Алоқа | Обуна

Муҳокама ва мунозарадан – натижа ҳамда самарага!

Тўйлардаги ортиқча сарф-харажатлар, таъзиялардаги исрофгарчиликлар, кредит эвазига қилинган бешик тўйлари, “кимўзар” сарполар…
Мана шулар каби муаммоларимизни бирмунча ҳал этиш, кераксиз харажатларни камайтириш, урф-одатларимизга ёт бўлган янгича “удум”ларни йўқ қилиш борасида вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси томонидан анча ишлар амалга оширилаяпти.
Жумладан, деярли барча туманларда аёллар ҳамда оқсоқоллар кенгашларининг аъзолари фаоллар билан биргаликда, юқоридаги сингари масалаларни ечиш учун йиғилишлар, давра суҳбатлари ўтказишди. Айрим жойларда қатъий қарорлар ҳам қабул қилинди.
Ана шуларни умумлаштириш, вилоят бўйича аёллар қўмитаси ва оқсоқоллар қўмитаси ишларини жонлантириш, махсус команда тузиб, уни жипслаштириш мақсадида Туркистон шаҳрига ҳам сафар, ҳам зиёрат уюштирилди.
Унга вилоятимизнинг ҳамма туманлари ва шаҳарларидан 50 нафар аёллар ва 50 нафар оқсоқоллар таклиф этилдилар. Икки автобусда эрталаб Қозоғистон Халқи ассамблеяси уйи ёнидан йўлга чиққан зиёратчилар Арслонбобда Қуръони Карим тиловат этиб, Туркистон томонга юрдилар.

Уларда қандай?

Шахсан мен учун мазкур сафар ҳамда зиёрат таассуротларга бой бўлди. Турли туманлардан ташриф буюрган опахонлар бугунги кунда жуда авж олиб кетган катта чиқимли тўйларни ҳамманинг ҳам ҳамёни кўтармаётганини куйиниб гапиришди. Масалан, Қазиғурт туманидаги Турбат қишлоғида тўйлар-таъзияларни ихчамлаштириш бўйича ишлар бир неча йиллардан буён давом этиб келаётгани қувонарли. Кўпчилик билан келишиб, ушбу қишлоқ аҳли махсус қарор чиқариб, қуда кутиш, уй ясатиш, ЗАГС маросими каби қатор тадбирларни қисқартиришган.
Туман аёллар кенгаши раисаси Ҳикоят Йўлдошеванинг айтишига кўра, аввалига унинг бундай ташаббусини кўпчилик қўлламаган. “Қарз олиб, тўй қилиш бизда одат тусига кирганди” – дейди у. “Бир неча маротаба аёлларни тўплаб, улар орасида тушунтириш ишларни олиб борганимиз натижа бераяпти. Уйма-уй юриб, ортиқча харажатларсиз тўй ўтказиш мумкин эканлигини тушунтирдик. Кўпинча ана шундай ортиқчаликлар биз – аёллардан чиқади. Эркакларни биз кўндирамиз, сабаби, қўшнидан, қариндошдан қолиб кетмайлик, уят бўлади деган фикр бизнинг миямизга маҳкам ўрнашиб қолган” – дейди Ҳикоят опа.
Унинг фикрини Тулкибош тумани аёллар кенгаши раисаси Зарифа Мирқодирова ҳам қўллади. “Ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак, биринчи навбатда, ўзимиз намуна бўлмоғимиз керак” – дейди у. “Озодлик қишлоғидаги тўйлар анча ихчамлашиб қолди, негаки, халқимиз енгилликларни тушуна бошлади. Дабдабасиз ҳам тўйларни ўтказса бўлар экан, деган фикр халқимиз онгига кириб бораяпти” – дейди мамнуният билан фаол онахон.
Сафар жараёнида Сайрам ҳамда Тўлебий туманларида ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтилди.
Ана шундай фикр алмашишлар билан зиёратчилар Туркистон шаҳрига етиб келишди.
Меҳмонларни Туркистон шаҳар ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Баҳодир Ирисметов, шу бирлашма ҳузурида ташкил этилган хотин-қизлар кенгашининг раисаси Муҳаббат Ибрагимова, Қарноқ қишлоғи ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Ҳусан Садировлар қарши олдилар.
Меҳмонлар ва мезбонлар шаҳардаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини ва бир неча зиёратгоҳларни айланиб чиқишгач, “Давлат-1” тўйхонасида жамулжам бўлиб, бош қўшдилар. Тўкин дастурхон атрофида бир пиёла чой устида қизғин баҳс давом этди.


Давра суҳбатининг очилишида сўз олган Бадриддин Нишонқулов кўп йиллар давомида айтилиб келинаётган муаммоларни ҳал этиш вақти келганлигини таъкидлади. Ҳар бир туман ва шаҳар фаоллари ўзларининг урф-одатлари қандай бўлиши керак, бугунги кунда эса, қандай эканлигини ёзиб чиқиб, ортиқчаликларни олиб ташлаш ҳақидаги қарорларни ёки мурожаатларни қабул қилишлари керак. Шулар асосида халқ орасида тушунтириш ишларини олиб бориш лозим. Бугунги йиғилишимизда эса, вилоят миқёсида мурожаатнома қабул қилиб, унга амал этишимиз керак, деди раис.
Вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси раисининг маслаҳатчиси, фахрий устоз Турсунхўжа Хонхўжаев жуда ҳам маъноли маъруза қилди. Шунингдек, ҳадислардан, ҳаётдан, тарихдан мисоллар келтириб, дастлабки навбатда эътиборимизни фарзандларимизнинг тарбиясига, хулқига қаратиш кераклигини уқтирди. У киши ўғил-қизларимизнинг қалбларини моддий бойликдан кўра, маънавий озуқа билан бойитиш даркорлигини эслатди.
Ал-Форобий тумани ўзбек этномаданий бирлашмасининг раисаси Нуринисо Дўсметова ҳудудда мазкур борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтиб берди. Жумладан, кўп жойларда тўйнинг бошланиш қисми – совчиликка бориш, патир синдириш, қуда бўлиш, катта ош, кичик ошлар бирлаштирилиб, битта тадбир бўлиб ўтиши бошланди. ЗАГСлар ҳам бирмунча қисқараяпти. Лекин ҳали ҳам бош оғритаётган удумлар кўп. Мисол учун, куёв сотар, ҳайитларда келинга ва марҳумларга катта дастурхон ясаб, уни конфетлар билан тўлдириш, тўйларда қудалар орасидаги “олди-берди”лар, таъзиядаги пайшанбаликлар.
“Албатта буларни қисқартириш ва ихчамлаштириш учун анча вақт талаб этилади. Мазкур жараёнда ўзимиз намуна бўлишимиз керак, одамлар орасида қолиплашган стереотипни ўзгартиришни бошлашимиз керак. Тарғибот ишларини ёшлар билан биргаликда ўтказишимиз мақсадга мувофиқ бўларди. ЗАГС ёки куёв сотарни ўтказмасликни тўй куни эмас, анча аввал ёшлар билан муҳокама этишни бошлаш керак” – деди ваъзхонликда иштирок этган Кўлкент қишлоғи оқсоқоллар кенгашининг раиси Суннатулла Акрамов.
“Биз бугунги кунда фарзандларимиз учун ҳамма нарсаларни муҳайё қилиб қўяяпмиз. Натижада, улар бунинг қадрига етишмаяпти. Шахсан мен фарзандим билан тўйдан анча илгари гаплашиб, спиртли ичимликларсиз, ЗАГС маросимисиз тўй ўтказдик. Ҳеч ким менга эътироз билдирмади. Мен учун энг муҳими фарзандларимнинг бахти. Атрофдаги одамларнинг гапи эса, қизиқтирмайди. Биз ихчам йўлни тутдик” – дея ўз тажрибаси билан бўлишди Суннатулла Акрамов.
У кишининг фикрига Туркистон шаҳар аёллар кенгаши раисаси Муҳаббат Ибрагимова ҳам қўшилди. Унингча, қанчадан-қанча исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда, қанчадан-қанча машиналар жалб этилмоқда, қанчалаб одамларнинг тинчлигини бузиб, тунлари мушакбозликлар қилинаяпти. Мана шундай ортиқча нарсаларни бекор қилсак, деган таклифлар ва талаблар тушмоқда.
Бизда тўй вақтларининг бошланиши соат 20:00 да, дейилган бўлса, улар соат 22:00 да бошланади. Соат 22:00 да “келин салом” бўлади. “Келин салом” тугагунига қадар соат 23:00 бўлади. Соат 23:00 да тўй бошланади, шундан кейин, соат 1:00 гача тўйлар давом этади.
Эртасига “тўйлар муборак бўлсин”, ундан кейин “иккинчи куёв салом” бўлади. Оқибатда, бу ота-она учун “бахт тўйи” эмас, шунча топганларини йўқотиш тўйига айланади.
Шунинг учун, тўйларни ихчамлаштириб, эрталаб никоҳ оши, ундан кейин ЗАГС бўлса, сўнг, кечқурун тўғри тўйга борилса , “келин салом” эртасига куёв йигитнинг уйида ўтказилса, “иккинчи куёв салом” деганларини йўқотсак, деган таклифлар тушди.
Чунки тўйни кўпчилик қарз олиб қилишади, қарздан қутулмай туриб, янги оила йил ўтар-ўтмас, фарзандлик бўлади, кейин “бешик тўйи” бошланади, ундан кейин озгина ўтар-ўтмас, “суннат тўйи” бошланади, суннат тўйидан кейин, яна қарабсиз-ки, “уйланиш тўйи”га келиб қолар эканмиз.
Шундан кейин, ота-она топган маблағларини бирор жойда дам олиш ёки ўзи учун бирон нарсага ишлатишга қиймасдан, ҳамма топган-тутганларини керак ва нокерак нарсаларга сарфлаб, фарзандлари учун ишлатадилар, бунинг учун етарли жамғармаси бўлмаган кўпчилик одамлар қарзга ботадилар…
Меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам тўйларни мақсадга мувофиқ урф-одатларимизни йўқотмаган ҳолда ихчамлаштириб, топган-тутганларимизни фарзандларимизнинг бахти учун сарфлаб, уларни ўқитсак, илмли, билимли қилсак, бирорта касб эгаси қилсак, деган фикрни маъқулладилар.
Тўй эгаларига ҳамда авлод катталарига вақтни аниқ белгилаган ҳолда, тўйлар соат 19:00 дан 23:00 гача ўтказилса, деган таклифни киритдик. Айтганларимиз амалга ошадиган бўлса, албатта бизлар ўзимизни бахтли, дея ҳисоблар эдик, – дея якунлади сўзини Муҳаббат Ибрагимова.
Сайрам тумани хотин-қизлар кенгаши раисаси Зумрад Аҳмедова ўз нутқида ушбу масалалар бўйича Сайрам туманида жойлашган аҳоли пунктларида, кенгаш аъзолари билан биргаликда, анча ишларни амалга оширганлиги ҳақида, халқимиз бундай ташаббусни қўллаб-қувватлаётганлиги, омма орасида мана шу масалалар бўйича муаммоларни ҳал қилиш ҳақида айтилган мулоҳазаларни ўртага ташлади.
Қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган миллатимизга ёт урф-одатлар (“куёв сотди”, “келин кўрар”, қуданинг уйига юбориладиган тўйдан кейинги тоғоралар борасида, бешик тўйидаги “кимўзар” дабдабали сарполар, келинларнинг сепига керак-нокерак кийимларни қалаштириб, бир йилдан кейин чиқитга чиқиши) ҳақида кўп маслаҳатлашилди ҳамда фикр алмашилди.
“Жануб жарчилари” медиахолдинги директори, вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси раисининг ўринбосари Гулираъно Расулова ушбу тадбирда кўпчилик томонидан айтилган мурожаатнома лойиҳасини ўқиб эшиттирди.
Тадбирда, булардан ташқари, таниқли ва фидойи онахонимиз Фароғат Ҳожиметова, Тўлебий тумани хотин-қизлар кенгаши раисаси Ҳурбуви Одилова, А. Исмоилов номидаги касб-ҳунар коллежининг директори Гулчеҳра Исмоилова, шу коллежнинг катта ўқитувчиси Мавжуда Қайнарбекова ҳамда Зуҳра Илёсова, Ҳусанхон Аҳмадхоновлар раҳнамолигидаги жойлардаги фаоллар иштирок этдилар.
Тадбир сўнгида аёллар кенгашларининг раисаларига тегишли ҳар бир ҳудуднинг аҳолисини мана шу тадбирнинг мурожаатномаси билан таништириб чиқиш вазифаси юклатилди. Жойларда фаолият юритаётган барча аёллар кенгашлари ва оқсоқоллар кенгашларининг аъзолари тўйларда йўл қўйилаётган номаъқулчиликларга барҳам беришга ўз ҳиссаларини қўшишлари ҳақида келишиб олинди.
Муборак рамазон ойи арафасида, яхши ниятлар билан ўтказилган ушбу тадбирда бугунги куннинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Эндиги навбатда, улар амалга ошиши даркор.
Вилоят оқсоқоллар ва аёллар кенгашларига ажратилган 200 000 тенге ҳамда вилоят оқсоқоллар кенгаши раиси Ҳусанхон Аҳмадхоновнинг 60 000 тенге миқдоридаги ҳомийлиги натижасида ушбу тадбир ўтказилди. Жойлардаги фаоллар бир-бирлари билан танишдилар, фикр алмашдилар. Демак, энди енгни шимариб, ишга киришамиз!
Оллоҳ барчамизга қувват берсин!
Гулбаҳром АБАТОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат