Алоқа | Обуна

Косметологга мурожаат этамиз…

Яқин кунлар ичида таҳририятимизга муштарийларимиздан юз парвариши билан боғлиқ бир неча саволлар келиб тушди. Биз ушбу саволлар билан Қорабулоқ қишлоғидаги “Белла” номли салоннинг раҳбари ва олий малакали косметолог мутахассис Дилобар Эркинжон қизи Каримқулова билан суҳбатда бўлдик.
Дилобар Каримқулова 2007 йили Тошкент фармацевтика институтига ўқишга кириб, уни 2012 йилда аъло баҳолар билан тамомлаган. 2014 йили Тошкент шаҳридаги косметологияга ихтисослашган “Бурда” ўқув марказида таҳсил олди.
У 2015 йилдан бошлаб, Қорабулоқ қишлоғида ўзининг “Белла” дея номланган салонини очиб, гўзал ва бетакрор бўлган аёлларимизга хизмат қилиб келмоқда. Ҳар йили Тошкент шаҳрига бориб, косметологияга оид барча сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш мақсадида малакасини ошириб қайтади.
– Ассалому алайкум, Дилобар опа! Айтинг-чи, юзга тушган қора нуқтали доғлардан қандай халос бўлиш мумкин?
– Жуда ўринли савол бердингиз. Юздаги доғга келсак, бунга жуда кўп омиллар сабабчи. Организмнинг ички фаолияти, яъни жигар, ўт пуфаги патологияси, гормонал мувозанатига қуёш нурлари таъсир кўрсатади.
Масалан: баҳор фаслининг иссиқ кунларида қуёш нурлари, қиш фаслига қараганда, анча кучли тушади. Шу вақтда инсон организмида меланин ҳужайралар бўлади ва улар қуёш нуридан инсон организмини ҳимоя воситасида реакцияга туширади. Яъни бунда меланин тўқ қўнғир рангга айланади. Юзнинг баъзи жойларида тўпланиб, доғларни ҳосил қилади. Шунинг учун, кун исий бошлаган вақтдан бошлаб, қуёш нурларидан ҳимояловчи “SPF 15”, “SPF 30”, “SPF 50” кремларидан фойдаланишларини аёлларимизга маслаҳат бераман.
– Ҳомиладорлик вақтида аёлларнинг юзларига доғлар тушади. Кўплаб аёллар: бу доғлардан умрбод халос бўлолмайман, дея кайфиятлари тушиб кетади. Ҳақиқатан-да, шундайми?
– Ҳомиладорлик вақтидаги доғлар – гормонлар ўзгариши ҳисобига вужудга келувчи доғлар ҳисобланади. Бундай жараёнда фарзанд дунёга келгач, 6-7 ой ичида ўшандай доғлар табиий равишда кетади.
Кўкрак сутининг яна бир ажойиб хусусияти: кўкрак сутини пахтага намлаб, ўзининг ва чақалоқнинг юзини артиб туриш яхши натижа беради ва бунга ўзим кўп гувоҳ бўлганман. Агарда доғ кетмаган шароитда косметолог қабулига бориб, ўзларига керакли тавсияларни олишлари мумкин.
– Бир дугонам бор, у кимдир тавсия қилган кремдан фойдаланиб кўрган эди, юзи ва қўлида қизил нуқтали доғлар пайдо бўлди. Бу — аллергиями?
– Кремга келсак, қизил доғлар организмнинг ҳимоя воситаси бўлиб, кремдан фойдалангач, аллергия пайдо бўлган. Шунинг учун, ҳар қандай крем ёки бошқа нарсалардан фойдаланмасдан аввал, аллергиявий тест ўтказиб кўриш зарур. Яъни тананинг сезувчан қисми, билак соҳасининг ички томонига суриб, 30 дақиқа давомида кузатинг. Ҳеч қандай тошмалар чиқмаса, ачишиш сезилмаса, унда, фойдаланмоқчи бўлган нарсани амалда қўлласа бўлади.
– Юздаги туклар кўп аёлларга муаммо туғдириб, ёқтирмай, уларни тердириб ташлайдилар. Бу қанчалик тўғри?
– Биз – аёллар сиртқи кўринишдан камчилик топишга уста бўламиз. Айниқса юз кўриниши борасида. Ҳар бир инсоннинг терисини майда тукчалар қоплаб олади. Худди шу каби юзни ҳам майда тукчалар қоплаган. Аёллар ва қизлар бундай туклардан, имкон қадар, тезроқ қутулишга киришадилар.
Аслида бу – нотўғри. Чунки ўша туклар юзни ташқи таъсирлардан ва қуёш нурларидан ҳимоя қилади. Буни тушунмаган кўпчилик аёллар буни муаммо санашиб, ўз ҳимоячиларига “ҳужум” қилишади, яъни ип ёрдамида ёки бошқа воситалар ёрдамида тукларни тердириб ташлайдилар.
Оқибатда, терида ачишиш, қизариш, яллиғланишлар ҳосил бўлади. Бир тергандан сўнг, юздаги тукларни қайта-қайта териш талаб қилинаверади. Бу катта муаммога ҳам олиб келиши мумкин.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

С. МАҲМУРЗАЕВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат