Алоқа | Обуна

Китобларнинг ўрнини интернет эгалладими?

Нега ёшлар китоб очмайдилар?

Ҳурматли домламиз, профессор Неъматжон Алметовнинг «Жануб жарчилари» газетасининг 33-сонидаги «Китоб — офтоб!» Нақл эскирдими ёки фарзандларимизнинг эси кирдими?» мақоласини ўқиб, ўз фикримни билдиришни жоиз, дея билдим. Ҳақиқатдан ҳам, эндиликда китобларни ёшларимиз аввалгилар сингари ўқишмайди! Нега?]

Интернет XXI асрнинг хатарли хасталигига айланаётганлигини барча тан олмоқда. Бу, айниқса ёшлар орасида кўп кузатилаяпти. Шу интернет таъсири туфайлидан ёшлар, ўзлари билмаган ҳолда, кўпгина ғалваларга, шов-шувларга сабабчи бўлмоқдалар.
Интернет юртимизда кенг ёйилганидан бери китобнинг аҳамиятлилиги жуда камайиб кетган ва, деярли барча кутубхоналар бўшаб қолган. Талабалар ва ўқувчилар, эндиликда ўзларига керакли бўлган ахборотларни топиш учун кутубхонага шошилмай, қўлларидаги тайёр телефоннинг хизматларига суянмоқдалар. Оқибатда, кун ўтган сари уларнинг телефонга бўлган иштиёқлари бениҳоят ошиб бормоқда.
Менинг ўзим сўровнома юритганим Улуғбек номидаги 3-сонли умумий ўрта мактабнинг тарих ва география фанлари муаллимаси Зоҳида Тўйчиева тегишли саволимга қуйидагича жавоб берди:
– Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, ҳозирда китоблар ўрнини бутунлай интернет эгаллаган. Биз – муаллимлар бундан жуда хавотирдамиз. Илгарилари ўқувчилар ёки талабаларга бирор топшириқ берилса, улар дарров изланишга тушишар ва ўқув даргоҳимизнинг кутубхонасида уларни тез-тез учратиб турардик. Ҳозирда эса, бундай ҳодисанинг гувоҳи бўлиш бизлар учун катта янгилик. Чунки ўқимишлининг ҳам, ўқимишсизнинг ҳам доимий макони интернет манбалари бўлиб қолган.
Ёшларга китоб маданияти ва унинг инсон онги ва нутқи учун қанчалар фойдали эканлигини тушунтириш қийин муаммога айланиб бормоқда. Негаки, интернет балоси ўғил-қизларимизнинг кўзларини муҳрлаб, қулоқларини сеҳрлаб қўйган. Илло, инсон онги шундай яратилган-ки, ундан етарлича фойдаланмасангиз — у ўз фаолиятини секинлаштиради ва миянинг фикрлаш қобилияти ҳам сусаяверади. Айнан шундай ҳолат кўплаб интернет қўлланувчиларининг онгларида шаклланиб бормоқда.
Авваллари мактабларимизда адабий ва бадиий кечалар кўп ўтказилиб туриларди. Ўқувчиларни китобхонликка чорлаш ишлари олиб бориларди. Ҳар хил ўқилган асарлар ва ҳикояларни ўқувчилар ўзаро муҳокама этишар, улардан олган таассуротларини ўртоқлашишар, ўзларининг ўй-фикрлари билан бўлишардилар. Айни кунларда эса, мактаб ўқувчиларида бундай ўқув фазилатлари йўқолгандек. Бунда кичиклигидан болаларининг қўлларига телефон тутқазган ота-оналарда кўп гап бор, дея ўйлайман.
Ҳозирда турли замонабоп оммавий ахборот воситалари пайдо бўлиб, кўпгина эски қадриятларимиз четга сурилмоқда. Лекин кўҳна замонлардан келаётган китобларнинг қадрияти ҳеч қачон сўнмаса керак, дея ўйлайман. Буни китоб ўқиб, унинг асл мағзини англаб етган инсонларгина тушунадилар. Умид қиламан-ки, китоб ҳар қачон ҳам асосий билим манбаи бўлиб қолаверади.
Биз яшаётган давр техниканинг энг ривожланган пайтлари ва китоблар борасидаги вазият ҳам шундай. Интернетда ҳозирда турли дастурлар мавжуд ва у ерда сиз кутубхона ёрдамисизоқ хоҳлаган китобингизни топиб ўқишингиз мумкин. “Интернетга тобе бўлиб қолганман, бундан кечишнинг ҳеч иложи йўқ!” – деган инсон ҳам, ҳеч бўлмаса, интернетдан тўғри фойдаланса, ижтимоий тармоқларда кунини ўтказмай, оз бўлса ҳам, ўз вақтини адабиёт оламига бағишласа — бу ҳам катта ютуқдир. Ёшларга маслаҳатим: кўп китоб ўқинг, мия фаолиятини кучайтиринг ва интернетдан ҳам тўғри фойдаланинг! – дея ўз сўзини тугатди Зоҳида Тўйчиева.
Гап сўнгида ёшларнинг нега китоб ўқимасликлари ҳақида яна ўз фикримни билдирмоқчиман. Атрофимиздаги ёшларни ва, қолаверса, ўз тенгдошларимни кузатсам, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқувчилиги йўқ эканлигини кўп пайқайман. Чунки интернет услублари улар учун жуда ҳам қулай. Улар ҳар қандай ахборотни ҳеч қийинчиликсиз, бармоқлари ёрдами билангина топа оладилар ва интернет оламида уларнинг кўнглига ёққан ҳамма нарса намоён ва уларни излашнинг ҳам кераги йўқ.
Шу билан биргаликда, ёшларнинг интернетга нисбатан бўлган тобелиги олдида уларнинг иродаси суст келмоқда ва шуларнинг оқибатида ёшлар китобдан кечиб, осон интернет йўлини танламоқдалар.
Охирги пайтларда мен учун бир ҳолатни тан олиш қийин кечаяпти: янги техника воситалари ва интернет оқими инсонларнинг ўзидан ҳам ақлли бўлиб бораяптими?! Бу каби ҳодисалар кейинчалик ҳам янада ривожланаверса, бир куни келиб, роботлар бизларни бошқарса — ҳайрон бўлмасдим…
Хуллас, китоб қадрини билган инсонлар кўп яшашсин ва, энг асосийси, ёшларнинг онглари интернет балосидан зарарланмасин!

Индира ҚАЮМОВА,
Шимкент шаҳри.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат