Алоқа | Обуна

Ота изидан борган ўғил

Фарзандлар олдида оталик бурчини ҳис этиш, масъулиятни тўлиқ бажариш, тарбия бериш орқали намуна бўла олишдек ҳаракатлар Маҳкамбой отанинг меҳнатларини жавобсиз қолдирмади. Эрталабдан то кечга қадар бир неча ташкилотда ҳисобот бўйича иш юритган Маҳкамбой ота кечқурунлари ҳам фарзандлари гувоҳлигида аллақандай ишларни амалга оширар, айни шу фазилати билан ҳалол меҳнат қилаётганлигини уларга исботларди.

Отасининг саъй-ҳаракатларидан андаза олган фарзандлар бугунда унинг изидан бориб, улкан ютуқларни қўлга киритишди, муваффақиятлар қучишди, асосийси, халқига хизмат қилишдек улкан вазифаларни адо этишмоқда. Шулардан бири — Туркистон шаҳридаги “Маҳкамбой ота” қурилиш дўконининг раҳбари Ғайрат акадир.
Бу масканга ташриф буюрган ҳар қандай инсон қурилиш ишлари бўйича барча молларни топиши мумкин. Юқори савияда кўрсатилаётган хизмат сифати эса — қувонарли. Моллар халқ кўнглидан чиқиб, юқори даражада баҳоланмоқда. Биз ҳам бундай омадли инсоннинг шу кунларда эришган ютуқларига бефарқ бўлолмадик. Туркистонлик Ғайрат акани суҳбатга чорлаб, у кишининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдик.
1963 йили иккинчи Макка саналган, тарихи теран Туркистон шаҳрида таваллуд топган Ғайрат Маҳкамбой ўғли болалигидан ота касбига алоҳида кўнгил қўйди. Бошланғич таълимни шаҳардаги Ҳамза номли мактабда эгаллаган ёш йигит 8-синфни битириб, Тошкент шаҳрига йўл олди. У ерда Янгийўл шаҳрида жойлашган техникумда таҳсил олиб, ҳарбий хизмат сафига чақирилди. Ва икки йиллик йигитлик бурчини Ленинград шаҳрида адо этади.
– Отам Маҳкамбой ака Улуғ Ватан урушининг қатнашчиси бўлган. Шум йиллар уни бир бармоғидан айирганига қарамай, у биз – фарзандларини ҳалол едириб-ичиришга, тўғри йўлда яшашга ундаб келди. Ҳақиқий эр йигитлардек, она-Ватан олдидаги бурчни адо этишдек улуғ фазилатни онгимизга жо этди. Оилада 6 нафар ўғил, 2 нафар қиз фарзанд бўлдик. Шунга қарамай, дадам барчамизни ўқитди, уйли-жойли қилди. Бугун сиз қизиқаётган ютуқларнинг ҳаммаси дадажонимнинг беминнат хизматлари эвазигадир, – дея ота тарбиясини фахр тутди суҳбатдошим.
Ўқиши ҳамда Ватан олдидаги бурчларини муносиб адо этган ота ўғил она шаҳрига қайтиб, ишга киришди. Аввало, фаолиятини ошхона очиб, унга мижозларни жалб қилишдан бошлаган Ғайрат ака, кейинчалик қандолат цехини ишга туширди. Ана ундан кейин эса, қанд ҳамда конфетлар ишлаб чиқариш цехи, новвойхона, шунингдек, дўконлар, заводлар, эшик ҳамда ромлар ишлаб чиқарувчи устахоналар очиб, фаолиятини кенгайтириб борди.
– Бугунда, қўлимизда 200 нафардан ортиқ йигитлар ишлашмоқда. Ойлик маош ўртача 120 000 тенгени ташкил этади. Шунингдек, қиш ҳавосида эрта тушган қор совуғи эвазига биз уларга кўмирларни текин тушириб, ёрдам қиламиз, – дейди суҳбатдошим мулоқот чоғида.
Қўша-қўша фирма ва дўконлар, ишлаш жойларини ташкил этган Ғайрат ака ярим асрлик ёшдан ўтса ҳам-ки, ҳаракатдан тўхтаб қолгуси йўқ. Билаги кучга тўлган бир пайтда, имкон қадар ишлаш, эл-у юртига чинакам хизмат қилиш, эл корига яраш каби ишларни амалга ошириш илинжида. Келажакка тузган режалари-ку жуда пухта. Спорт комлекслари ҳамда болалар майдончаларини ташкил этиш каби улуғ ишларни амалга оширажак. Мақсад, ёшларни бекорчиликдан озод этиш, келажак чемпионларига қайсидир маънода қўллов кўрсатиш, ёш авлоднинг соғлом турмуш тарзини яхшилашга ҳисса қўшишдир.
– Бугунда мени ҳайратга соладиган ва, албатта хафалантирадиган биргина нарса – ёшларнинг дангасалиги, енгилтабиатлиги, ишёқмаслиги, шунингдек, ношукурлигидир. Аксар ёшларимиз биздаги ойлик маошга қаноат қилишмайди, четга чиқиб ишлашга, мўл даромад топишга шошилишади, тезроқ бойиб кетиш, қиммат машина миниш каби босқичларни ўйлашади. Ваҳоланки, уларнинг айримлари оила даврасига қайтиш бахтига муяссар бўлишса, айримлари шу тарафларда қолиб кетадилар. Яна бошқалари эса, тузалиб бўлмас ва ўзи топган пули етмас хасталикка дучор бўлишади.
Аслида, биздаги ойлик маош ҳам яхшигина. Ўқиган, давлат хизматида фаолият юритадиган кишиларники билан баробар ҳисоб. Иш вақти ҳам чегараланган (8 соат). Лекин, бунга қаноат йўқ. Аммо ўзбекистонлик йигитлар учун бизнинг маош қувонарли. Сизга айтсам, ишчиларимизнинг аксари ўзбекистонликлар.
Меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат… Ёшлигининг олтин даврларидан бошлаб, ҳалол ишлаш, тўғри йўлда пул топиш, инсонлар ҳожатини чиқариш, айни шу хусусияти билан фарзандлар тарбияси борасида ўрнак бўла олиш каби улуғ ишларни амалга оширган бугунги саҳифамиз қаҳрамони Ғайрат Маҳкамбой ўғлини миллатимиз фахри, десак адашмаган бўламиз. Қоқилса-да, меҳнатга қоқиладиган, фақат ва фақат тўғриликни, ҳалолликни ёқлайдиган, ёшларни меҳнат қилишга, ўз пешона тери билан мол-дунё тўплашга ундовчи Ғайрат акага келажак ишларида ривож, муваффақият, омад-у иқбол ёр бўлишини астойдил тилаб қоламиз ва у кишининг ёшларга берар маслаҳатларига қулоқ тутамиз.
– Ўзбек миллатининг ифтихори саналган ёшларимиз ҳамиша омон бўлишсин! Аввало, улар инсонийлик хусусиятларини онгига сингдирган, тушунчаси мўл инсон даражасига эришсинлар. Оталаридан муносиб тарбия олиб, шукурчиликни, ҳалолликни, тўғриликни, асосийси, меҳнатсеварликни ўрганишсин. Бирон иш бошлашда ўзларига устоз топишсин, ҳар бир поғонага ўз куч-қудрати, ғайрати билан етишсин. Ўз-ўзига ишонган ҳолда юқори даражага эришишсин. Ёшликнинг олтин даврларида ўқиб, билим олишсин, ўз устларида ишлашсин, миллатимиз номини кўкларга кўтаришсин, – дея суҳбатини якунлади Ғайрат Маҳкамбой ўғли.

Султоной НИШОНБОЙ қизи.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат