Алоқа | Обуна

“КОМИЛ” ТАХАЛЛУСИ БИЛАН ШЕЪРЛАР ЁЗГАН…

Ҳаётимиз давомида кимларнидир яхши хислатлари билан ёдга оламиз. Ўтганларнинг хотиралари бизларга қандай яшаш лозимлигини ҳам эслатади.
“Комилжонни кўрсам, худди Амударёни кўргандай бўламан” – деган экан улкан мусиқашунос олим, академик Юнус Ражабий. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган ҳофиз Комилжон ака Отаниёзовнинг ижоди жуда серқирра эди. У киши камтар ва шинаванда инсон бўлган.
Комилжон ака 1917 йил 20 июлда Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Бўйрачи қишлоғида дунёга келган. 1935 йилда Урганчдаги ўқитувчилар тайёрлаш курсини битириб, бошланғич синф ўқувчиларига дарс берган. 1936 йилдан қўшимча равишда туманлардаги ҳаваскорлик театрларида фаолият юрита бошлаган.
Комилжон ака умрининг 20 йилдан ортиқ муддатини турли оғир касалликлар билан ўтказган. Шунга қарамай, саҳнада кўринмаган, халқдан айро тушган куним — ўлган куним, дея ўнг қўлида инсульт асорати бор бўлса ҳам, саҳнага чиқиб, жонбахш қўшиқларини куйлаган экан.
Комилжон ака тўрт марта оғир операциялардан кейин қандли диабет касалига йўлиқади. Дарди ўзига етарли бўлса-да, у кишининг танишлари хотирасига суянар бўлсак, тонг отгунча қўшиқларига мусиқа басталаб чиқардилар.
Шунча хасталиклар, уларнинг азоблари санъаткорнинг ижодига, жўшқинлигига ўз таъсирини ўтказа олмаган. Унинг руҳан тетиклиги, касбига бўлган садоқати ҳар қандай касалликни енгишга қодир эди. Қўли фалажланиб, шифокорлар концерт беришини тақиқлаб қўйганларида ҳам, торини бағрига маҳкам босиб, Тошкент шаҳрида концерт берган.
Устоз санъаткор умрининг охиригача халқ хизматини қилиш бахтига муяссар бўлди. “Оғир қўшиқларни кўп айтасиз, соғлигингизга зарари йўқми?” – деган саволга: ”Мен шу қўшиқлар билан туғилганман, улар бағрида ўсганман, шу қўшиқлар билан ҳаётман” – дея жавоб берган экан.
Ўша пайтда достонларнинг кўпчилиги эркаклар томонидан ижро этил-ган. Комилжон ака ҳам айни қадимий удумларга амал қилгани ҳолда, кўпгина достонларнинг моҳир ижрочисига айланган.
Айниқса беш ёшли қизи Дилоромнинг вафоти ҳофизнинг юрагини эзиб юборади. Фарзанд доғи шунчалар ҳам ёмон-ки, Комилжон ака бу ҳасратларини қўшиққа айлантириб юборади.

Мен бугун кетарман,
ишқнинг йўлина,
Гира юзли моҳижоним, хўш энди.
Бошимни қўймишам меҳнат тошина,
Ширин сўзли зулфи торим,
хўш энди.

Бу санъаткорнинг энг сўнгги қўшиғи, аслида унинг сўнгги сўзлари эканлигини ким ҳам биларди, дейсиз?! Балки соғлом инсон ушбу туйғуни бошидан кечирмас. Аммо уни ўлим билан тириклик орасида муаллақ қолган бемор ҳар нафаси орқали ҳис этиб туради.
Ҳофиз ўз яқинларига ва дўст-биродарлари, шогирдлари ҳамда аҳли оиласига рост билан ёлғоннинг орасидаги фарқни аниқ кўриб, ҳаётда ҳалол ва тўғри яшаш муҳим эканлигини бот-бот эслатиб, маслаҳат бериб тураркан.
Комилжон ака, нафақат буюк ҳофиз, беқиёс санъаткор, балки меҳридарё инсон, ибратли оила бошлиғи ҳамда “Комий”, “Комил” тахаллуслари билан шеърлар ёзган шоир ҳам эди.
Дилидаги барча орзу-истакларини, армон-тилакларини шеърий сатрларда ҳам моҳирона ифода эта олган ҳофиз 1949 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвонига, 1964 йилда Туркманистон, 1968 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти унвонларини олишга эришган, 2000 йилда эса, “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
Марҳум Комилжон Отаниёзов 58 ёшида, эски касаллиги ҳуруж қилиб, 1975 йил 20 ноябрь куни Тошкентда вафот этади. Ҳофизнинг васиятига кўра, Шовот туманидаги “Иморат бобо” қабристонига дафн этилади…
Ҳар бир хонадонда яхшилик кунларида Комилжон аканинг қўшиқлари куйланаётганлиги ва жаранглаётганлигининг, такрор ва такрор тингланаётганлигининг ўзи буюк истеъдод эгасининг умри давом этаётганлигидан далолатдир.

Гулбаҳром АБАТОВА
тайёрлади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат