакка умид ва ишонч руҳи ҳукмрон эди.
Ўша йилларда Турбат қишлоғидаги Туроб Тўла номидаги ўрта мактабда ҳам турли тадбирлар юқори савияда ташкил қилинарди. Мактабнинг математика фани ўқитувчиси Лесбек оға Дарханбаев раҳбарлик қиладиган синфда — Шаҳодат Орипова, Фурқат Тошев, Неъмат Амирсаидов, Жалол Нуъмонов, Саидусмон Охунов ва Музаффар Маҳаматовлар ҳар бир тадбирда жонбозлик кўрсатишар эди.
Мусиқа фани ўқитувчиси Баҳодир Муродов (Оллоҳ раҳматига олсин) барча тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзоларини жалб қила оларди. Ўша ўқувчилар орасида ўзининг ташкилотчилик қобилияти билан Музаффар мирзо ажралиб турарди.
Ҳикоямиз қаҳрамони 1993 йили асосий мактаб курсини тугатиб, Тошкент қурилиш лицейида, сўнгра Тошкент индустриаль-педагогика техникумида таҳсил олди. 1999-2001 йилларда Тошкент шаҳрида меҳнат қилди. Кейинчалик оилавий шароитига кўра, она қишлоғига қайтиб, 2002 йилда “Қазанның ХХХ жылдығы” (“Октябрнинг ХХХ йиллиги”) умумий ўрта мактабида устозлик фаолиятини бошлади. 2006 йили М. Авезов номидаги ЖҚДУни касб таълими мутахассислиги бўйича тугатиб, олий маълумот олди.
Иш фаолияти давомида жамоат ишларига фаол қатнашган Музаффар Қазиғурт тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси кенгашининг аъзоси сифатида элга танилди. Доноларнинг айтишлари-ча, элни маърифат асрайди, у элни тарраққий эттириб, эзгу ниятлари, орзу-умидларига етказади.
Устоз зиммасида келажаги буюк давлатнинг комил, ҳар томонлама баркамол, маънавий ва ахлоқий пок, ватанпарвар, инсонпарвар, меҳнатсевар инсонларини етказиб беришдек юксак вазифа ётади. Ана шундай вазифаларни амалга оширишда доимо Ҳақни дилга жо қилган ҳолда, шогирдларини мудом ўзига мададкор, дея билиб, касб ўрганишга, ўз ишининг устаси бўлишга ундаб келади.
Музаффар мирзонинг шогирдларидан Жаъфархўжа Баҳодиров Жанубий Қозоғистон Давлат университети меъморчилик факультетининг 2-босқич талабаси. У устози билан ҳақли равишда фахрланади.
Турбат қишлоғида ўтказиладиган маданий тадбирларда Музаффар қишлоқ клуби ходимлари Муҳаммадиёр Смайлов ва Абдулбоқи Собитовлар билан ҳамкорликда эл хизматида.
40 ёшини қаршилаётган Музаффар мирзонинг камтарона хизматлари муносиб баҳоланиб, у «Офарин-2012», «Жамоат фидоийси» ва «Қозоғистон Халқ ассамблеясига 20 йил» кўкрак нишонлари ва туман таълим бўлимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Оилада меҳрибон ота Музаффар волидаи муҳтарамаси Розияхон аянинг суянган тоғи, оила посбони, турмуш ўртоғи Наргизахон билан олти нафар фарзандларни тарбиялашмоқда.
Шогирдим Музаффар мирзони таваллуд айёми билан муборакбод этиб, хонадонига бахт-саодат, тинчлик-хотиржамлик, ишларида ижодий парвозлар тилайман.

Баҳром СОБИТОВ,
Қазиғурт туманидаги «Қазанның ХХХ жылдығы» умумий ўрта мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат