Алоқа | Обуна

Насиб қилса, учрашамиз!

Истеъдодли хонанда Баҳром Назаровнинг уч кунлик «Интизор» номли концертига старт берилди ва биз дастурнинг илк куни Тошкент шаҳридаги «Истиқлол» санъат саройига ташриф буюрдик.
Концерт дастури уч қисмдан иборат бўлди ҳамда ҳар қайсиси хонанда томонидан янги қўшиқлар ижроси билан бошланди.
Саҳнанинг пардаси Ватан, она, муҳаббат тушунчалари уйғунлаштирилган монолог билан очилди ва саҳнага барча интизорлик билан кутган Баҳром Назаров чиқиб келди. Хонанда дастурини “Ўзбекистон — Ватаним маним!” қўшиғи билан бошлаб, мухлислари билан саломлашди.
Шундан сўнг Баҳром Назаров аёллар ҳақидаги «Аёл» номли янги қўшиғини куйлаб, залда ўтирган аёлларга гуллар тақдим этди.
Дастур хонанданинг кетма-кет куйлаган, янги тароналари билан давом этди. Айниқса хит қўшиқларнинг ижро этилиши санъаткорнинг мухлислари томонидан давомли қарсаклар ва рақслар билан қарши олинганлиги таҳсинга сазовор.
Шу ўринда хонандадан газетамиз учун интервью олиш менга насиб этди.
– Концерт дастурингиздан мамнунмисиз?
Баҳром Назаров:
– Парда орқасида хаяжонлангандим, лекин мухлисларимни кўриб, барча ҳаяжонларимни унутдим. Ҳаммаси кўнгилдагидек.
– “Олти ёшли қиз” қўшиғингиз ўз ҳаётингиздан олинганми?
Баҳром Назаров:
– Ҳа, ушбу қўшиқ ҳаётимдан олинган — раҳматли онамдан айрилганимизда синглим олти ёшда эди.
– “Онам рўмоли” қўшиғингизга клип олиш ниятингиз борми?
Баҳром Назаров:
– Ҳали бу ҳақида ўйлаб кўрмадим, лекин мухлислардан шу қўшиққа клип олинг, деган кўп таклифлар тушди.
– Қозоғистонда ҳам концерт бериш ниятингиз борми?
Баҳром Назаров:
– Оллоҳ насиб қилса, албатта бор, ахир, Қозоғистон онам раҳматлининг туғилиб ўсган ватани-ку.
– “Жануб жарчилари” газетасининг муштарийлари бўлган мухлисларингизга тилакларингиз?
Баҳром Назаров:
– Муштарийларингиз доимо соғ-саломат бўлишсин, орамиздаги меҳр-оқибат ҳеч вақтда йўқолмасин! Оллоҳ насиб қилса, сиз – азиз мухлислар билан ҳам учрашамиз…

Валижон АЗИМ
суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат