Алоқа | Обуна

Рақобат – муваффақиятлар гарови!

Танловга қизиқувчилар сони ортиб бормоқда, нега? Сабаби, инглиз тилини билган кадрларга талаб кучли эканлигига аста-секинлик билан кўз етказаяпмиз. “YBTR” — «Ёшлар билим ва тафаккур рақобати» танловининг мақсади ҳам ёшларнинг инглиз тилини янада мукаммал ўрганишларига ҳисса қўшишдан иборатдир.
“Sayram students Association” ташкилоти, Жанубий Козоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси ҳамда вилоят таълим бошқармаси томонидан ҳамкорликда уюштирилган “YBTR” — «Ёшлар билим ва тафаккур рақобати» – дея номланган танловнинг 3-босқичи бўлиб ўтди. Финалга 10- ҳамда 11-синфларнинг 65 нафар ўқувчилари йўлланма олишган эди.

Уч йилдан бери ўтказилиб келинаётган мазкур илмий баҳснинг бу йилги ўзгачалиги шунда-ки, эндиликда унда иштирок этувчи мактаблар сони ортди, шунингдек, жорий йилда танловга рус ва қозоқ тилли мактабларда таълим олаётган ўқувчилар ҳам иштирок этишди – илгарилари мазкур конкурсга, фақат Сайрам туманидаги мактабларнинг ўқувчилари иштирок эта оладиган бўлсалар, ушбу сафар ЖҚВ бўйича барча мактаблар орасида ўтказилди.
Учинчи босқичда 3 соат давомида «SUBJECT» тестини топширганларга ва мусобақага иштирок этмаган ўқувчиларга Назарбаев университети талабалари томонидан ривожлантирувчи тренинглар ҳам ўтказилди.
Тест натижалари чиққунига қадар, вилоят ўзбек драма театри жамоаси томонидан «Қашқир улиган тун» спектакли қўйиб берилди. Жуда таъсирли бўлган мазкур спектакль томошабинларнинг ҳаётга нисбатан бўлган тушунчаларини яна бир бор қайта ўйлаб чиқишларига сабаб бўлади, десам муболаға эмас.
“YBTR” танлови билан биргаликда, “Инстаграм” ижтимоий тармоғида фотомусобақа ҳам ташкиллаштирилган эди. Бунда энг кўп «лайк» йиққан сурат муаллифи Собиржон Давлатов, «энг креатив» расм бўйича Баҳром Ҳожиметов ҳамда Зулайҳо Жўрабекова тақдирландилар.
Мукофотлаш маросимида уч нафар профессорлар — Бахтиёр Исмоилов, Неъматжон Алметов ҳамда Бобур Абдураҳмонов ёшларга омад тиладилар.
Шунингдек, “YBTR” конкурси асосчиси Аҳрорбек Турдалиев мазкур мусобақа тарихи, мақсади ва ўзгачаликлари ҳақида тақдимот (презентация) ўтказиб берди.
10-синфлар орасида “YBTR” танлови бўйича Нилуфар РАСУЛМЕТОВА 1-ўринни (совғаси-нетбук); Акбар ШАТИЕВ 2-ўринни (совғаси-фотоаппарат); Зайнаб АҲМАДАЛИЕВА 3-ўринни (совғаси-қимматбаҳо овоз эшитиш мосламаси (наушник)) қўлга киритдилар.
11-синфлар орасида “YBTR” конкурси бўйича Шаҳзод ҲУСНИДДИНОВ 1-ўринни (совғаси-ноутбук); Ойжамол ҲАВАЗМАТОВА 2-ўринни (совғаси-планшет ҳамда тренажёр билакузуги); Юлдузхон ТУРҒУНОВА 3-ўринни (совғаси-принтер) эгалладилар.


Алоҳида таъкидлаб ўтиш даркор: ғолибларнинг кўпчилиги Дилором Мирсолиева раҳбарлик қилаётган “Global Education Sayram” ўқув марказининг тингловчилари. Кўриниб турибди, ушбу ўқув маркази устозлари бор билимларини ўз тингловчиларига ўргатишмоқда ва уларни рақобатбардошликка ундашмоқда.
Ғолибларга совғаларни “NiK group” директори ўринбосари Г. Расулова ҳамда вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси билим кенгашининг раиси Б. Нуралиев тақдим этишди.

Юлдузхон ТУРҒУНОВА, Ю. Сарёмий номли 107-сонли лицей мактабининг 11-“Д” синф ўқувчиси:
– Мен мазкур танловда уч йилдан бери қатнашаман. Бу йил 3-ўринни қўлга киритдим. Менда “IELTS” сертификати бўлгани учун, тўғридан тўғри 3-турга ўтдим. Якуний турда математика ва физика фанларидан яхши балллар тўплаганим учун, 3-ўринни қўлга киритдим.
Математикани яхши билганим боис, унчалик қийин бўлмади, лекин физика фанидан топшириқлар мураккаброқ бўлди. Шунга қарамасдан, астойдил ҳаракат қилдим.
Биринчи марта 9-синфда қатнашганимда олий ўринни қўлга киритиб, Астана шаҳрига саёҳатга бориб келган эдим. 10-синфда иккинчи бор иштирок этиб, илғор 10 талик сафида бўлдим. Бу йил эса, мана, принтер соҳиби бўлдим.

Шаҳзод ҲУСНИДДИНОВ, Ю. Сарёмий номли 107-сонли лицей мактабининг 11-синф ўқувчиси, 11-синфлар бўйича ғолиб:
– Уч йилдан бери иштирок этаман. Биринчи ва иккинчи йиллари, ҳатто-ки,илғор 10талик сафига ҳам кира олмаганман. Энг яқин инсонимга: “Келаси йили, албатта ғолиб бўламан!” – дея ваъда берганман. Сўзимнинг устидан чиқиш учун қанчалар меҳнат қилдим.
Бу ўринда менга ёрдам берган “Global Education Sayram” ўқув маркази ҳамда мактабдаги устозларимга ташаккур изҳор этаман. Шу инсонлар туфайли, мен мана шундай натижаларга эришдим. Суянч тоғларим бўлган ота-онам менга ҳар томонлама ёрдам беришди. Улардан чексиз миннатдорман.

Зайнаб АҲМАДАЛИЕВА, 92-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси:
– Мен мазкур танловда 10-синфлар орасида учинчи ўринни олдим. Айни конкурсдаги иштироким ўзимга жуда ёқди. Келаси йили ҳам қатнашиб, ғолибликни қўлга киритишга ҳаракат қиламан. Эндиги сафар бу, албатта қўлимдан келади, деган умиддаман.

Аҳрорбек ТУРДАЛИЕВ, танлов асосчиси, Назарбаев университетининг талабаси:
– Ушбу танловни ўтказишимизда ҳомийлик қилган “NiK” корпорациясининг президенти Бадриддин Нишонқулов, Жанубий Қозоғистон педагогика коллежининг директори Ифтихор Юнусов, Сайрам тумани маслаҳатининг депутати Файзулла Алиқулов, тадбиркорлардан Эрали Ниёзалиев, Раҳматулло Азимбоев, Абдураҳмат Ниёзқуловларга, бизларга йўл-йўриқ кўрсатган Баҳодир ака Нуралиев, Гулираъно Расулова ва Алишер Сотиболдиевларга раҳматларимизни айтамиз.
Шунингдек, инглиз тилининг муҳимлиги ҳақида иштирокчиларимизга тушунтириб берган Неъматжон Алметовдан ҳам миннатдормиз!
Назарбаев мактабидан волонтёрларни таклиф қилгандик, улар ҳам тиним билмай биз билан бирга ишлашди. “Биз билан бирга!” – дея номланган волонтёрлар клубининг аъзолариям ўтказган мазкур танловимизни қўллашди.
Меҳмонларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун чиройли саҳна асарини қўйиб берган театр жамоасигаям ташаккуримизни билдирамиз!

Г. МАҚСАТОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат