Алоқа | Обуна

Касбининг фидойиси

Ўқувчилик давримда кутубхонага тез-тез кириб турардим. Ширинсўзли ва ҳамиша жилмайиб турувчи кутубхоначи опамиз — Элмира Усмонова тезда ўзим сўраган китобни топиб берарди. Китобни ўқиб бўлгач эса — асраб-авайлаб, яна кутубхона жавонларига қўярдим.
Шимкент шаҳрига қарашли Сайрам даҳасининг шундоққина марказида жойлашган Юсуф Сарёмий номидаги 107-сонли лицей мактабининг кутубхонасига кирганимда мана шулар, беихтиёр, ёдимга тушди.
Мен сўзимни кутубхона ҳақида бежизга бошламадим. Бугунги қаҳрамоним ҳозиргина номи тилга олинган билим даргоҳида ишлаётган Ҳакима Мирали қизи МАЖИДОВА бир неча йиллардан бери кутубхоначилик касбини улуғлаб келмоқда.
Оқила ва доно, камтарин аёлларимиздан бири бўлган ушбу инсон билан қисқа мазмунли суҳбатда бўлдик.
– Ҳакима опа, ҳаёт йўлингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, – дея у кишига ўзимни қизиқтирган илк саволимни бердим.
– Менинг, асли касбим кутубхоначилик эмас. Тошкентда бухгалтерия соҳаси бўйича илм олганман. Ўқишим битгач, устозларим мен ва яна бир қанча талабаларни ишлаш учун йўлланма билан Украинага юборишди. Уч йилга берилган йўлланма билан мен бир ярим йил ўша ёқларда ишлаганимдан кейин, қайтиб келдим ва ишимни Сайрамда давом эттирдим.
2011 йилдан буён кутубхоначи бўлиб ишлаб келмоқдаман. Аввалига менга жуда қийин бўлди. Кутубхоначилик ишини бошқа мактаб кутубхоначиларидан бориб, бироз ўргандим.
Касбни ўзгартиришнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўларкан. Олдинги касбимни, барибир, қўмсайман, ҳамкасбларим хонамга шу масалаларда ҳам келиб, мурожаат этиб туришади.
– Бу ерда ишлашнинг ўзига яраша завқи бўлса керак…
– Завқли жиҳати — ўқувчилар билан ишлаш.
Ўқитувчининг иши қанчалик қийин ва масъулиятли бўлса, кутубхоначининг касби ҳам худди шундай. Мана, икки йилдан буён Назарбаев зиёкорлик мактабидан ўрганиб, “100 китоб” лойиҳасини йўлга қўйдик, бу ишга жавобгарман ва ўзим бошқараман. Мен тиришқоқ, изланувчан, доно раҳбаримиз Баҳодир Нуралиевнинг кутубхонамиз ишига бефарқ эмаслигидан жуда мамнунман.
Бундай даражага етишимга мактаб директорининг муовини ва ўқитувчиларнинг ҳиссалари катта. Ҳозирги кунда китоб ўқиш бўйича 20 дақиқадан иборат тренинглар ўтказамиз.
– Кутубхоналарингизда жами китоблар сони қанча?
– Жами дарсликлар билан ҳисоблаганда 51 минг нусха китобларимиз бор.
– Ўқувчилар китобларни навбатма-навбат бўлиб ўқишадими? “100 китоб” – деганингизга қисқа тушунтириш берсангиз…
– 100 китоб, деганимиз, бир йилда 100 та китобни ўқиш керак, дегани эмас. Ўқувчилар 3-синфдан бошлаб, то 11-синфни битириб кетгунларига қадар 100 та китоб ўқишлари даркор. Қайси синф ўқувчилари қанчадан китоб ўқишлари керак, ана шуни бизлар ўқув йили бошида тақсимлаб, режа тузиб қўйганмиз.
Болалар ҳар чоршанба куни китобларни олишса, келаси чоршанба куни олиб келишади. Китобларда ўқувчилар ўзлари учратган қийин терминларни дафтарларига ёзиб, ана шулар бўйича ўзлари изланишади, албатта ўқитувчилариям ушбу борада йўл-йўриқлар кўрсатишади.
Ўқувчиларимиз ўзлари ўқиб чиққан китоблари асосида эсселар ёзишади. Бу билан, улардаги эссе ёзишга нисбатан бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Ўйлайман-ки, улар имтиҳон топширишаётган вақтда эссе ёзишдан қийналишмайди.
– Ҳакима опа, сизга суҳбатингиз учун катта раҳмат! Оилангизга тинчлик ва хотиржамлик тилаймиз!
– Раҳмат! Мен “Жануб жарчилари” газетасини лицей мактабимиздаги барча ўқитувчилар қатори, яхши кўриб ўқийман. Газета ходимларидан миннатдорман. Сизлар билан ҳамкорликда фаолият юритаётганим учун Астана ва Самарқанд шаҳарларига саёҳатларга боришга муваффақ бўлдим. Катта раҳмат!
Саёҳатлар ҳам инсоннинг маънавий жиҳатдан бой бўлишида катта аҳамият касб этар экан: ота-боболаримизнинг тарихларини янада чуқурроқ ўрганиб, билганларимизни ўғил-қизларимизга ҳам ўргатмоқдамиз.
Ишларингизга омадлар ёр бўлаверсин!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат