Алоқа | Обуна

Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа!

Шимкентлик теннисчи Достонбек Тошпўлатов Америка Қўшма Штатларида ўтказилган теннис бўйича норасмий жаҳон чемпионати: “Orange Bowl International” мусобақаларида иштирок этиб, 2-ўринни эгаллади ҳамда “ITF” рейтинги бўйича 44-ўринга кўтарилди.
Эндиликда 18 ёшгача бўлган теннисчилар орасида дунёнинг энг кучли 50 нафар теннисчилари қаторига кирган Достонбекни чин дилдан табриклаймиз! Келажакда энг нуфузли мусобақа — Дэвис кубоги баҳсларида Қозоғистоннинг шаънини ҳимоя қилиб, байроғимизнинг юксакларга кўтарилишига эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ушбу спортчимизга омадлар тилаймиз!
Бу ютуқ барчамизники! Достонбекдек йигитларимиз билан халқимиз ҳақли равишда фахрланади!

Шу ойнинг бошида АҚШнинг Флорида штатида теннис бўйича ўтказилган “ITF” таснифига кирувчи норасмий жаҳон чемпионатида шимкентлик Достонбек ТОШПЎЛАТОВ иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллади.
Илгариям газетамизда айни ҳамюртимиз билан суҳбатни мухлислар эътиборига ҳавола қилгандик. Ўшанда Достонбек келажакда катта-катта турнирларда иштирок этишини билдирганди.


Мана, анча-мунча вақт ўтиб, ҳамюртимиз 2018 йили Австралияда ўтказиладиган катта шлем турнирида биринчи марта иштирок этади.
Биз теннисчининг додаси Шуҳрат ака ТОШМАТОВ билан суҳбатлашишга қарор қилдик ва у кишига ўзимизни қизиқтирган қатор саволларни бердик.
– 2017 йил Достонбек Тошпўлатов учун қандай кечди? У йил бошида олдига қандай мақсад қўйганди ва шунга эриша олдими?
– Ўтаётган 2017 йил Достонбек учун жуда машаққатли кечди, десак бўлади. Биринчидан: теннис мусобақаларига тайёргарлик кўришдан ташқари, яна ўқишга киришга ҳаракат қилиб, йил бошидан қўшимча дарсларга ҳам қатнашиб юрди. Ҳатто-ки, ўқитувчиларнинг уйларига бориб, тайёргарликлар кўрди.
Ҳаракатлари бесамар кетмади. Грант асосида Шимкент шаҳридаги М. Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон Давлат университетига ўқишга кирди. Шунинг орасида бу йил келажакда бўлиб ўтадиган “Австралия очиқ чемпионати”, “Раналго роун” турнирларига қатнашиш учун рейтинг йиғишга ҳаракат қилди. Ўзбекистонга, Европанинг Бельгия, Австрия, Польша, Чехия мамлакатларига бориб, турнирларда қатнашиб, ўйинларда иштирок этиб келди.
– Достонбек Австралиядан ҳам ғалаба билан қайтди, шундайми?
– Ҳа, Австралияда жуфт ҳолда ва якка тарзда иштирок этган ўйинларида иккинчи ўринга эга бўлиб қайтди. Европанинг ўйинчилари жуда кучли бўлишларига қарамасдан, Достонбек ҳам ўзининг маҳоратини намойиш этди. Достонбек ва унинг мураббийси мазкур мусобақа жуда яхши бўлганлигини таъкидлашди.
Ундан сўнг, ўзимизнинг юртимиздаги 2 та турнирда иштирок этди. Турнирларнинг натижасида кузда 118 рейтингига кириб олди. Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига қатнашиш учун ҳам тайёргарликни жуда пухта кўрди.
Тайёргарликлари бесамар кетмади, яъни биринчи турнир Америкада “ЕДИФЕД” деган баҳс бўлди. Бу мусобақада биринчи категорияда жуда кучли ўйинчилар бўлади. Жуфтликдан иккинчи ўринга муяссар
этилган бўлса, Мексика теннисчиларига қўшилиб, иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Ундан кейингиси “Опен бол” турнири ва ушбу ўйин норасмий жаҳон мусобақаси эди. Достонбекнинг биринчи ўйинлари яхши ўтди. Финалга чиқишни ният қилган эди ва шу ниятига ҳам эришди.
Бу финал ўйинларига яхши тайёргарликлари сабабли етди ва ўзининг ва бизнинг ҳаракатларимиз бефойда кетмади. Ҳар битта ўйини 2 соатдан чўзилганини ҳисобласак, ўйин 10,5 соат давом этди.
Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб, финалга чиқди. Франциялик Хуа Гастин, деган ўйинчи йигитга 6-2, 6-3 ҳисобига Достонбек енгилиб, иккинчи ўринга сазовор бўлди. Бу иккинчи ўрин ҳам Қозоғистон учун катта ғалаба.
“Онич бол” деган турнир дунёдаги энг юқори даражадаги мусобақа ҳисобланади. Бу ўйинга қозоғистонлик спортчилардан Достонбек биринчи бўлиб қатнашди. Рейтинг бўйича 44-бўлиб кўтарилди.
У Австралиядаги турнирга ҳам йиллар мобайнида тайёргарликлар кўриб юрарди. “Австралия очиқ чемпионати” турнирига 18 ёшгача бўлган болалар ўйинида асосий таркибга тушди. Американинг Флорида шаҳрида Қозоғистон асосий командасига қўшилиб, Достонбек ҳам ҳозирги кунларда тайёргарликларини кўраяпти.
Ана шундай тайёргарликларининг натижасида яхши ўйин кўрсатади, деган умиддаман.
– Америкадаги турнир ўйинида финалга чиққанида сизда қандай ҳиссиёт бўлди?
– Ўзимнинг невара қизим ҳам теннис ўйинларига қатнашади. 10 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Қозоғистон чемпионати Астанада бўлган эди. 3-4 та ўйинларини бизларнинг соат фарқимиз 11 соат бўлганидан кейин, азонги соат 4-5 гача кўриб, томоша қилдим. Ғалаба қилган вақтида ўзимга ўзим сиғмай қувондим. Булар, энди шунча ҳаракатлари эвазига бўлди. Жароҳат олган бўлса ҳам ўйинни давом этдирди.
Мураббийларига ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Теннис федерацияси президенти ҳамда эл-юрт вакиллари қутлашди. Матбуот воситаларида турли хилдаги табрик мақолалари ёритилди.
– “Австралия очиқ чемпионати” турниридан нима кутиш мумкин, ахир, Достонбекнинг бунда биринчи маротаба иштирок этиши?
– Достонбек “Онич бол” ва “ЕДИФЕД” баҳсларида 2014 йилда ҳам қатнашган, 14 ёшидан мусобақаларда қатнаша бошлаган. Ўша вақтда енгилиб, финалга чиқа олмади.
Мана, ушбу турнирга ҳаракат қилаяпти, Худо хоҳласа, яхши ўйинлар кўрсатиб, юқори чўққилардан кўринишига ишончим комил. 10 та кучли ўйинчилар қаторига кирса ҳам, бизлар учун жуда катта бахт.
– Достонбекга федерация моддий томонлама қандай ёрдам кўрсатади?
– Мана, уч йилдан бери федерация ҳар томонлама маблағ жиҳатидан таъминлаб келаяпти. 18 ёшгача бўлган Қозоғистон асосий ўйинчилари қаторида Достонбек биринчи ўринда. Шунинг учун, федерация барча мамлакатларга бўлган ўйинларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турибди.
Кийим-кечаклари, қўшимча овқатланишлари ота-онасининг зиммасида. Оёқ кийимларига, бабиналарига ҳам ўзимиз жавобгармиз. Буларнинг ўзиям анча харажатни талаб этади. Йилига мен ўзимнинг ҳисобимдан уч ярим миллион тенгени набирам учун ажратаман.
Авваллари ишлаётган вақтимда бу харажатлар унча билинмас эди. Ҳозир нафақага чиққанман, шунинг учун ҳам, сарфланаётган маблағлар сезиларли равишда бўлаяпти. 2017 йилда маблағ томонидан озгина қийинчиликлар бўлди. Агарда маблағ томонидан бизларга ҳамкорлик қўлини чўзадиган инсонлар бўлса, марҳамат! Жудаям миннатдор бўлардик.

Достонбек билан нонуштадан сўнг, интернет орқали қисқача суҳбатлашдик:
– АҚШдаги турнирга тайёргарлик қандай бўлди? Ишонганмидингиз ғалаба қозонишингизга?
– Флоридадаги мусобақа жуда ҳам қийин ўтди. Ҳамма теннисчилар кучли эдилар. Ўйиндан олдин мен кучли саккизталикка кириш ниятида эдим. Ҳар бир ғалабадан сўнг, менда ишонч пайдо бўлди ва финалга етиб бордим.
– Австралия очиқ чемпионатида биринчи марта иштирок этдингиз. Қайси теннисчидан реванш олиш ниятидасиз?
– Австралияда ҳамма рақибим кучли, лекин франциялик теннисчи билан яна учрашиш ниятидаман.
– Австралия очиқ чемпионати вақтида кун иссиқ бўлади. Бу алмашинган об-ҳаво сизга таъсир кўрсатмайдими?
– Йўқ, об-ҳаволар, деярли бир хил. Тайёргарликлар жуда яхши. Ҳеч қандай босимни сезмаяпман. Яхши натижалар кўрсатиш ниятидаман.
– Сиз икки ой давомида бошқа мамлакатда бўласиз. Шу вақтда ота-онангизни, юртингизни соғинмайсизми?
– Қандай соғинмаслигим мумкин, албатта соғинаман! Турнирларда юқори натижалар кўрсатиб қайтишимга, албатта ишонаман…
Достонбек ҳар куни Америкада машқлар ўтказаяпти. Январь ойида у Австралия очиқ чемпионатининг ёшлар орасидаги катта турнирида қатнашади. Достонбекка муваффақиятлар тилаймиз, омад ёр бўлсин. Ғалаба билан қайтишига тилак билдирамиз!

Тўлқин БАКИРХЎЖАЕВ.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат