Алоқа | Обуна

Маънавий янгиланиш йўлида…

Давлатимиз Президенти Н.А.Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мавзусидаги мақоласи барчамиз учун дастуриламал йўлланмага ва қўлланмага айланди.
Асқар Умаралиев раҳбарлик қилаётган 114-сонли “Сайрам” умумий ўрта мактаби жамоасида ҳам Элбошимизнинг маънавий янгиланиш ҳақидаги мақоласи юзасидан бир талай таълим-тарбия ишлари амалга оширилмоқда. Яқинда ушбу илм масканида “Желтоқсан жаңғырығы – Рухани жаңғырумен үндеседі“ мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Мактабнинг услубий ишлар бўйича директор ўринбосари Тамара Расулхўжаева ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Исмоил Тошхўжаев томонидан ташкил этилган мазкур семинарнинг мақсади уч тиллилик орқали ўқитишда инновацион технологиялардан фойдаланиб, ўқувчиларнинг билимларини орттиришдан иборат бўлди.
Давлатимиз Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилган мазкур семинарда мактабнинг 11 та олий маълумотли, изланувчан ўқитувчилари турфа мавзуларда дарслар ўтдилар.
Жумладан, Н. Сидиқалиева 5-синфда рус тили фанидан, Ұ. Рисбек 7-синфда қозоқ тили фанидан, Г. Насриддинова 8-синфда биология фанидан, З. Тожихонова 3-синфда адабий ўқиш фанидан, Т. Пардабекова 8-синфда ўзбек адабиёти фанидан, Т. Жафаралиева 1-синфда математика фанидан, Ш. Аҳмадхонова 2-синфда адабий ўқиш фанидан, С. Эргашова 9-синфда инглиз тили фанидан, Н. Арзиқулова 6-синфда математика фанидан, Г.Арзиқулова 4-синфда математика фанидан, Н. Рустамова 6-синфда инглиз тили фанидан сабоқлар беришди.
Тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарлари Б. Маҳмудов ҳамда С. Дўсметова ҳамроҳлигидаги семинар қатнашчиларига бугунги дарслар манзур бўлди.
Айниқса дарс ўтган ўқитувчиларнинг ўқувчиларга нисбатан бўлган муомалалари, дарсга тайёргарликлари, кўргазмалардан ва вақтдан унумли фойдаланишлари — танлаган мавзулари ва олдиларига қўйган мақсадларига эришишлари учун мақсадга мувофиқ бўлди.
Семинар дарслари ўтилган синфлардаги ўқувчиларнинг ҳаракатлари, ҳозиржавобликлари, фанларга нисбатан қизиқишлари ва интилишлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Уларнинг ёд олган шеърлари, ўқитувчилари билан биргаликда ижро этган қўшиқлари, Мустақилликни мадҳ этишлари-ю қатағон қурбонларини эсга олишлари, давлат тилида равон сўзлашлари, рус ва инглиз тилларини яхши ўрганиб олаётганликлари яққол намоён бўлди.
Семинар якунида ўтилган дарслар таҳлил қилиниб, дарс ўтган, ўз устида ишлаб, тинмай изланган устоз-мураббийларга миннатдорчиликлар билдирилди.

Умида ХУДОЙБЕРГЕНОВА,

114-сонли “Сайрам” умумий ўрта мактабининг ўқитувчиси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат