Алоқа | Обуна

Самарқанд – Осиё марвариди!

Яқинда Е. Юсупов номли 104-сонли мактаб жамоаси директоримиз Ҳ. Жамолова бошчилигида Самарқандга сафар уюштирдик.
Самарқанднинг юраги бўлмиш Регистон майдони, Темурийлар оиласининг хилхонаси ҳисобланадиган Гўри Амир мақбараси, “Самарқанд марвариди” деган номга сазовор бўлган Шоҳи зинда ансамбли, Бибихоним, Ал-Бухорий мақбараларини зиёрат қилдик.
Мазкур шаҳар жуда гуллаб-яшнаган жаннатмакон жой экан. Унинг бу қадар гўзаллигига Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қўшган ҳиссалари жуда кўп.
Мактабимизнинг тарих фани ўқитувчиси Шоҳруҳ Шомуҳсинов муаззам Самарқанд заминининг тарихий жойларини кўрсатиб, унинг тарихини айтиб берди.
Шаҳардаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни кўришга бутун дунёдан сайёҳлар келадилар.
Самарқандга ташриф буюрган ҳар қандай меҳмон, сайёҳ каби бизлар ҳам Шарқнинг ўзига хос савдо мажмуаси сифатида танилган Сиёб деҳқон бозорига бордик. У ердаги миллийликни алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур бозор олти юз йиллик тарихга эга.
Архитектуранинг ноёб дурдоналарига бой бўлган айни шаҳарнинг тунги кўриниши ҳам инсонга ўзгача бир завқ-шавқ беради.
Самарқанд шаҳри ўзининг бетакрор обидалари билан Осиёдаги бошқа минтақалардан ажралиб туради. Шаҳарнинг улуғворлиги ва қадимийлиги инсон кўнглига яна бир ажиб туйғу солади.
Бутун дунёни лол қолдирган Самарқанд оши ҳамда нони энг машҳур неъматлардандир.

Шаҳноза ҲАЙИТМЕТОВА,
бошланғич синф ўқитувчиси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат