Алоқа | Обуна

Ниятларингиз ўзингизга йўлдош!

Танишинг: бугунги меҳмонимиз тикувчилик касбини улуғлаб келаётган Ҳафиза Усмонова. Катта бир хонадоннинг чаққон ва билимдон, фариштагина келини, турмуш ўртоғининг вафоли ёри, зурриёдларининг меҳрибон ва ширинсўз онаси бўлган ушбу дилбар ва кўҳликкина аёл билан яқинда ўзининг тикув цехида юз кўришиб, суҳбат қуришга муяссар бўлдик.

Ҳафиза Усмонова ҳақида қисқача: 1976 йил 18 декабрда Сайрам даҳасида оддий ишчи оиласида таваллуд топган. Отаси Мирзаҳмад Холметов экспедитор, онаси Зуҳра опа Сайрам даҳасидаги қандолатчилик (кондитер) корхонасида иш юритувчи бўлиб фаолият кўрсатган.
Оилали, турмуш ўртоғи Жафарали Усмонов билан 4 нафар фарзандларини вояга етказишмоқда.
– Бу ишни бошлашда қайнюртингиз сизни қўллаганини биламиз, келинг, мана шу ҳақида суҳбатлашайлик…
–Қайнонам Ҳалима Усмонова, қайнотам Юнусали Усмонов мени ўз қизларидай қарши олишди. Қайнонам менинг биринчи устозим. Мен у кишидан тикувчилик сирларини ўрганиб бордим. 1995-1997 йилларда газ-свет йўқлиги боис, қайнонам ва мен бирга ишлайдиган тикув корхонаси ёпилди. 4-5 нафар қизларни олиб, уйда иш бошладик. Қизларнинг сарпо кийимларини, аёлларнинг кийимларини буюртма асосида тикардик.
Ўзингизам биласиз, эрталабдан то кечгача ишлайдиган аёлнинг уйда қолган фарзандларига ҳам кимдир ғамхўрлик қилиши керак. Мана шундай вақтларда икки ўғлим, икки қизимнинг уст-бошларини тоза-озода қилиб, вақтида иссиқ овқатларини бериб, уларнинг таълим-тарбиясига ҳам бефарқ бўлмаган қайнонамдан қарздорман ва миннатдорман!
Бугунгача эришган ютуқларимда отам ва онамнинг ҳам хизматлари катта. Ёшлигимиздан ота-онамиз бизларни қаттиққўллик билан тарбиялашган ва меҳнатга ўргатишган. Улар ҳар қандай ишни қўл учида қилмасликка, ишни чала бажармасликка кўниктиришган, ҳунарга ўргатишган. Улардан жуда миннатдорман.
– Савдо ишлари билан шуғулланган турмуш ўртоғингиз ҳам ҳозир сиз билан биргаликда фаолият кўрсатмоқда. У кишининг бу ердаги асосий вазифаси қандай?
– Инсонда нималаргадир астойдил хоҳиш-истак бўлса, у барчасига қўл етказиши мумкин. Бунинг учун эса — сабр-тоқат, ироданинг мустаҳкамлиги керак. Юқорида айтганимдай, ушбу цехни биргина мен бошқармайман. Турмуш ўртоғим Жафарали Усмонов иш бошқарувчимиз ҳамда келган харидорлар билан битим тузиш, янги харидорлар топиш вазифаларини бажарса, катта ўғлим Сардор дизайнеримиз, у янгидан-янги модалар яратади, футболкалар, либосларга муҳр қўяди, мен билан бирга энг асосий иш – либосларни бичиш юмушини бажаради.
Қайнотам Юнусали ака бизнинг механигимиз. Иш кўп бўлгани боис, тикув машиналаримиз дам-бадам бузилади, шу вақтда отам ёрдамга келади. Ўзлари Семей полигонида бўлган.
Кўриб турганингиздай, цехни бутун оиламиз билан бошқарамиз. Шундай иноқ ва биргаликда иш бажарганимиз боис, чарчоқ ҳам билинмайди.
Мана, шу иноқликнинг оқибатида бугунги кунда 50 нафарга яқин ходимларни иш билан таъминлаб, элимизнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволининг ривожланишига, оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимиздан ўзимни бахтиёр сезаман.
Турмуш ўртоғим Жафарали Усмонов жуда меҳрибон инсон. Тўғри айтасиз, у киши савдо билан шуғулланарди. Дўконимизда озиқ-овқатдан тортиб, кийим-кечакларгача сотар эдик.
Ўшангача мен кийим-кечакларни харид қилардим. Ҳар гал кийимларни харид қилганимда: “Нега ўзимизда шундай кийимлар чиқарилмайди?”– деган савол туғиларди. “Буларниям бизга ўхшаган одамлар тикишади-ю” – дея қўшниларимга айтардим ва ҳар гал: куни келиб, албатта тикув цехи очаман, деган ниятни қилардим. “Ниятларингиз ўзингизга йўлдош!” – дейишади-ку, ахир…
– Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал қийинчиликлар бўлади, сиз ушбу жараённи қандай ўтказдингиз?
– Бу борада жуда кўп қийинчиликларга дуч келдик. Қийналган вақтларимда менга қайнонам ва қайнотам, қолаверса, турмуш ўртоғим доимо далда беришди. Энг муҳими, ўзимни ҳаммаси яхши бўлишига ишонтира олдим.
Дарахт илдиз отиб, ерни маҳкам тишлагунича, керакли ҳужайралари етилгунича мевага кирмагани каби, бир касб эгаси бўлиш учун ҳам сабр керак экан. Бутун вужудимни йиғиштириб, касбим олдида тиз чўкиб, унинг ҳар бир нуқтасига берилиб, сабрлилик билан ишимни ўрганиб бордим. Ҳар куни Оллоҳдан ўзимга сабр ва зийраклик сўрадим. Касб ҳам сирли эшикларини сабрлиларга очар экан.
Инсон ҳар қандай касбга юкланар экан, аввало, ниятни яхши қилиши ва ҳалоллик билан иш қилиши керак экан. Мен шу касбни эгаллаб, элдан дуо олсам, дея астойдил ният қилдим. Бу йўлда кеча-ю кундуз ишлаб-чарчаш, қийналиш, очин-тўқин қолиш, озиш-тўзиш – ҳаммаси шу йўлда бўлди.
– Касб ҳақида айтиб ўтдингиз, айтинг-чи, ота-она мактабни битириш арафасидаги ўғли ёки қизига келажакда ким бўлиши кераклигини танлаб беришлари керакми ёки буни боланинг ўзи ҳал қилиши шартми?
– Касбларини фарзандларимизнинг ўзлари танламоқлари даркор, дея ўйлайман. Сабаби: дейлик, қизингиз ёки ўғлингиз учувчи бўлмоқчи, сиз эса, унга шифокор бўл, дедингиз. У сизнинг сўзингизни ерда қолдирмаслик учунгина танлайди бундай касбни, бироқ бутун умр фазодаги учувчиларга ҳавас қилиб яшайди.
– Фарзандларингизда ҳам сизларнинг касбингизга қизиқиш борми?
– Ҳа, улар менинг энг яқин ёрдамчиларим, касбимизга қизиқишади. Катта ўғлим Сардор Усмонов Шимкент шаҳридаги Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон Давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультети талабаси, бизнес марказида малака ошириб диплом олди. Ҳозир у ҳам цехда ишлайди, буюртмаларни қабул қилади.
Қизим Севара Усмонова акаси ўқийдиган олийгоҳнинг технолог-конструкторлик факультетида грант асосида ўқимоқда Иккинчи қизим Маърифат Усмонова Ал-Форобий номли мактабнинг 9-синфи ўқувчиси, кенжа ўғлим Санжар Юнусалиев мактабда ўқийди.
Эсимда: фарзандларим кичкина вақтларида, яъни 3-4 синфларда ўқиб юришганида уларнинг ҳам ўз вазифалари бор эди. Ҳамма юмушга ишчи ёллашга қурбимиз етмасди. Шунинг учун, фарзандларимнинг бири тугма қадар, бири илгак ясар, дазмоллаш, тайёр кийимларни пакетларга жойлаш юмушлари билан банд бўлишарди.
Оллоҳга шукур, ҳозирги кунда турмуш ўртоғим билан биргаликда 40 нафар аёлларни иш билан таъминлаб келаяпмиз. Турмуш ўртоғим буюртма қабул қилиб ўтказса, мен буюртмаларнинг сифатига ва вақтида чиқарилишига жавоб бераман. Бирга маслаҳатлашиб ишлаймиз. Ҳаётимдан жуда мамнунман.
Технологимиз ажойиб инсон Гулмира Ниёзова ҳақида икки оғиз айтиб ўтай. Бу аёлнинг цехимизда фаолият юритаётганига 4 йил бўлди. Уни ҳам ўзимнинг яқин ёрдамчим, десам бўлади. Тайёр кийимларни — уларнинг тикилиш сифатига қараб, бирма-бир текшириб, қабул қилиб олади. Зиммасидаги вазифа ўта масъулиятли.
– Ҳафиза опа, мазмунли суҳбатингиз учун сизга ташаккуримни билдираман. Келинг, энди чиройли мусоҳабамизни яхши тилакларингиз билан якунласак…
– Одамлар бирлашишса — нурлар бирлашгани каби, биз ҳам жамоамиз билан бирлашиб, фаол иш юритиб келаяпмиз. Ҳозир кунларга қадар Алмати, Қарағанди, Қизилўрда, Астана, Шимкент шаҳарларига буюртма асосида ишлаб келаяпмиз. Келажакда ишларимизни янаям ривожлантириб, элимизга, юртимизга фойдаси тегса, Сайрам аёлларини иш билан таъминлаб, уларнинг оилаларига фойдамиз тегса — ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз.
Албатта, аввало, ишимизни муносиб, дея билиб, фаолиятимиз ҳақида газеталарингиз саҳифаларида ёритаётганингиз учун раҳмат! “Жануб жарчилари” газетасига тилагим: ҳар доим ишларингиз олға бораверсин, Оллоҳ сизларга ҳамиша мададкор бўлаверсин!
– Раҳмат! Сизни яқинлашиб келаётган таваллуд айёмингиз билан ижодий жамоамиз номидан самимий қутлаймиз! Сизни ҳамиша мана шундай дилбар ва чеҳрангиз нурли ҳолатда кўрайлик, ўғил-қизларингизнинг бахтлари-ю камолларини кўришни Яратганнинг ўзи насиб қилсин!

Мусоҳиб: Эътибор АҲМАДЖОНОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат