Алоқа | Обуна

Ревматоит артрит безовта қилса…

Инсонлар ҳаётлари мобайнида қанчадан-қанча касб эгаларининг хизматларидан фойдаланиб, яшашади. Бу, нафақат ҳаёт қонуни, балки яшашимиз учун ҳам керакли ишлардандир. Бундай ҳизматларнинг турлари кўп, айниқса инсон саломатлиги учун бўлса.
Бизларнинг саломатлигимиз ҳақида қайғурадиган, доимо эл хизматига шай оқ халатли шифокорларни алоҳида тилга олисак арзийди. Шундай шифокорлардан (“Береке”) “Аsia Medik-AS” клиникасида ревматолог, кардиолог, эндоскопист сифатида ўз хизмат фаолиятини юритаётган Умаржон Маҳаммад ўғли Эшметов билан суҳбатда бўлдик.
Эшметов Умаржон Маҳаммад ўғли 1982 йил 10 октябрда Қорамурт қишлоғида таваллуд топган. Гагарин номидаги 56-сонли ўрта мактабни тамомлаган. Туркистон шаҳридаги халқаро қозоқ-турк университетида умумий врач йўналишида ўқиди. 2008 йили эндоскопия соҳаси бўйича Павлодар шаҳрида 3 ой, 2009 йили кардиология соҳаси бўйича 4 ой ўқиб, малакаларини янада ошириш имконига муяссар бўлди.
– Умаржон ака, сиз яқинда малака ошириб келдингиз. Таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз…
– Яқинда Санкт-Петербург шаҳрида малака ошириш курсини ўқиб, конференцияларга қатнашиб келдим. Албатта ўша ёққа “Байир” фармацевтика компанияси ҳомийлиги остида боришга муваффақ бўлдим. Ҳозирги кунда медицина соҳасидаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш билан бир қаторда, ревматология соҳасининг янги диагностикаси, клиникаси, янги даволаш усуллари ҳақида ўргандик. Ревматологиянинг ичида ревматоит артрит, остир артирост касалликлари ва бошқа касалликлар бўйича тажрибаларга эга бўлдик.
– Малака ошириш курсига борганингизда касбингиз билан боғлиқ қандай янгиликлардан хабардор бўлдингиз?
– Мен учун жуда кўп нарса янгилик бўлди. Масалан, бизларда ишлатилмайдиган, ревматологияда, энди қўлланилаётган керакли анжомлар, аппаратлар Санкт-Петербургда ҳукумат тарафидан беморлар учун текин ишлатиларкан. Бизда эса, булар, энди қўлга олинмоқда. Даволаш усулларида ҳам янгиликлар кўп, биз, фақат эшитардик, бориб, кўриб, гувоҳи бўлишга ҳам сазовор бўлдик. Медицинада бундай янгиликлар бизларнинг клиникага ҳам янгилик сифатида киритилишига ишонаман. Санкт-Петербургда ревматология соҳасида 300-350 минглик дорилар беморларни даволаш йўлида фойдаланилмоқда.
– Қайси касалликлар бўйича беморлар кўп мурожаат этишади?
– Аксар беморлар касалликни ўтказиб юборганлар, шундайлар кўп мурожаат қилишади. Ундан кейингина касалликларининг олдини олишга ҳаракат қилиб бошлайдилар. Халқимизда: “Касалликнинг эмас, балки касалнинг олдини олиш керак” – деган нақл ҳам бор. Айтмоқчи бўлганим: бундай беморлар даволанадилар, аммо даволаниш жараёнлари қийин кечади, маблағлари ҳам оз кетмайди. Касаллик бошланганида олдини олиш учун ҳаракат қилсалар, соғлиги ҳам тез тикланади, ҳам сарфлайдиган маблағи ёнига қолади.
Санкт-Петербургда касаллар бошланмасидан аввал келиб, олдини олишади. Уларнинг ютуқлари ҳам, айнан шунда, дея биламан. Бизларда бўғинларга, тиззага, бўксаларга протез қўйилади, бундай ҳолат кўп кузатилади. У ёқларда бундай ҳолатлар, деярли кам учратилади. Сабаби: улар касалликнинг олдини олишади.
– Ревматоит артрит билан оғриган инсонларга ҳукумат томонидан ёрдам бериладими?
– Бир йил давомида ревматоит артрит билан оғриган инсонлар 300-400 нафарни ташкил этса, улардан оғир ҳолдаги беморларга ҳукумат тарафидан 300-350 минг тенгелик миқдоридаги дорилар текин берилади. Икки йил давомида бутун Қозоғистон бўйича 8 та одамга шундайин бепул дорилар билан кўмак кўрсатилганига гувоҳ бўлдим ва улар даволаниб, яхши бўлиб кетишди. Ревматоит артрит билан оғриган инсонлардан йил давомида мурожаат этганларидан 8 тасига бундайин ёрдам кўрсатилиши жуда ҳам оз. Агарда ҳаммасига бирдек тиббий ёрдам кўрсатиш керак бўлса, ҳукуматдан жуда ҳам катта миқдорда пул зарур бўлади. Маблағи етарли бўлган инсонлар дори-дармонларни ўзларининг ҳисобларидан сотиб олганлари яхши.
– Умаржон ака, вақтингизни ажратиб суҳбат қурганингиз учун сизга ташаккур! Доимо эл хизматига шай инсонлардан бўлиб, инсонлар саломатлиги йўлида ҳеч қачон чарчаманг, оилангизга барака, соғлик тилайман. Газета мухлисларига тилакларингиз бўлса, марҳамат!
– Газета инсонларнинг маънавиятини оширади, шундай экан, доимо газета ўқиш учун вақт ажратайлик. Ҳаммангизга соғлик, ишларингизда ривож тилаб қоламан!

С. МАҲМУРЗАЕВА
суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат