Алоқа | Обуна

Манкентнинг асл қизи эди…

Бугунги хотирламоқчи бўлган инсонимиз, афсуски, энди орамизда йўқ. Яқиндагина — 2 август куни 72 мучал ёшида оламни тарк этган Тожой опамиз Султоновани ёдга оламиз.

Ҳар бир инсон оламдан ўтаркан, ўз ортидан тириклик чоғида нашр этган ҳаёт йўллари китобини яқинлари-ю биродарларига мерос қолдиради. Ана шундай турмуш китобининг айрим саҳифалари ила бизлар билан бўлишган Тожой опамизнинг вафодор турмуш ўртоғи шимкентлик Жўрабек Султонов отахонимиз ўз раҳматли аёли ҳақида илиқ сўзларини улашишни истади.
Манкентлик Рўзақуловлар — Назар ота ва Тошой аянинг асл қизи бўлмиш Тожой опа 1945 йилнинг 14 июль куни дунё эшигини очган. У киши тарбияли оиладан чиққан ақлли, одобли ва хушмуомала инсон эди.
Тожой Султонова катта ҳаётга қадам босаркан, 1962 йилдан ишлашни бошлаган. Дастлаб Сайрам райпотребоюзининг киоск дўконига савдо ходими бўлиб ишга кирган ва кейинчалик шу ернинг ўзида китоблар дўконига мудир бўлиб ўтган.
У киши 1963 йилда турмуш қурган. Жўрабек отахонимиз билан бўлган турмушида ҳам хизматдан тўхтамаган, турли савдо марказларида, ресторанда ҳар хил юқори мансабларда ишлаган ва 30 йил давомида хизматда бўлган.
Тожой опамиз Султонова 1995 йилдан бошлаб нафақага чиқади. Иш борасида кўпгина фахрий ёрлиқлар эгаси ва ҳамкасблари орасида ҳурмат тимсоли бўлган.
Турмуш ўртоғи Жўрабек отахон ҳам ўқимишли инсонлардан, Тошкентда авто-йўл ўқишини битирган ва 30 йил мобайнида махсус базада омбор мудири вазифасида ишлаган.
Улар 54 йиллик бирга босиб ўтилган ҳаёт йўлларида тўрт қиз-у бир ўғилни дунёга келтириб, вояга етказишган. Ўзлари илм конини қазиб, билим ҳосилини кўрганликлари учун, фарзандларини ҳам ўқимишли этиш мақсадида кўп ҳаракат қилиб, уларнинг барчасини олий маълумотли қилганлар.
Волида исмли катта қизлари 1982 йилда Тошкентда банк соҳаси ўқишини битирган ва банк тизимида Шимкент шаҳрида 25 йил давомида ишлаган. Турмуш қургач, оиласи билан Тошкентга кўчиб кетган ва у ерда ҳам 10 йил мобайнида ишлаган. Кейинги қизи Гулжамол ҳам ўқишни битириб, “Туран Алем” банкида 18 йил хизмат қилган.
Ўғли Камолбек авваллари Шимкентда пиво ишлаб чиқариш заводида оператор бўлиб ишлаган, ҳозирда эса, нефтни қайта ишлаш заводида муҳандис бўлиб ишлайди. Ўртанчи қизи Зумрад ҳам кооператив техникумни битирган, ҳозирда ишлайди. Кенжа қизи Наргиза кооператив техникумни олий даражада, яъни қизил дипломга битирган ва кейинроқ яна пединститутда ўқиб, айни пайтда Қорабулоқ қишлоғидаги “Мадина” болалар боғчасида тарбиячи касбини қўлга олган.
Биргаликда беш нафар фарзандлардан ўн олти невара-ю ўн эвара кўрган отахонимиз фарзандларга бой ва бахтли эканини айтиб ўтди. Невараларининг олтитасини Жўрабек отамиз-у Тожой онамиз бошчилигида уйлантириб, узатишган, ҳар бири Тожой бувисининг ниятларини олган экан, барчаси ҳам узоқ умр суриб, бахтли даврон кечиришади, деган ниятдамиз.
Невараларини жуда яхши кўргувчи отахонимиз суҳбат орасида уларнинг исмларини ҳам айтиб ўтди. Қизининг фарзандлари Барно, Тоҳир, ўғлиники Гулноза, Доно… Роза исмли невараси 14-сонли мактабни битиргач, грант соҳиби бўлиб, ҳозирда институтнинг 2-курс талабаси эканлигини айтиб, барча невараларини ардоқда тутишини билдириб ўтди.
Оиланинг омадлари-ю шодликлари ҳақида айтарканмиз, лекин ҳеч бир оилага қайғу ва ҳасрат ёмғирлари тегмай ўтмас экан. Ҳар бир оила қалбида яшириниб ётган, биров билиб, биров билмаган дардлари бўларкан.
Ана шундай дардлар бу оилада ҳам бирин-кетин рўй бергани учунми, раҳматли Тожой аямиз бисёр ҳасратлар чекди. Гулжамол исмли қизи 43 ёшида бевақт вафот этди. Ҳар бир она учун фарзандининг ўлимини кўриш энг оғир дард бўлса керак, бундайин кулфатни Худо ҳеч кимнинг бошига солмасин.
Фарзанд доғида куйган она қалбининг яраси битар-битмас, орадан бир йил ўтгач, Барно исмли келини ҳам онкологик касалликка учраб, оламдан ўтди. Ана шу каби турмуш тўқмоқларига дучор бўлган онахоннинг ўзи ҳам анча хасталаниб, руҳий зарба олди.
Тожой аямизнинг хотирасини ёдлаб, отахондан: у кишининг қайси фазилатлари сизга ёқарди, дея сўраганимизда, ушбу инсон ўз аёлининг, авваламбор, қанчалик даражада меҳрибон ва оиласига жудаям эътиборли бўлганлигини айтди, шу борада аянинг болаларни ва ўз фарзандларини жуда яхши кўрганлигини, хушмуомалалигини, ўз ишига жавобгар, пазанда аёл бўлганлигини жўшиб-тошиб сўзлади.
“Яқиндагина Ҳамза исмли суюкли неварамизни уйлантириш арафасида тургандик, яна қанча орзу-умидларимиз бор эди, лекин, афсус, у бизларни тарк этди” – дея кўзларига ёш олди Жўрабек ота.
Ушбу оила ҳақида ёзар эканмиз, айни хонадоннинг элга эътиборли, ўқимишли, ибратли оилалардан бири бўлганлиги хусусидаям қўшиб ўтмоқдамиз. Ҳар бир оиланинг асоси мустаҳкам бўлса, ўшандай оиланинг эшигини очиб, нон-тузини еган ҳар бир кишиям уларнинг тарбиясидан ўзларига ибрат олади, дея ўйлайман.
Тожой ая ва Жўрабек отадек оила жонкуярлари ва фидойилари жамиятимизда янада кўпаяверишларини тилаб қоламиз. Бундай инсонлар хотираси ҳамиша кўпчиликнинг ёдида сақланиб қолади.
Жисми йўқ бўлса-да, исми қалбларда доимо яшаб қолгувчи Тожой аянинг руҳлари, иншооллоҳ, шод бўлгай, жойлари жаннатдан бўлгай!
Раҳматли Тожой аянинг яқинда 40 кунлиги ҳам бўлиб ўтди. Биз — таҳририят ходимлариям марҳуманинг барча яқинларига ўзимизнинг чуқур ҳамдардлигимизни изҳор этамиз.

И. ҚАЮМОВА,
Шимкент шаҳри.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат