Алоқа | Обуна

КЕЛИНИНИ ТУШУНМАГАН ҚАЙНОНА (МИ?) ЁКИ…

Қайнона ким? Сизнинг турмуш ўртоғингизни дунёга келтирган она, туққан онангиздан ҳам зиёдроқ сиз билан дардлашадиган дардкашингиз, фарзандларингизга меҳрибон буви, уйингизни қўрғони, ишингизга ёрдамчи, бир сўз билан айтганда, сизнинг яқин маслаҳатчингиз ва дўстингиздир.
Келин-чи? Сизни фарзандингиз учун ўз ота-онасининг уйини тақдир тақозоси билан бир умрга ташлаб келган, фарзандингизни зурриёдларини дунёга келтириш учун жонидан кечган, ширин таом пишириб, иссиқ чой дамлаб, янги тандирдан узилган нонни нонушта учун дастурхонга келтириб, кир ювиб, бола тарбиялаб ҳам сизнинг кўнглингизни ололмаган бир муштипар аёлдир. Халқимиз орасида азалдан, қайнона-келинга қарғиш кетган ёки қайнона қайнамаса келинлар айнимайди, деган гаплар мавжуд. Шундай бўлишига қарамай, қайнонани онам, деб, келинини қизим, деб умр ўтказганлар қанча. Қайнонанинг маслаҳатини, танбеҳини бир кампирнинг алжирашига тенглаш менимча, нотўғри. Ўз боласидай бағрига босган онанинг ҳар бир сўзи бир ҳикматга арзигулик сўз бўлиши муқаррардир. Бизни ўзгалар олдида уялиб қолмаслигимиз учун бизни хато –камчиликларимизни тўғирлагани – бу ўз фойдамиз. Ҳаётнинг китобга ёзилмаган қонунларига бўйсиниб, синов чиғириқларидан ўтиб келаётган бир инсонга нисбатан адолатсизлик юзасидан қараш мумкин эмас. Яна ким билади, дейсиз…
Эрталабдан асаблари толиққан Шабнамни юрагига “қил” сиғмай қолди. Эрининг шимига дазмол босилмагани учун ярим соат маъруза ўқиди.
– Эрталаб ивирсиб юришингни билганингдан кейин тунда озгана уйқунгни камайтириб, дазмоллаб қўйсанг бўларди-ку. Бошлиқ нега кеч келдинг, деса, шимимга дазмол босилмабди, дейишим керакми? Ёш болага ўхшаб ҳар икки кунда танбеҳ эшитавериш сенга одат бўлиб қолдими, дейман, — деди жаҳл аралаш Самандар. Уни ишга жўнатгач, қайнонасини нонуштага чақирди. Қайнотаси эрталабдан чойхонага кетиб қолганми, кўринмади. Нонуштадан сўнг, дастурхонни йиғиштираётган келинига Саодат опа бироз насиҳат қилмоқчи бўлди:
– Қизим, эрингизнинг феълини билгандан кейин айтганини вақтида бажаришга ҳаракат қилинг-да, болам. Мана эрталабдан чой ҳам ичмай ҳафа бўлиб ўтирибсиз. Аразлаганингиз ошқозонингизга зарар. Сал ўтмай бошингиз оғриб қолади, ичиб олинг, – деди. Қайнонасини гапига индамай чиқиб кетди. Яна уч-тўрт кундан кейин уйда тўполон бўлди.
Эр-хотин можаросига қараб туролмаган она яна келинига гапирди:
– Шабнам, эркак киши жаҳли келса, уммондай кўпиради, кўнгли келса, ҳалимдай юмшоқ бўлиб қолади. Бир оғиз сўздан қолсангиз, олам гулистон эди. Эрингиз ишга кетганидан кейин улгурмаган ишингизни қилаверасиз. Ҳар доим, айтаман, аввал уни ишга жўнатинг кейин иш бўлаверади, деб.
Шабнам эса бу сафар ўлганни устига тепгандай қилиб, усиз ҳам тўлиб турган қулоқни тўлдиряпган қайнонасини сўзини жавобсиз қолдира олмади:
– Ойи, ўғлингиз валдирайвергани етмаганидай, сизни ҳам гапингиз ҳеч тугамайди. Эр-хотинни ўртасига тушганингиз тушган. Ҳамма ишга аралашаверасиз, керак эмас жойга бурнингизни суқаверасиз. Тайёр овқатни еб, чойингизни ичиб ўтираверсангиз нима қиларди? Оғримаган бошимга бало бўлишингиз қолганди, – деди.
Шабнамнинг жаҳл билан гапирган гапларидан қайнонаси Арзой аянинг кўнгли ранжиди. Балки ҳақиқатдан ҳам жаҳли чиқиб турган пайтида ноўрин насиҳат қилиб қўйдимикан? Уйдаги жанжалга сабаб бўладиган арзимас хатоликларни тўғирлаш учун қайнонани берган беғараз маслаҳатини танбеҳ, деб қабул қилган келинини Арзой ая тушунмадими ёки келин қайнонани тушунмадими, ҳарқалай ўртага совуқчилик оралади. Келин ўша вақтдан бошлаб “тўнини тескари ёпиниб” олиб на эрига, на уйдаги бошқа оила аъзоларига тил қотиб гапирмай қўйди. Аёлидаги бундай ўзгаришдан яна Самандарнинг жаҳли чиқа бошлади:
– Энди кўрсатмаган мана шу ҳунаринг қолганди. Ҳаёлингда сен қасд қилиб гапирмасам, ҳамма мени айтганимни қилади, деб ўйласанг хато қиласан. Эсинг борида этагингни йиғиштириб ол. Онамни кўнгли ранжишига йўл қўя олмайман. У киши қариган чоғида роҳат ўрнига, сени бунақа машмашаларингни томошасига қолиб кетяпти. Чиқиб кечирим сўра, бўлмаса…
Эрининг сўзи бўғзида қолиб, Шабнам “портлаб” кетди:
– Нима бўлмаса? Мени уриб дабдаламни чиқарасизми? Ҳақорат қилиб, хуморингиздан чиқасизми? Қачон қарама, шу мижғов онангизни тарафидасиз. Сизни гапирганингиз етмаса, онангиз маърузаси тугамаса, нима мен бу уйда елкасига офтоб тегмайдиган етимчага ўхшаб ўтиб кетишим керакми? Ё икккалангиз келишиб олганмисизлар. Сиз гапирганингизда ойим, ойим гапирса сиз давом эттиришга. Ҳаммаси ҳиқилдоғимга келди. Анави болаларингизни олиб қолинг. Онамни уйидан ёлғиз бошим келган, ёлғиз кетаман,- деб ўзига керакли бир-икки нарсасини олиб уйидан чиқди. Самандарнинг менга қара, деганига ҳам қарамай, кўзларига ёш олиб эшикни ёпди. Арзой ая келинидан бундай ҳолатни кутмаган шекилли, қанча ёлвормасин, Шабнам қайнонасининг қўлини силталаб ташлади-да, кўчага равона бўлди. Йўл бўйи ўзи, эри ва қайнонаси ўртасида бўлиб ўтган жанжалнинг асосий айбдорини топишга уриниб кўрди. Уйига боргунича яна келинни ҳамма ишига аралашаверадиган қайнонасини айдор қилди.
– Шу кампир тинчгина ўтирса-ку, ҳаммаси яна изига тушиб кетарди.Ош қилсам, ундай қилинг, иш қилсам, бундай қилинг, дейишдан жағи чарчамади. Мана оқибатида Самандар акамни ҳам ҳафа қилиб қўйдим. Эр-хотинни уруши, дока рўмол қуриши, деганлар-ку. Уйдагиларга нима дейман? Қачон борсам, қайнонанг тилло аёл, деб мақтаган онамга қандай қилиб уни ёмонлайман. Аразлаб келганимни билса, менга нима деркин. Нима бўлса бўлар. Барибир бўлган воқеани барини онамга айтиб беришимга тўғри келади…- мана шундай ҳаёллар билан Шабнам ўз уйига етиб қолганини ҳам сезмай қолди.
Онаси Гулбарчин опа қизининг уйидаги можародан хабари бўлмаса ҳам кўнгли унинг чеҳрасидаги тушкунлик аломатидан бирор гап ўтганини сезиб турарди. Шунда ҳам Шабнамнинг ўзи бошламагунча, нима гап ўтганлигини сўраб-суриштирмади. Уйидаги келини ҳар доимгидай қайнопасини хушмуомалик билан кутиб олди-да, меҳмонга чой узатиб, Гулбарчин опага юзланди:
– Ойижон, опам меҳмон бўлиб келибдилар. Айтинг, қанақа овқат қилай,-деди.
– Бугун пайшанба экан, устига-устак, ўзингиз айтгандай, меҳмонимиз бор. Оби-тобини келиштириб, чиройликкина қилиб ош дамланг. Сувини кўп қуйиб, паловни шавла қилманг, хўпми? – деди Гулбарчин опа келинига.
Севара ҳам қайнонасининг гапларига қўлини кўксига қўйиб, хўп бўлади, ойижон, деганча кулимсираб, ошхона томонга ўтиб кетди. Келини ўзидан анча ёш кичик эди. Онасига қиляпган муомаласи, ўзига кўрсатяпган илтифотига шу кунгача эътибор бермаган экан. Ошни ҳаммадан ҳам мазали қилиб дамлашини билиб турса ҳам, Гулбарчин опага сўз қайтармади. Бу ҳолат билан ўзини ҳолатини анчагача солиштириб ўтирди. Онаси билан у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтиргунларича ош ҳам тайёр бўлди. Сал ўтмай келини, чой билан ичинг, ҳозиргина пиширдим, деб иссиққина духовкадан чиққан сомсаларни дастурхонга қўйиб кетди. Онаси ўрнидан туриб, келинига қарашмади ҳам. Укаси ишдан келгач, келин олдига чиқиб, салом берди. Қайнонаси ошхона ишларини деярли ҳаммасига қарашарди. Ош қилса, сабзи тўғраб, шўрва қилса, картошка арчиб берарди. Яна болалари куйиб қолмасин, деб у овқат еб бўлгунича бошқа хонада уларни ўйнатиб ўтиради. Севаранинг эмизикли боласи бўлса ҳам Гулбарчин опанинг ёрдамисиз ҳаммасига ўзи улгурди. Қайнонаси яна ўзи тенгма-тенг тайёрлашган овқат учун Шабнамни алқаб, дуо қилиб ўтирарди. Онасига бор дардини айтишни дилига тугиб келганди. Энди бу ҳақда оғиз очмасликка аҳд қилди. Кўз ўнгида бўлиб ўтган онаси ва келини ўртасидаги муомаладан керакли хулосани чиқариб олди. Шабнамни кузатиб, кўчага чиққан онаси:
– Қизим, тўрт деворнинг ичида ҳамма нарса бўлиб ўтади. Барини юракка яқин олаверма. Қайнонанг танбеҳ берса, демак сенинг камчилигинг бор бўлади. Тезда тузатишга ҳаракат қил. Қайнонангни эҳтиёт қилгин. Оилангнинг, рўзғорингнинг, чиройли турмушингнинг бошида оналар туради. Сенинг хатоликдан оёғинг чалиниб, йиқилиб тушмаслигинг учун сенга суянчиқ бўладиган ҳам ўша қайнонанг, – деб тайинлади.
Уйига келгач, минг андиша билан ичкарига кирди. Қайнонаси ошхонада қандайдир овқат пишириш билан овора эди. У ўзи келин бўлиб тушган уйига кирди ва дарҳол кийимларини ўзгартириб, қайнонасини олдига чиқди:
– Ойижон, сизга аччиқ устида айтган гапларимдан жуда пушаймонман. Илтимос, мени кечиринг. Сиз овора бўлмай қўяқолинг. Қолганини ўзим қиламан. Менга бера қолинг, ойи, –деди ва йиғлаб юборди.
Арзой ая келинининг гапларидан бироз кўнгли юмшагандай бўлди. Демак, қудаси қизига керакли маслаҳатни бера олган. Бўлмаса, аразлаб кетган келини ундан кечирим сўрамасди-ку. Уҳам юмшоқлик билан Шабнамни қўлига капгирни бериб,уни бағрига босди ва:
– Қизим, қайси она, ўз фарзандини кечирмайди? Банда бор-ки, хатоликка йўл қўяди. Йўқлигингиз зумда билиниб, ўзим ошхонага кирганимни қаранг. Илоҳим, ўғлим билан қўша қаринг, – деди.
Ишдан келган Самандарнинг олдига Шабнам очиқ чеҳра билан чиқиб кутиб олди. Хотинидаги яхши ўзгаришни пайқаб, у ҳам эрталабки можарони қўзғамади. Дастурхон атрофига йиғилган оила аъзолари қайнона- келин биргаликда тайёрлаган ширингина таомдан баҳраманд бўлдилар.
Фарзанд тарбияси остонадан бошланади. Яхши тарбия, чиройли ва фаровон турмушнинг пойдеворидир. Давлатлар орасида сулҳ ўрнатилиб, тинчликка эришилган бир замонда арзимас нарсалардан оилада муаммо кўтаришга асос йўқ. Ҳар кунги тонгни яхши амал ҳамда яхши ният билан кутиб олиш барчангизга насиб этсин, азизлар.

ГУЛБАДАН.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат