Алоқа | Обуна

Маҳалла – Ҳикоят опа учун азиз!

Газетамизнинг ўтган сонида Қазиғурт туманининг Турбат қишлоғида ош-палов фестивали ўтказилганлиги ҳақида маълумот бергандик. Мазкур тадбирнинг Шимкент шаҳридан ташриф буюрган иштирокчилари, ҳурматли меҳмонларимиз — Гулираъно Расулова, Зуҳра Илёсова, Нурхон Дўсметова, Фароғат Ҳожиметовалар Турбат қишлоғи хотин-қизлар кенгашининг раисаси Ҳикоят Йўлдошева ташкил этган аёллар йиғилишида ҳам қатнашишди.
Бу йиғилишда ҳозирги кундаги долзарб муаммолардан бири бўлган “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз” мавзусида барча иштирокчилар ўзларининг фикрларини билдириб ўтишди. Чиндан ҳам, инсонларнинг дабдабага шунчалар ўчлиги, бу қачонгача давом этиши мумкинлиги ва қачондир ихчамлашган тўйларимизга ҳам етиб келишимиз ҳақида анча фикрлар билдирилди. Қишлоқ аёллариям ўзларининг тажрибаларидан келиб чиқиб, ўз мулоҳазаларини айтишди.
Турбат қишлоғида тўйлар аллақачонлардан буён ихчамлашгани, ортиқча дабдабаларнинг йўқлиги алоҳида тилга олинди.
Тўйлар авваллари ихчам бўлиб келиб, кейинчалик замонавийлашиб кетди. Бу замонавийликнинг ўзбек тўйларида бўлиши ярашмайди. Келинлар ва куёвларнинг вальсга тушишлари, қайнота ва қайноналарига торт едиришлари, куёв келинни кўтариб, уйига олиб киришлар — буларнинг барчаси ўзбек миллатига ёт нарсалар эканлиги таъкидланди. Замоннинг ўзи ҳали ҳамма нарсаларни жой-жойига қўяди. Тўйларимизни, албатта инсонларнинг ўзлари ихчамлаштириб юборишади.
Бу йиғилишда вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси томонидан Ҳикоят Йўлдошевага “Жамоат фидойиси” медали тақдим этилди.
Шу ўринда Ҳикоят опанинг эл учун қилган хизматларини йиғилиш қатнашчилари фахр билан айтишди. Ҳикоят опа учун маҳаллада ҳеч ким бегона эмас, ҳамма ўз яқинидек. Шунинг учун ҳам, барча бу опахонни эъзоз тутади. Ёши 63 га келган бўлса-да, ҳамон ишчан, серғайрат аёл.
Биз ҳам Ҳикоят опанинг барча ишларига омадлар тилаймиз, эл-юрт хизматида, асло чарчамасин, деб қоламиз. Онахон билан қисқа мазмунли суҳбатда бўлдик.
– Тўйлар ҳақидаги муаммоларни бартараф қилишда қийналмаяпсизларми? Шу борада қандай муаммолар бўлмоқда?
– Мана, 6 йилдир-ки, ана шу соҳада ишлаб келмоқдаман, катталарнинг маслаҳатларига қулоқ солиб, кичикларга насиҳат қилиб келаяпмиз.
Тўйларимизни жиддий ҳаракатларимиз ва изчил тушунтиришларимиздан сўнг, анча ихчамлаштириб олдик. Ҳамма нарса режа бўйича йўл-йўлига тушаяпти. Кўпчилик: қизингизни узатгансиз, ўғлингизни уйлантиргансиз, нима қиласиз бундай ташвишлар билан бош қотириб, дейишади. Мен эса: йўқ, бу ҳаракатлар мен учун эмас, келажак учун, дейман.
Ота-боболаримиздан қолган эски удумлар-ку булар, дейишади. Тўғри, аммо ота-боболаримиз исрофгарчиликка йўл қўйишмаган-ку. Замонамизга қарасак, фақат исрофгарчиликдан ўзга нарса кўрмайсиз.
Мана, тўйларимиз нисбатан ихчамлаштирилди. Олди-бердилар, тоғоралар, ошларни ҳаддан зиён кўп дамлашлар — бари аста-секинлик билан камаймоқда. Ишим давомида 5-6 та оилаларни яраштирдик, ҳар ҳолда, халққа хизмат қилиб келаяпмиз. Бу ишларимизни халқ баҳолайди. Худо хоҳласа, яна яхши ишларни олиб борамиз.
Ўзим 1972 йилда мактабни битирдим, барча фанлардан аълога ўқиганман. Ўқишга кираман, деганимда, раҳматли отам: “Уйда ўтирасизлар, менинг ўзим ўргатаман ўқишни” – деганди. Менга отам нимани ўргатаркин, десам — мана, отамнинг орқасидан савдони ўргандим, ҳалигача шу касбни давом эттириб келаяпман. Худога шукур, халқнинг ичида юрибман. Ҳам халқнинг хизматини қиламан, ҳам дўконимда савдо қиламан.
– Оилангизга ҳавас қилсак арзийди, фарзандларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз…
– Фарзандларим 4 та — 3 ўғлим, 1 қизим бор. Икки ўғлим шаҳарда яшашади, бир ўғлим мен билан қолган. Ҳаммасини олий маълумотли қилганман. Ўзимни мақташ эмас, кўрган инсонлар ҳавас қилишади. Хўжайиним ҳам жуда тушунган инсонлардан.
– Сизлардан буюк арбоблар чиққан, нега ҳозир йўқ? Нима деб ўйлайсиз?
– Билмадим, замон ўзгардими ёки одамлар орасидаги меҳр-шафқат кўтарилдими? Бир-бирларига бўлган меҳр қолмади, тўғри йўл-йўриқ кўрсатадиган инсонлар камайиб кетишди. Тўғри йўл кўрсатган одам ҳам кўпчиликка ёқмайди ҳозир.
– Билимга кам эътибор бераяпмизми?
– Тўппа-тўғри, билимга ҳам кам эътибор бераяпмиз. Мактабга борсангиз — ким ўқувчи, ким ўқитувчилигини билиш қийин бўлиб қолди. Сийлаш, деган нарсалар йўқ орада.
Мана, невараларимдан қиёс қиламан: улар ўқитувчи ундай деган, ёки буни айтган, дея гап қайтариб туришади. Болани бошидан тарбиялаш керак, дейишади-ку, аммо билмадим.
Ўзимнинг фарзандларим тарбияли, дея ўйлайман, негаки, бирон марта юзимга тик қараган эмаслар. Буни, албатта мақтанишга йўйманг ва онанинг эътирофи сифатида қабул қилинг. Илло: фарзандларни ота-онаси эмас, балки улар шунга муносиб кўрилса — эл-юрт мақтасин, дейишади.
– Ҳикоят опа, суҳбатингиз учун раҳмат!

Сабоҳат МАҲМУРЗАЕВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат