Алоқа | Обуна

Кучлилар майдонга чиққанларида…

Барчамизга маълум таниқли тадбиркор, вилоят маслаҳатининг депутати, вилоят ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқуловнинг ўз хизмат фаолияти доирасида олиб бораётган савобли ишлари ҳаммага манзур бўлиб келмоқда.
Яқин ўтган кунларда, аниқроғи, Буюк Ғалабанинг 73 йиллиги арафасида Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасида жойлашган 12-сонли спорт мактабининг спорт базасида Астана шаҳрининг 20 йиллиги ҳамда Буюк Ғалабанинг 73 йиллигига бағишланиб, волейбол бўйича эркаклар орасида — саккизта жамоалар иштирокида ўзбек этномаданий бирлашмасининг биринчилиги баҳслари уюштирилди. Булар: Туркистон, Қазиғурт, Қаратау-1, Қаратау-2, Енгбекши тумани, Абай тумани, Қорабулоқ, Кўлкент жамоалари.

Мусобақанинг тантанали очилиши маросимида, спортчилардан ташқари, таниқли спорт фахрийлари, қишлоқлар, туманлар ва шаҳарлардаги миллий маданият марказларининг вакиллари, тадбиркорлар ва бошқа меҳмонлар ҳозир бўлишди.
Спорт тадбирини Бадриддин Нишонқулов табрик сўзи билан очиб, барча жамоаларга омадлар тилади, шунингдек, спорт фахрийларидан Толибжон ака Фозилов, Ибрагимжон ака Тожибоев ҳамда “Ҳурмат” ордени соҳиби Ҳайдар ака Умаровнинг елкаларига тўнлар ёпди.
Очилиш маросимида Туркистондан Закир Бекенов, Қаратау туманидан Файзаҳмад Нурметов, Енгбекши туманидан Тоҳир Нишонбоев, Оқсувкентдан Акмал Исоқов, спорт фахрийларидан Толибжон Фозилов, Абдазим Умаровлар ҳам иштирок этишди.
Ўйинлар 12-сонли спорт мактаби ҳамда 71-сонли мактабнинг спорт залларида бўлиб ўтди.
Мусобақанинг финал босқичидаги учрашувларнинг якунлари бўйича 4-ўринни Қазиғурт туманидан ташриф буюрган “Турбат” жамоаси спортчилари, фахрли 3-ўринни Шимкент шаҳрининг Енгбекши туманининг “Бозорқопқа” жамоаси, 2-ўринни Қаратау туманидаги “Сайрам-1” жамоаси ва, ниҳоят, турнирнинг бош совринини ва биринчи ўринни Қорабулоқ қишлоғи волейболчилари ҳақли равишда эгаллашди.


Ғолиблар вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси томонидан совғалар ва пуллик мукофотлар билан тақдирландилар. Шунингдек, турнирда яхши ўйин кўрсатган иштирокчилар алоҳида пуллик мукофотларга эга бўлдилар. Турнирга жами 380 000 тенге сарфланди.
Шулар билан бир қаторда, совриндор бўла олмаган жамоалар, энг яхши ўйинчилар, ҳакамлар ҳам таъсис этилган совғалардан четда қолишмади.
Турнирда Кентов шаҳри, Тўлебий, Тулкибоши, Сўзоқ, Ал-Форобий, Сариоғоч туманларининг жамоалари қизиқарли ўйинда иштирок этишмади.
Турнирни уюштириш ва ўтказишда вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси ҳузурида ташкил этилган спорт йўналиши раҳбари, спорт жонкуяри Муслим Шоназаров, 12-сонли спорт мактабининг директори Ҳасан Маҳкамбоев ҳамда мусобақанинг бош ҳаками, 12-сонли спорт мактабининг методисти (услубиятчиси) Шуҳрат Эрметовнинг саъй-ҳаракатлари таҳсинларга лойиқ бўлди.
Шуни таъкидлаш даркор-ки, вилоятимиздаги айрим ҳудудлардан волейбол командалари иштирок этишмади. Қачонки, Президентимиз халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб-ташвиқ этиш, спортни оммалаштириш мақсадида кўпгина вазифаларни белгилаб бераётганлиги ва ушбу турнир ҳам ана шу вазифаларни амалга ошириш бўйича ўтказилганлигини инобатга оладиган бўлсак, беихтиёр, командалари иштирок этмаган ҳудудлар Элбошимизнинг вазифаларини бажариш борасида оқсаётганидан далолат бермасмикан, деган савол туғилади.
Ишонамиз-ки, ҳамма туманлар ва шаҳарлардан вакиллар кейинги спорт мусобақаларида иштирок этишади.
Ташкилотчиларнинг айтишлари-ча, эндиликда мазкур турнир ҳар йили анъанавийлик касб этиб, кейинги мусобақаларнинг Туркистон шаҳри ва Сайрам туманида ўтказилиши режалаштирилди.

И. ТОЖИБОЕВ,
жамоатчи мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат