Алоқа | Обуна

Менга сабрли бўлишни ҳаёт ўргатди!

Ҳаётнинг ўзи улкан муаллим экан. Гоҳида эса, сабрлилигим туфайли ҳам ҳаётда ўзимнинг ўрнимни топгандирман, дея ўйлайман.
«Жануб жарчилари» газетаси 2009 йилда иш фаолиятини бошлаган бўлса, 2010 йилнинг апрель ойидан буён шу жойда фаолият юритиб келмоқдаман. Оддий журналист қиздан газетанинг бош муҳаррири даражасига эришгунимча, бир қанча синовларни бошдан кечирдим.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида таъкидланганидек, ёмонликлар ортида яхшиликларнинг борлигига амин бўлдим. Ҳамкасбларимнинг тарбияси, берган насиҳатлари орқали ўзимдаги камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилдим.
Озми-кўпми психотренингларнинг иштирокчиси бўлганим қўл келдими ёки ҳаётнинг ўзи менга устозлик қилдими, билмадим, ҳарқалай, мен ўзим дуч келган ҳар қандай қийинчилик вақтида тушкунликка тушмай, кулиб юришга одатландим.
Юрган дарё, ўтирган бўйро, деганлар. Касбим туфайли кўпгина шаҳарлар ва қишлоқларда бўлиб, яхши инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлганлигим ҳам мен учун фахрдир.
Фурсатдан фойдаланиб, илк маротаба ишга жойлашганимдан буён мени ўзининг тўртинчи синглисидек қабул қилгани,камтарона меҳнатларимни юксак баҳолагани учун -раҳбаримиз, опамиз Гулираъно Анварбек қизига миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Мана, Янги йилимизнинг кириб келишига саноқли кунлар қолди. Ўтган йилимизни сарҳисоб қиладиган бўлсам, анчагина ютуқларга эришганлигимдан қалбим қувончга тўлади. Онам ҳамда қизалоғим Солиҳа билан биргаликда “ЭКСПО-2017” умумжаҳон кўргазмасига бепул сертификат билан борганлигим, инсонни бахтли ва саодатли бўлишга етакловчи китобларни ўқиганим, “Internews” журналистларнинг маҳоратини ошириш клуби томонидан ташкил этилган семинар-тренингда иштирок этганим ва фаоллик кўрсатганим учун “Билайн” компаниясининг махсус телефонини ютиб олганлигим, ОАВ куни муносабати билан ЖҚВ маслаҳатининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланганлигим, Самарқанддай азим шаҳарга яхши инсонлар билан саёҳатга борганлигим ҳақидаги ширин хотираларим эсда қоларли бўлди.
С. Давлатовнинг тренинг сабоқларида иштирок этиб, унинг берган йўлланмаларидан руҳланган ҳолда “L-CAPITAL” компаниясининг доимий ишчиси бўлишга эришдим. Бизнес соҳасида ҳам ўзимни синаб кўриб, излаган имкон топади, деган нақлнинг ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилдим. 2018 йилда эса, бу йили жамлаган тажрибаларим асосида кичик бир бизнес очишни мақсад қилиб қўйдим.
Оиламиз даврасидаям қувончли дамлар бисёр бўлди. Овсинимнинг ўғил фарзандли бўлганлиги, акам ва укам «Тенгиз Шевроил» нефтни қайта ишлаш компаниясига ишга жойлашганлиги, Солиҳа қизим тарбияланаётган «Балақай» болалар боғчасида ўтган “Янги йил”, “Наврўз”, “Олтин куз” тадбирларида қўл ҳунарларимиз билан иштирок этганимиз ва фахрли ўринларни олганлигимизнинг завқи мени жуда қувонтирди.
Бир сўз билан айтганда, ўтаётган 2017 йилимиз ўзининг яхши эсдаликлари билан ёддан чиқмайди. Янги йилда ҳам янги режаларимизни олдимизга мақсад қилиб қўяяпмиз.
Азиз муштарийлар, кириб келаётган йилда ҳам биз билан бирга бўлинг! Сизлар учун кўплаб янгиликлар устида иш олиб бораяпмиз.
Сизларга ҳам Янги йил муборак бўлсин ва ҳар йилгидек омадли бўлсин, дея тилайман!

Ҳурмат ва эҳтиром билан:
Эътибор АҲМАДЖОНОВА,
“Жануб жарчилари” ва “Руҳият дунёси” газеталарининг бош муҳаррири.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат