Алоқа | Обуна

Омад сенга ёр бўлсин, Жамшидбек!

2017 йилда омад кулиб боққан, ўзининг куч-ғайрати, шижоати, талабчанлиги, қолаверса, устозларининг маслаҳатлари туфайли, ҳозирги кунда Америкада билим олаётган ёшларимиз анчагина. Бугун шуларнинг орасидаги Жамшидбек ҳақида сўз юритишни жоиз топдик. Зеро, Жамшидбек ўз дўстларига, тенгдошларига ўрнак бўла оладиган, Қозоғистон номини юксакларга кўтараётган ёшларимиздан биридир.
Жамшидбек Жаматов 2000 йил 30 июлда дунёга келган. М. Мамедов номидаги 111-сонли мактабда 1-синфданоқ аълочи ўқувчилардан бўлиб, ҳамма фанларга қизиқиши, талабчанлиги, дарсларни яхши ўзлаштириши билан устозларининг кўзига тушган.
Бошқаларга ёрдам қўлини ҳар доим чўзадиган, ҳеч кимдан яхшилигини аямайдиган Жамшидбек, дарс вақтида ҳам, дарсдан ташқари вақтларда ҳам дўстлари орасида ўзининг одоби, меҳнаткашлиги, талабчанлиги билан ажралиб турарди. Мактабда инглиз тили ва бошқа дарслар бўйича фан олимпиадаларига қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаган.
У рассомчиликка жуда қизиқар, мактабда бўлиб ўтадиган ҳар қандай тадбирларда ўз қўли билан расмлар чизарди. Тенгқурлари, устозлари билан тил топиша оладиган, оқкўнгил, талабчан, иқтидорли, меҳнатдан ҳоримайдиган ўқувчи бўлиб вояга етган қаҳрамонимиз билан мактаб жамоаси фахрланади.
Мактабда тартиби, интизоми, билими орқасида “Мактаб президенти” унвонига сазовор бўлиб, турли конференциялар, мажлисларда қатнашди. Ўз фикрларини дадил айта оладиган, қийинчиликларга қарамай, ўқишдан, меҳнат қилишдан тинмайдиган бўлди у.
Қўшимча билим олиш, ақлини янада чархлаш мақсадида 8-синфдан бошлаб (2014 йил), “Global Education” ўқув марказида билимини юксалтириб, Қозоғистон Республикаси билан АҚШ мамлакатлари орасидаги “FLEX” — “Чет эллик лидер-ўқувчилар алмашинуви” дастури бўйича ғолиб чиқиб, 2017-2018 ўқув йилида АҚШ давлатида бир йил текин ўқиш гранти соҳиби бўлди.
Яъни ҳозирда Америка давлатида 11-синфни ўқимоқда. У давлатда ҳам ўз талабчанлигини, билимини намойиш эта олди. Спорт мусобақалари бўйича кумуш медаль соҳиби бўлди.
Фанлар орасидаги олимпиада, тест имтиҳонларидан ўтиб, Вашингтон штатига 11 январдан бошлаб, бир ҳафталик дам олишга йўлланма олди. Америкага бориб ўқиш жараёнида унинг билими янада мустаҳкамланиб, анчагина ўзгаришлар рўй берди, мактабда олган билимлари, устозларининг маслаҳатлари, оиласининг насиҳатлари унга жуда ҳам асқатди.
– Бундай юксакларга парвоз қилишимда, билим чўққиларини забт этишимда устозларимнинг, қолаверса, онажонимнинг меҳнатлари катта бўлди, улар мени ҳар доим, ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлашди, менга куч-ғайрат бериб туришди. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, чексиз ташшакур изҳор этаман, – дейди Жамшидбек ҳаяжонларини яшира олмай.
Америка давлатида юриб, Қозоғистон номини янада юксалтираётган Жамшидбекнинг бошқа дўстларига, тенгқурларига ўрнак қилишга арзигулик ишлари анчагина.
Келажакка қўйган мақсадлари юксак: халқаро университетларда тиббиёт соҳаси бўйича кардиохирургия-нейрохирургия мутахассисликларини эгаллашни ният қилган. Бунга эришиш учун у тинмай ўқимоқда, меҳнат қилмоқда.
Биз ҳам Жамшидбекга ўқишларида омадлар тилаймиз. Олдига қўйган мақсадлари сари дадил қадам ташлашига, ҳамма орзуларига, ниятларига етишига тилакдошмиз.
Янги йилда бахт, саодат, эзгуликлар йўлдош бўлсин. Янада юксаклардан кўринавер! Орзуларингнинг ҳаммаси рўёбга чиқсин. Омад сени ҳеч қачон тарк этмасин, деб қоламиз.

Эътибор АҲМАДЖОНОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат