Алоқа | Обуна

Қорин дам бўлганида…

Қориндаги дам, ғулдираш каби ноқулайликлар сизни тез-тез безовта қилиб турадими? Ундай бўлса, ушбу мақоламиз сиз учун.
Тиббиётда метеоризм, дея аталадиган ушбу жараённинг келиб чиқишига сабабчи бўладиган касалликлар жуда кўп. Масалан: бу керагидан ортиқ еб қўйилган таом ёхуд ошқозон ё ичаклардаги сурункали хасталиклар оқибати бўлиши мумкин…
Саҳифамиз меҳмони — Туркистон шаҳридаги “АМИНА” клиникасининг терапевт шифокори Даус Аминович Бабаханов муштарийларимизнинг қорин дам бўлиши ҳақидаги саволларига жавоб беради.
– Қорин нимага дам бўлади?
– Агарда нотўғри овқат истеъмол қилинса, уйқу олдидан кўп ва тўйиб овқатланилса, шунингдек, ҳамма овқатга ноннинг қўшиб ейилишидан қорин дам бўла бошлайди.
Ҳўл меваларимизнинг аксарият қисми чет элдан (Хитойдан) келтирилади. Шу ҳўл мевалар, кўпинча дориланган бўлади. Шундай меваларни, ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилганлик учун ҳам қорин дам бўлади. Одатда, одамлар овқатдан кейин совуқ сув ва чой ичишга одатланиб қолишган, бу эса, умуман, нотўғри. Биринчи чой ичиб, кейин овқат ейишлари керак.
– Инсон эрталаб уйғонганида қорнининг дам бўлганлиги одамга сезилади, уйқудан уйғониши шу сабаб қийинлашадими ёки одам организмидаги иммунитетига боғлиқми?
– Иммунитетга ҳам боғлиқ, албатта, лекин қон кам бўлса, уйқусизлик, организмга керакли овқатларни емаслик, вақтида овқатланмаслик иммунитетнинг сусайишига олиб келади. Агарда ишда компьютерда кўп ишласангиз, вақтида дам олмасангиз, мияга салбий таъсир этади. Ҳаддан ташқари кўп ишлаш ҳам зарар.
Эрталаб уйғониш қийин бўлишига шулар ҳам сабаб бўлади. Кечки соат 18.00 дан кейин оғир овқат истеъмол қилмаслик керак. Қаранг-ки, сиз ишлаб, роса чарчагансиз ухлаб дам олмасангиз бўлмайди, тўғрими, организм ҳам худди шунақа, етарлича ишладими — дам олиши керак.
Сиз ётар олдидан тўйиб, оғир овқат еб ётдингиз, сиз дам олаяпман дейсиз-у, лекин эрталаб уйғонишингиз қийин бўлади. Агар сиз ухлаётганингизда тўйиб овқатлансангиз организм дам олмасдан ишлайверса, эрталабгача сиз қанақа дам оласиз, ахир, организм дам олмасдан ишлаб турибди. Худди шундай оғир овқат емасдан, дам олсангиз — организм ҳам, сиз ҳам яхши дам оласиз ва эрталаб уйғонишингиз осон, кайфиятингиз аъло бўлади.
– Чақалоқларда қорин дам бўлишига сабаб нималар бўлиши мумкин?
– Эмизувчи аёллар чақалоқ йиғлаши билан тезда унинг қорнини тўйғазиш пайига тушишади, лекин бу нотўғри. Болани ҳам вақти-вақти билан эмдириш керак. Вақти билан эмдиргандаям боланинг қорни дам бўладиган бўлса, онаси нотўғри овқатлангани, совуқ сув ичганлиги, енгил кийиниб, баъзи тана органларига совуқ ўтказганлиги, қўлини совуқ сувга урганлиги сабаб бўлади.
Бунақа пайтларда шифокор қабулида бўлиб туриш шарт. Фақат чақалоқларгагина эмас, катта ёшдаги одамлар ҳам шифокор кўригидан ўтишлари керак.
– Қорин дам бўлишининг асоратлари нималарга олиб келади?
– Организмга оғирлиги тушади, ҳолсизлик кучаяди ва ошқозон ости безларнинг ишлаш жараёни сусаяди. Вақти-вақти билан овқатланиб, организмга оғирлик туширилмаса, қорин дам бўлмайди.
– Муштарийларимизга тилакларингиз?
– “Оғриб, шифо излагандан кўра, оғримайдиган йўл изла!” – деганларидек, ҳеч қачон касал бўлманглар, вақти билан овқатланиб, вақтида дам олиб юрсангиз — ўзингизга ва ён-атрофдаги инсонларга яхшилик ва яхши кайфиятлар улаша оласиз.

Ўз мухбиримиз.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат