Алоқа | Обуна

Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш

Шу йилнинг 12 апрель куни эълон қилинган Муҳтарам Элбошимиз Н.А. Назарбаевнинг ушбу дастурий мақоласи ҳақида ўз фикрларим билан ўртоқлашмоқчи эдим.
Элбошимизнинг мазкур мақоласи жуда катта ҳажмдаги махсус дастурдир. Бу мақолани биринчи ўқиб чиққан одам тез қабул қила олмаслиги мумкин, лекин мақолани такрор-такрор ўқиб чиққан кишига бу шундайгина оддий тил билан
ёзилган сермазмун мақоладир.
«Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш»- асосий олтита бўлимдан ташкил топган.
КИРИШ

Бизнинг мақсадимиз равшан, йўналишимиз аниқ, бу — жаҳондаги энг ривожланган 30 та мамлакатлар қаторига қўшилиш. Мақсадга эришиш учун тафаккуримиз ишимиздан олдинда юриши, яъни ундан олдин янгиланиб туриши керак.

I. XXI асрдаги миллий тафаккур ҳақида.
Бутун Ер юзи кўз ўнгимизда ўзгармоқда. Жаҳонда йўналиши ноаниқ, янги тарихий давр бошланди. Кун сайин ўзгараётган алғов-далғов дунёда онгимиз ва дунёқарашимизга обдон ўрнашиб қолган, “сийқаси чиққан қоидалар”дан воз кечмасдан туриб, карвон бошидаги мамлакатлар билан айвонимизни тенглаб, энсамизни кўтара олмаймиз. Ўзгариш учун ўзимизни маҳкам қўлга олиб, замон оқимига мослашув орқали янги даврнинг ижобий жиҳатларини тафаккуримизга сингдиришимиз керак.
Ажабтовур янгиланган жамиятнинг ўз томири-тарихининг қаъридан бошланадиган маънавий коди бўлади. Янги шаклдаги янгиланишнинг энг асосий шарти шу миллий кодингни сақлай билиш. Усиз янгиланиш, деганингизнинг қуруқ сафсатага айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Миллий код, бу – нима? Муҳтарам Элбошимиз Н. А. Назарбаев миллий кодсиз олға силжиш мумкин эмаслигини таъкидламоқда.
Биз – ўзбек халқининг миллий кодимизга нималар киради? Менимча, онамизнинг алласи, ота-боболаримизнинг қулоғимизга чақирган азонлари, сизлар-у бизларга болаликда қўйилган ўзбекона гўзал исмларимиз, болаликдан ўргатилган саломимиз, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззат қилиш анъаналаримиз.
Ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш, ростгўйлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, тақводорлик, сабрлилик, болажонлик, ватанпарварлик, динга муносабат ва она тилимиз, ёр-ёрларимиз, ғазалларимиз, куй-қўшиқларимиз, халқ оғзаки ижодидан — эртакларимиз, афсоналаримиз, лапарларимиз, миллий дўппиларимиз, паловхонтўрамиз, оналаримизнинг эгнидаги хон атлас либосларимиз, бошқа ҳеч бир миллатда учрамайдиган наҳор ошларимиз биз — ўзбекларнинг миллий кодимиздир.
1. Рақобатбардошлик қобилияти.
Ҳозирги кунда одамнинг ўзигина эмас, бутун халқ ўзининг рақобатбардошлик қобилиятини кучайтирсагина муваффақиятга эришиш имкониятини қўлга киритади. Рақобатбардошлик қобилияти, деганимиз – миллатнинг минтақавий ёки дунёвий бозорда баҳоси ёки бўлмаса, сифати жиҳатидан бошқалардан яхшироқ нарсаларни таклиф эта олиши.
Бу моддий маҳсулотгина эмас, шу билан бирга, билим хизмат, интеллектуал маҳсулот ёки сифатли меҳнат заҳиралари бўлиши мумкин.
Келажакда миллатнинг муваффақиятли бўлиши — унинг табиий бойликлари билан эмас, балки одамларнинг рақобатбардошлик қобилиятлари билан белгиланади.
Элбошимизнинг таъкидлаши-ча, рақобатбардош миллат ёки рақобатбардош халқ бўлиш учун бизнинг бойлигимиз эмас, балки билим йўлида чин маънодаги рақобатга туша олмоғимиз керак. Бу – замонавий қозоғистонлик, фақат билим билангина жаҳон интеграциясига, жаҳоннинг рақобат майдонига туша олади, деганидир.
Мақолада таъкидланганидек, компьютер саводхонлиги юқори, чет тилларни биладиган, маънавий баркамол ҳамда маданиятли фуқарогина замонавий қозоғистонлик бўла олар экан.
2. Прагматизм.
Қонимизга сингиб кетган кўплаб одатлар ва сийқаси чиққан қатъий қоидаларни ўзгартирмагунимизча бизнинг тўлақонли янгиланишимиз мумкин эмас.
Асл тарихимизга, аждодларимизнинг турмуш тарзига бир лаҳза разм солсак, чинакам прагматизмнинг талай ёрқин намуналарини топишимиз мумкин.
Халқимиз асрлар бўйи ўзи туғилган заминнинг табиатини кўз қорачиғидай асраб, унинг бойлигини тежамли ҳамда ўринли ишлатадиган тенги йўқ экологик турмуш тарзига амал қилиб келди.
Мақоладаги прагматизм тушунчасига биз, яна нималарни мисол қила оламиз. Масалан: бизларнинг ота-боболаримиз қадимдан, фақат сувли ерларга жойлашиб келганлар. Сув, бу – ҳаёт манбаи. Сувсиз яшаб бўлмаслигини бизнинг ота-боболаримиз яхши тушунганлар. Бу ҳам прагматизмнинг бир кўринишидир.
Бизнинг аждодларимиз ўз даврида эрта кўкламдан, то янаги кўкламгача ўзлари шуғулланган деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик касбларида жуда эҳтиёт бўлганлар. Она табиат билан доимо ҳисоблашганлар. Табиатдаги барча ўзгаришларга олдиндан тайёр тура олганлар. Шуларнинг барчаси ушбу мақолада айтилган прагматизмдир.
Бизнинг бугунги кунимизгача она табиат бунчалар озор чекмаган, бунчалар ифлосланмаган. Бугунги ариқларимиз сувларининг ифлослиги, тўқайзорларимизнинг, яйловларимиз ва сув ҳавзаларимизнинг, булоқларимизнинг ифлослиги она табиатга — экологиямизга келтирилаётган улкан офатдир, азиз замондош!
Бу, энди прагматизмнинг акси — лоқайдлик бепарволик, маданиятсизликнинг яққол кўринишидир. Бундай ҳолатларни тартибга солмас эканмиз, она табиат олдида, албатта жавоб берамиз.
Мақола муаллифи тозалик маданияти борасида биз– қозоғистонликларга аниқ йўлланма кўрсатиб ва топшириқ бераяпти.
3. Миллий ўзликни сақлаш.
Миллий янгиланиш, деган тушунчанинг ўзи миллий тафаккурнинг мукаммаллашувини билдиради. Унинг икки жиҳати бор. Биринчиси: миллий тафаккур уфқларини кенгайтириш. Иккинчиси: миллий ўзликни сақлаганимиз ҳолда, унинг қатор сифатларини ўзгартириш.
Миллий дастурларимиз бўлмиш тўйларимиз ва бошқа маъракаларимиз, юриш-туришимиз, адабиётимизга ва тилимизга эътиборли бўлишимизни муҳтарам Президентимиз таъкидламоқда. Бир сўз билан айтганда: миллийлигимизни сақлаб қолиш керакдир. Миллийлик, бу – миллатчилик эмаслигини биз — катталар, ҳар қадамда ёшларга тушунтириб боришимиз зарурдир.
4. Билимнинг тантана қилиши.
Билимли, кўзи очиқ, дили уйғоқ бўлишга интилиш – қонимизда бор хусусият. Муваффақиятли бўлишнинг энг асосий, бош омили билим эканлигини ҳарким теран тушуниши керак. Ёшларимиз устуворлик берадиган мақсадлар қаторида билим ҳар доим биринчи ўринда туриши шарт. Сабаби: қадриятлар тизимида билимни ҳамма нарсадан устун қўядиган миллатгина ютуққа эришади.
Билим ва унинг бугунги замондаги тутган ўрни ҳақида Президентимиз аниқ мисоллар билан таъкидлаб ўтди. «Ўсаман, унаман, замон билан ҳамнафас яшайман»– деган миллат, фақат билим олиши шарт ва зарурдир. Бу «Бешикдан тобутгача илм изла» ҳикматига бир мисолдир.
Бизнинг фарзандларимиз бугунги жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари бўлишлари учун, фақат биттагина йўл бордир, бу ҳам бўлса – билим! Бошқа йўлини топаман, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик, тоға-жиянчилик қиламан, дейишлар- қуруқ майнавозчиликдан бошқа ҳеч нарса эмас.
Билимни яхши эгалламаган ёшларимиз, фақатгина қишлоқларда, бозорларда, далаларда, молхоналарда қолиб кетишлари аниқ фактдир.
Биз — катталар, ота-оналар, устозлар, ёши улуғ оқсоқоллар, жамиятимизнинг фаоллари миллатимиз ёшларига билим олишлари зарурлигини тўғри тушунтиришимиз керак. Бизнинг ёшларимизни Оллоҳ таоло, фақат қора меҳнат учун яратмаганлигини мисоллар билан ёшларга, ўқувчиларга, набираларга пухта тушунтиришимиз бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
5. Қозоғистоннинг ноинқилобий,
эволюцион ривожланиши.
Ўтган ХХ аср халқимиз учун ҳасратга тўла, аянчли ва зулматга тўла аср бўлди. Бизнинг кечаги тарихимиз, инкор қилиб бўлмас бир ҳақиқатга — эволюцион тараққиётгина миллатнинг ривожланишига имкон беришига кўзимизни етказди. Бундан хулоса чиқара олмасак, яна тарихнинг темир қопқонига тушамиз.
Шундай экан, эволюцион тараққиёт қоидаси ҳар бир қозоғистонликнинг алоҳида шахсий дастурига айланиши зарур.
Бу бўлимда мақола муаллифи барча қозоғистонликларни янгиликка илм, фан, техника, компьютер саводхонлигига, инновацион тараққиётга чорламоқда. Бугунги кунда янги ғоялар, янги технологиялар билангина олға силжишни тавсия этмоқда.
6. Тафаккурнинг очиқлиги.
Кўплаб муаммолар жаҳоннинг шиддат билан ўзгараётганига қарамай, омма онгининг «оила-рўзғор ташвиши» доирасида қолаётганлигидан келиб чиқади.
Бир қараганда, Ер юзидаги миллиарддан ортиқ одам она тили билан бирга, профессионал алоқа воситаси сифатида ёппасига ўрганаётган инглиз тилини бизнинг ҳам оммавий равишда ҳамда жадал ўрганишимиз кераклиги ҳеч бир исботни талаб қилмайдигандай, гўё.
Янги давр, технологиялар даврида, қозоғистонликлар инглиз тилини ўзлаштиришмаса, демак биз замоннинг чанг-тўзонларида қолиб кетишимиз аниқ ҳақиқатдир. Ёшларимиз ўз она тилларини мукаммал ўзлаштириб олиб, сўнгра давлат тилини, рус тилини ва инглиз тилини ўрганишлари шартдир.
II. Яқин йиллардаги вазифалар.
Ҳозирги давр ижтимоий онг янгиланишининг асосий қоидаларини шакллантиришнигина эмас, балки шу билан бирга, бизнинг замон синовларига муносиб зарба беришимиз учун зарур ва аниқ лойиҳаларни амалга оширишимизни ҳам талаб қилади.
Шу муносабат билан, мен келгуси йилларда пухта йўлга қўйиш керак бўлган бир нечта лойиҳаларни таклиф этаман. Биринчидан: қозоқ тилини аста-секин лотин алифбосига кўчириш ишларини бошлашимиз зарур.
Муҳтарам Президентимизнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласи шу йилнинг апрель ойида эълон қилинган бўлса, бугунги кунга келиб, лотин графикасига ўтиш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Элбошимизнинг 2017 йил 26 ноябрдаги 569-сонли қарори билан қозоқ тилининг лотин графикасида ишланган алифбоси тасдиқланди. Яқин йилларда аста-секинлик билан босқичма-босқич лотинча ёзувга ўта бошлаймиз. Бу – замон талаби. Шу масалани биз ёшларга ва замондошларимизга тўғри тушунтириб боришимиз керакдир.
Давлат тилидаги 100 янги китоб лойиҳаси, бу – ажойиб дастур, бу адабиётга, санъатга ва маданиятга, фақат ютуқлар олиб келадиган янгилик.
“Туған жерге туын тік”– дея доно қозоқ халқи бекор айтмаган. Ватанпаварлик киндик қонинг томган заминингга, ўсган қишлоғингга, овулингга, шаҳрингга, ўлкангга, яъни туғилган ерингга муҳаббатдан бошланади. Шунинг учун ҳам, “Туғилган ер” дастурини татбиқ этишни таклиф қиламан. Унинг миқёси жадаллик билан кенгайиб, туғилган элга уланади.Ватанпарварликнинг энг яхши намунаси ўрта мактабда туғилган ернинг тарихини ўқишда кўриниш топса, қанийди.
Муҳтарам Элбошимиз Н. А. Назарбаев ушбу мақоланинг сўнгида ватанпарварлик ҳақида, инсон боласининг киндик қони тўкилган она ери ҳақида кенг маънода тўхталиб ўтди. Ватанпарварлик тарбияси кун тартибидан тушмаслиги кераклигини яна бир марта эслатиб ўтди. Шу жумладан, биз ёшларга шу тарбияни, ватанпарварлик тарбиясини ҳар дақиқада эслатиб, Ватан ҳақида тушунча бериб бормоғимиз зарур.
Жонажон Ватанимиз– Қозоғистон Республикасида яшаётган 130 дан ортиқ миллатларнинг ичида биз– ўзбеклар ҳам шу юртнинг тенгҳуқуқли аъзоларимиз. Биз бундан фахрланишимиз керак. Биз Ватанимиздаги сони жиҳатдан 3-ўринда турадиган миллат вакилларимиз. Бизнинг бу юртда етти ота-боболаримиз эмас, етмиш етти боболаримиз яшаб келганлар. Биз – ўзбеклар бирор жойдан келиб қолган халқ эмас, балки шу юртнинг асл миллатимиз.
Боболаримиз Ватанимизни кўз қорачиғидай сақлаб-авайлаб келганлар. Она-Ватан озодлиги учун жон бериб, жон олишганлар. Тарихда бунга мисоллар етарлидир.
Демак, Президентимиз ўз мақоласида такрор-такрор таъкидлаган ватанпарварлик ғоясини биз тўғри тушунмоғимиз керакдир. Она-Ватанни севиш, уни ҳимоя қилиш борасида биз – ўзбеклар бошқа миллатларнинг вакилларига ўрнак бўлишимиз керак, чунки бизнинг Ватанимиз битта, у ҳам бўлса, жонажон Қозоғистондир.
Мен бугунги замондошларимизнинг муваффақиятлари тарихига эътибор қаратилишини таклиф этаман. Бу ғояни “Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳаси орқали амалга оширган маъқул, дея янги ғояни таклиф этди Элбошимиз.
Бу лойиҳа жуда муҳим, Қозоғистоннинг 26 йиллик мустақилиги даврида халқ учун меҳнат қилган ватандошларимизни юртга таништириш ва ёш авлодга намуна сифатида кўз-кўз қилиш кўзда тутилган. Ижтимоий тармоқлар орқали ҳар бир корхона, ташкилот, туманлар, шаҳарлар ва қишлоқлардан ўз номзодларини тавсия этмоқдалар. Бу лойиҳани амалга оширишда, корхона раҳбарлари, туман ҳокимлари, мактаб директорлари, хўжалик раҳбарларининг билимдонликлари асқатади. Мен барча қозоғистонликлар, айниқса ёш авлод янгиланиш ҳақидаги таклифларимнинг моҳиятини теран тушуниб оладилар, дея ишонаман.
Янги шароитда янгиланишга бўлган ички интилиш – тараққиётимизнинг энг асосий қоидаси. Яшаш учун ўзгара билиш керак. Унга кўнмаганлар тарихнинг тўзонига кўмилиб қолаверадилар, дея ўз мақоласини тамомлади Президентимиз.
Азиз замондошлар, сизлар-у бизларнинг бугундан бошлаб, маънавиятимизни янгилашимиз замон талабидир.

Жабборқул СЕРГАЛИЕВ,
Орис қишлоғидаги Т. Рустемов номли
12-сонли гимназия мактабининг бошланғич
ҳарбий таълим фани ўқитувчиси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат