Алоқа | Обуна

Қисқа сатрларда спорт янгиликлари

Ўтган ҳафтада Шимкент шаҳри спорт мусобақаларига бой бўлди. 11-сонли шарқ яккама якка курашлари спорт мактабида ҳар куни биринчиликлар уюштирилди.
Жумладан, самбо бўйича 2002-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида чемпионат ўтди. Спортчилар умумий 16 хил вазнлар тоифасида гиламга чиқишди.
Беллашувлар давомида иштирокчилар юқори тайёргарлик билан келишганини намойиш этишди. Финал мусобақалари қизиқарли ўтиб, 26 килограмм вазнда Ернур Ботирғалига тенг келадиган рақиб топилмади. 29 килограмм вазнда Елмурод Амиралиўғли чемпион бўлди.
Кикбоксингдан эса, 2000-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ким кучли, деган саволга жавоб излашди. Мазкур спорт турида 10 хил вазнда ғолиблар аниқланди. Шу тариқа ташкилотчилар вилоят ва республика миқёсида ўтадиган мусобақаларга спортчиларни саралаб олишди.
Мактаб директори Дониёр Исабаев ҳар қайси спорт ўйинларининг юқори савияда ўтганлигини билдириб, ёшларга омад тилади.
Турнирнинг очилиш маросими ўтиб, жанглар бошланди. 39 килограмм вазнда шимкентлик Сиримбек Белесбек ленгерлик рақиби Арсен Есмирзадан кучли эканлигини кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллади. 48 килограммда эса, Рисдаулет Саттарханов билан Ерасил Серадилдаўғли рингга чиқишди. Бу ерда Саттархановнинг омади келиб, чемпион бўлди.
Навбат таэквондо ўйинларига ҳам етди. 200 нафарга яқин иштирокчи ўзларининг нималарга қодирлигини кўрсатишди.
Жамоавий беллашувларда Шимкент шаҳри ва Ўрдабаси туманининг таэквондочилари учрашишди. Иккала жамоа вакиллари очко йиғиш пайида бўлишди. Лекин тажриба борасида шимкентликлар кучли эканликларини намойиш этишиб, 60:45 ҳисобида ғалаба нашидасини суришди.
Муай тай ҳамда каратэнинг кумитэ ва ката турлари бўйича ҳам баҳслар ўтди.
Шу тариқа бир ҳафта мобайнида Шимкент шаҳридаги шарқ яккама якка курашлари мактабининг спортчилари ўзларининг тайёргарликларини ҳам синаб олишди.
Ғолиб спортчиларга медаллар ва кубоклар топширилди.

Тўлқин БАКИРХЎЖАЕВ тайёрлади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат