Алоқа | Обуна

Оқ йўл сизларга, азиз битирувчилар!

Бу кун азамат йигитлар-у лобар қизларнинг самимий кулгилари, қалб ҳаяжонлари чексиз. Улар мактаб ва меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, мустақил ҳаётга қадам ташлаш арафасида турибдилар.
Битирувчиларга ўрта таълимни тамомлаганликлари учун етуклик шаҳодатнома (аттестат)лари топшириш мақсадида Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасида жойлашган 107-сонли лицей мактабида катта тантана бўлиб ўтди. 125 нафар битирувчиларнинг қувончларига шерик бўлиб, байрамона безатилган тадбирга мактабнинг фаол аъзолари, фахрий устозлар ҳамда ота-оналар иштирок этишди.

Мактаб директори Баҳодир Усмонали ўғли Нуралиев мазкур ўқув йилида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб, битирувчиларнинг орасида Абдуллахон Сулаймонов, Мухтабар Собирова, Комила Носирова, Мухлиса Мираметова, Ойжамол Ҳавазметова, Диана Тўламатова, Шаҳзод Ҳусниддинов, Юлдузхон Тургуноваларнинг давлатимиздаги энг нуфузли Назарбаев университетига, 5 нафар битирувчилар Россия Федерациясидаги университетга, 10 нафари эса, Марказий Осиёдаги Америка университетига ўқишга кирганликлари ҳамда Гулноза Ирисметова, Азизжон Эргешов, Ноила Ибрагимова, Шаҳзод Собиржонов, Зилола Эгамназарова, Ноила Сайдаҳматова, Мунира Ҳусанова, Муяссар Йўлдошева, Мухтабар Собирова, Диана Тўламатова, Юлдуз Тургунова, Ойжамол Ҳавазматова, Шаҳзод Ҳусниддинов, Мухлиса Мираматоваларнинг “Олтин белги” соҳиблари аталганликлари ҳақида хабар бериб, барча битирувчиларга оқ йўл тилади.


Барчанинг қалбига ўзгача ҳаяжон солган мазкур байрам тадбирида сўзга чиққан Шимкент шаҳар маслаҳатининг депутати Ҳусанхон Аҳмадхонов, оқсоқоллардан Турсунхўжа Хонхўжаев, Абубакир Хонхўжаев, Ашурмат Назарметов ҳамда “Жануб жарчилари” медиахолдинги директорининг ўринбосари Дилноза Ҳасанова, “Устоз йўли” газетаси таҳририяти муҳаррири Анвар Тожибоевлар бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшлар учун қулай шароитлар яратилиб берилаётганлиги ҳақида алоҳида тўхталишиб, етуклик ҳужжатларини олаётган битирувчиларни қизғин қутлашиб, уларга шаҳодатнома (аттестат)ларини топширдилар.
Мактаб ота-оналар комитетининг раиси Бояҳмад Шерметов, “Парасат” фондининг раиси Зарифбой Ҳавазметов ўқув йили давомида мактаб ва жамоат ишларида фаол қатнашган, фарзандларини яхши тарбиялаган, уларнинг билим олишлари учун керакли шарт-шароитларни яратиб берган бир қанча ота-оналарга ташаккурномалар тақдим этдилар. Бундай файзли кечани тайёрлаган ва унга бошловчилик қилган Наргиза Маҳкамбоевага ҳам мактаб маъмурияти алоҳида миннатдорчилигини изҳор этди.
Битирувчилар биринчи устозларига, фан ўқитувчиларига, мактаб маъмуриятига ўз дил истакларини изҳор этишиб, уларга бўлган эҳтиромларини тараннум этувчи куйлар ва қўшиқлар ижро этишди. Мазкур тадбир ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчилар учун, ниҳоятда ҳаяжонга бой ҳамда эсда қоларли тарзда ўтказилди.
– Қадрдон мактабимиз билан хайрлашаётган барча тенгдошларим каби, менинг қалбимни ҳам чуқур ҳаяжон чулғаб олган, – дейди битирувчи Гулноза ИРИСМЕТОВА.
– Ушбу масканда таълим берган барча устозларимга, жумладан, синф раҳбарим Дурдона Ниёзметовага катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мактабда олган билимларим натижасида “Олтин белги” соҳиби бўлишга муяссар бўлдим.
* * *
Оқ йўл сизларга, азиз битирувчилар!

Дилноза ҲАСАНОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат