Алоқа | Обуна

Онгни ўстириш – узоқ ва давомий жараён!

“Айни жараён билан ҳар куни ва, биринчи навбатда, журналистлар ишлашлари ҳамда шуғулланишлари керак!”.
Сарлавҳамизга чиқарилган ҳамда ундан кейинги гапларни Алмати шаҳридаги Ал-Форобий номли миллий университет биносида ўтказилган Қозоғистон Халқи ассамблеясининг «Тафаккур очиқлиги» мавзусидаги учинчи халқаро медиафорумида Қозоғистон Халқи ассамблеяси раисининг ўринбосари Дархан Минбай таъкидлади.
Бугунги кунда онгимизни ўстириш – замоннинг долзарб талаби. Жамият онгини ривожлантириб, кейин жадал тараққий топаётган мамлакатлар қаторида бўлиш асосий мақсадлардан биридир.
Форумнинг муҳим муддаоси ҳам: оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрнини очиқ эътироф этиш, миллатларнинг ўзаро тенглигини мустаҳкамлаш, касбий этика масалалари ҳамда кўп миллатлилик шароитида оммавий ахборотлар маданиятини ривожлантиришдан иборат этиб қўйилди.
Форумда Қозоғистон Республикаси Парламентининг депутатлари, Германия, Латвия, Россия, Ўзбекистон давлатларининг экспертлари, Қозоғистон Халқи ассамблеясининг аъзолари, республика ва минтақавий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, этномаданият жамоат бирлашмаларининг намояндалари ҳамда журналистлар факультетининг талабалари қатнашдилар.
Халқаро экспертлардан Константин Шембер, Владимир Решетов, Гулнора Абдуназарова ҳамда Роберт Францевнинг, шунингдек, давлатимизнинг етакчи экспертлари – Қимбат Досжан, Қанат Ауесбай, Руслан Идрисов, Қимбат Хангельдина ва Нартай Аралбайулининг семинарлари ҳамда этномаданият бирлашмалари томонидан ташкил этилган оммавий ахборот воситаларининг кўргазмалари мазкур тадбир давомида намойиш қилинди.
Улар билан биргаликда, республика ижтимоий-сиёсий нашри — “Жануб жарчилари” газетаси экспозицияси ҳам кўргазмалар қаторидан ўрин олди.
Форумда Қозоғистон Халқи ассамблеяси раисининг ўринбосари Д. Минбай кўргазмалар билан танишиб чиқди.
Форум якунида Қозоғистон Халқи ассамблеяси ҳар йили журналистика соҳасида ўтказадиган “Шанырақ” танловининг якунини чиқариш бўйича тантанали маросим бўлиб ўтди. Танловда журналистика соҳасида ўзининг кўрсатувлари, мақолалари билан кўзга кўринган ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Форум қатнашчиси,

«Жануб жарчилари» медиахолдинги
директорининг ўринбосари:
Дилноза ҲАСАНОВА.

Тасвирда (чапдан ўнгга): «Жанубий Қозоғистон» газетасининг бош муҳаррири Алишер Сотиболдиев, «Жануб жарчилари» медиахолдинги директорининг ўринбосари Дилноза Ҳасанова, «TÜRKEL» медиа гуруҳининг раҳбарлари — Ҳокума Халилова, Рамиз Мешедигасанли.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат