Алоқа | Обуна

“Қорқизларнинг ҳаммаси озғин бўлавермайди!”

Мана шундай дейди таниқли ижодкор Рустам Саидхўжаев. Унинг бизга берган суҳбатида айтиши-ча, бу йил қизиқчининг ўзи Қорбобо ролини ижро этар экан. Хўш, унақада Қорқиз ким экан?
Қуйидаги суҳбат Янги йилдаги байрам кечаларини интиқлик билан кутиб юрган санъатсевар муштарийларимиз учундир!
Эҳтимол, Рустам Саидхўжаев ҳамда Ўринбой Тоиров биргаликда ўтказмоқчи бўлган Янги йил базми ҳақида эшитгандирсиз. Хўш, концертда бизларни қандай янгиликлар кутмоқда? Санъаткорлар билан учрашиб, тегишли жавобларни олишга муяссар бўлдик.
– Ассалому алайкум, Рустам ака ва Ўринбой ака! Ижодда нима янгиликлар? Ҳар иккалангиз ҳам, деярли ҳар куни хизматдасизлар. Концертга тайёргарликлар қандай?

Ўринбой ТОИРОВ:
– Ижодкор ижоддан тўхтаб қолса бўлмайди, шунинг учун ҳам, ижодда янгиликлар киритишга ҳаракат қиламиз. Айниқса ижодимизда 2017 йилда кўп янгиликлар бўлди, дея бемалол айта оламан. Бу янгиликлар, Худо хоҳласа, халқимизга манзур келди ва келади.
Жорий йилнинг якунигача яна янги қўшиқларимни куйлаб, халқимизга намойиш этишга ҳаракат қиламан. Айни дамда тўйлар мавсуми — шунинг учун ҳам кўпроқ тўй хизматларида бўлаяпмиз. Тўй хизматлари билан бўлиб, кўп ижод қилишга вақтимиз етмаяпти. Элимизга тўйларида яна хизмат қилаётганимиздан мамнунмиз, шу хизмат баҳонасида унча кўп вақтимизниям ижодга бағишлай олмаяпмиз.
Янги йилдан сўнг, анча қўлимиз бўшайди, мана шу вақтда ижодга кўпроқ кўнгил бўламиз. Шундай бўлса ҳам, янгилик яратишдан тўхтаганимиз-ча йўқ. Худо хоҳласа, янги йилдаги концерт дастуримизда, озроқ бўлса-да, янги қўшиқларимиздан барҳаманд бўласизлар, деган умиддаман.

Рустамхўжа САИДХЎЖАЕВ:
– Ваалайкум ассалом! Тўйлардаги хизматларимиз ўз йўлига. Дўстим ва ҳамкасбим Ўринбой билан биргаликда халқимизга чиройли концерт бериш ниятимиз бор. Бу аввалдан режамизда бор эди. Бу концерт дастурини янги йилдан аввал ўтказиш насиб этганидан хурсандман.
Имкон қадар, халқимизга янги йилдан аввал янгича чиқишлар, ҳангомалар, кўнгилочар ижроларни тақдим этамиз. Ўринбойнинг ўзининг алоҳида бир байрамона қўшиқлари бор.
– Рустам ака, нима учун ушбу концертга, айнан Ҳалимахоним келаяпти?

Рустамхўжа САИДХЎЖАЕВ:
– Биз Ҳалимахонимни танлаганимизнинг ўзига яраша сабаби бор. “Мирзо” театрида бизлар алоҳида бир номер тайёрлаган эдик. Янги йил арафасида Тошкентда концерт қўймоқчи бўлдик, аммо бу режамиз апрель ойига қолдирилди.
Бу тадбирда Ҳалимахоним Қорқиз образини яратади, камина Қорбобо бўлади. Яъни Қорбобо ва Қорқизнинг алмашиб қолган ҳолатини намойиш этамиз: озғин Қорбобо-ю дўмбоққина Қорқиз. Бу жуда қизиқ ва кулгили бўлади.
Ҳалимахоним билан беш йилдан буён биргаликда ижод қилиб келамиз, шунинг учун ҳам уни танладик.
– Актёрлар концерт дастурида қандай номерлар кўрсатишади?

Рустамхўжа САИДХЎЖАЕВ:
– Концерт дастурига Ўзбекистондан ташриф буюрадиган таниқли актёрлар ва хонандалар бор. Улар, нафақат инсонлар билан мулоқотда бўладилар, балки концертимизда ўзларининг чиқишлари билан томошабинларни мамнун этадилар.
Умид Искандаров тадбирда бошловчилик қилади. Унинг ушбу борадаги тажрибаси мўл. Улуғбек Қодиров, Босит Раҳматовлар ижросида қўшиқлар куйланади. Томошабинлар учун уларнинг совғаси бўлади, десам ҳам муболаға бўлмайди.
Камина, Улуғбек Қодиров, Ўринбой Тоиров учаламиз биргаликда дуэт айтиш ниятимиз бор. Бу дуэт қўшиқни хозирги кунда Тошкент шаҳрида тайёрлаяпмиз. Ўринбой Тоиров, Улуғбек Қодиров, Фарангизларнинг-да янги бир дуэт қўшиғи бор. Ҳалимахонимнинг ҳам Янги йилга ажойиб қўшиқлари бор, яна биргаликда дуэт айтамиз. Фарангиз ва Ўринбойнинг ижросида янги дуэт қўшиқлар ишланаяпти, жонли ижрода куйлашади.
Шимкент шаҳрининг санъаткорлариниям алоҳида тилга олсак арзийди. Уларнинг иштирокисиз бу тадбир чиройли ўтмаса керак. Миркамол Заппархонов ва бошқа шаҳар юлдузлари таклиф қилинган.
Қисқаси, дуэт қўшиқлар бисёр. Ушбу актёрлар билан бир-биримизга боғлиқликларимиз бор бўлгани учун ҳам шу актёрлар ва хонандалар таклиф қилинган. Босит Раҳматовнинг монологлари, янгича чиқишлари бўлади.

Ўринбой ТОИРОВ:
– Янги йилга бўлган янги тилаклар янги қўшиқлар орқали билдирилади. Ўзбекистон ва Қозоғистон мамлакатларининг орасидаги дўстликка бизларнинг ҳам кичкина бир ҳиссамиз қўшилсин, бу дўстликка бир кўприк бўлсак, деган ниятда уюштирилаётган тадбирдир бу.
– Режалаштирилган ушбу концертларингиз неча кун ва қаерда бўлиб ўтади?

Рустамхўжа САИДХЎЖАЕВ:
– Шимкент шаҳрининг “Ҳасан ота” тўйхонасида 2017 йилнинг 26 декабрида, фақат бир кун бўлиб ўтади. Бу концерт каминанинг ва Ўринбой дўстим иккимизнинг концерт дастуримиз, Ўзбекистондан ташриф буюрадиган актёрлар ва хонандалар меҳмон сифатида ташриф буюришади.
Кейинчалик — 14 февраль ва 8 март кунлари ҳам концерт қўйиш ниятимиз бор. Бундай намойишни, мана, Худо хоҳласа, Янги йилдан аввал бошладик, ҳар байрамларда, иложи борича, ҳар хил актёрлар ва хонандаларнинг чиқишлари билан биргаликда олиб борамиз.
– Бундай тадбирдан мақсад нима?

Ўринбой ТОИРОВ:
– Мақсадимиз: Ўзбекистон ва Қозоғистон санъаткорлари орасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, дўстона муносабатларимизни яна ҳам кучайтириш мақсадида шу тадбирлар режалаштирилган ва амалга оширилади.
Байрам концертимизда биз билан бирга бўлинг, азиз юртдошлар! Бу байрам концертимиз ўзгача ва юқори кайфиятда ўтишига чин дилдан аминмиз. Сизларни кутамиз!
– Суҳбатларингиз учун ташаккур! Янги йил байрам концерт дастурингизнинг аъло даражада ўтишига чин дилдан тилак билдираман!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат