Алоқа | Обуна

“Офарин!” – ҳар йилгидан ўзгача!

Дилтортар куйлар ва наволар, ёқимли ҳамда жозибали хонишлар. Ва, албатта гулдурос қарсаклар, гулгун чеҳралар…
Биз бундай манзарага Шимкент шаҳридаги собиқ “Қозоғистон” кинотеатри, яъни ҳозирги Қозоғистон Халқи ассамблеяси биносида ўтган “Офарин!” фестивалида гувоҳ бўлиб, ижодий жамоамиз билан маданий ҳордиқ чиқардик.
Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси “Офарин!” фестивалини ўтказди.
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ҳамда “Офарин!” фестивалининг ташкил топганига 25 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган “Офарин-2017” фестивали жорий йилда ўзбек миллий мусиқий чолғу асбоблари бўйича жудаям қизиқарли ўтди. Муҳими, ҳамма меҳмонлар мириқиб дам олишди.

Дастлаб саҳнага чиққан “Олтин мерос” гуруҳидан Бахтиёр Рустамбеков танбурни созлаб чалган бўлса, дуторда ўзининг ажойиб санъатини кўрсатган Абдураҳим Инатов, найни боплаб чалиб, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлган қарноқлик Мадина Бабашева, ғижжакчи Файзулло Исроиловлар ўзларининг ҳақиқий талантларини йиғилганларга кўрсатиб бера олишди.
Қорабулоқ қишлоғида ташкил топган “Сардор” доирачилар гуруҳи (бадиий раҳбари: Қодиржон Саидов)нинг намойишидан сўнг эса, залда гулдурос қарсаклар янграб кетди.
Ҳаммамиз интиқлик билан кутган мазкур фестивалда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган “Сато” ансамбли санъаткорлари ҳам ўзларининг чиройли куйлари билан халқимизни хушнуд қила олдилар. Ҳа, ташкил топганига 9 йил бўлган мазкур гуруҳ санъаткорларининг чиқишлари ҳаммамизга ёқди. Тинглаб, ором олдик.
Рубобнинг сир-асрорларини пухта эгаллаган Бекзод Омонхўжаевдан айни сознинг тароналарини, таниқли санъаткор Ҳамроқул Умаровдан сурнайнинг наволарини тингладик.
Шунингдек, ўзбек миллий чолғу асбобларининг бошқа турлари билан чиқишлар қилган барча санъаткорлар олқишларга сазовор бўлишди.
Фарҳод Мансуров раҳбарлигида вилоят ўзбек драма театри қошида ташкил этилган “Ўзбегим” гуруҳи доирачилари, ҳақиқатдан ҳам, фестивалга аъло даражада тайёргарлик кўришибди. Чеҳраларида табассум билан доира чалиб берган ушбу йигитларнинг театрлаштирилган намойишлари узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонларда чуқур таассуротлар қолдирди.
Жорий йилдаги фестиваль миллий мусиқий асбобларда куй ижро этиш йўналишида ўтказилди. Бунинг мақсади Президентимиз Н. А. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида айтилган миллий кодни сақлаш сари қўйилган бир қадамдир. Миллий санъат, миллий мусиқани ўрганиш ва келажак авлодга ўтказиш – ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Фестивалнинг тақдирлаш маросимида ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Бадриддин Нишонқулов, раис маслаҳатчиси Муҳибилло Хожаев, санъаткорлар уюшмасининг раиси Сайдулла Маҳмудов, “Офарин!” фонди директори Собиржон Исаев, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Тоҳир Ҳакимбековлар саҳнага чиқишиб, иштирок этган ҳамма гуруҳларга “Фахрий ёрлиқ”лар ҳамда пулли мукофотлар-у эсдалик совғаларни тақдим этишди.
Тоҳир Ҳакимбеков ўз сўзида миллий мусиқа асбобларини харид қилиб, махсус тўгараклар очишда моддий ёрдам бериш таклифини йиғилганларга бериб, ташкилотчиларнинг келгусидаги иш фаолиятларига омадлар тилади.
Фестивалга ҳомийлик қилган Бадриддин Нишонқуловга унинг иштирокчилари миннатдорчиликларини изҳор этишди.
“Офарин!” гимни билан файзли ўтган тадбир чиройли якунланди. Тадбирнинг иккинчи қисми бир пиёла чой ва ош устида давом этди.

Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси:
– Президентимизнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласига биз ҳам ўз улушимизни қўшайлик, деган мақсадда бу йилги “Офарин!” фестивали ўзгача ўтмоқда. Санъаткорлар уюшмасининг раиси Сайдулла Маҳмудовнинг таклифига биноан, фестивалга, фақат миллий чолғу асбоблари бўйича ижод қиладиган санъаткорларни таклиф этдик.
Ҳамма меҳмонларга, барча иштирокчиларга улкан миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Ҳурматли муштарий! Газетамизни кузатиб боринг. Бизлар севимли ҳафтаномангизнинг келгуси сонларида ўзбек миллий мусиқа асбобларининг жаҳон миқёсида танилишига ҳисса қўшган буюк санъаткорларнинг ҳаёт йўллари ҳақидаги мақолаларни ёритиб борамиз!

Тоир ҚЎЗИЕВ, “Сато” гуруҳининг бадиий раҳбари:
– Мен Қозоғистонда ҳам миллий мусиқа санъатига қизиқувчи инсонлар борлигидан ғоятда хурсанд бўлдим. Саҳнага чиққан вақтимизда ижроларимизни томошабинлар жим ўтириб тинглашаётганидан илҳомланиб кетдик.
Шу ўринда, миллий мусиқанинг умри узунлигини-да айтиб қўяйин. Бизлар рубоб, танбур, дутор, доира ва най каби миллий мусиқа асбобларини қанчалик асраб-авайласак, камол топаётган ёш авлод ҳам ўзимиздан ибрат олади.
Мана шундай ажойиб тадбирни ўтказганлари учун ташкилотчиларга катта раҳмат! Бизлар ҳар доим хизматга шаймиз. Энг аввало, таклифларингиз учун ташаккур!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат