Алоқа | Обуна

Гуллар – кўнгиллар қувончи!

Яна гуллар гўзаллик, нафосат ва меҳр-муҳаббат
рамзларидир…
Инсонлар учун табиатнинг энг гўзал туҳфаси, албатта гуллардир, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки улар гўзаллик, нафосат ва меҳр-муҳаббат рамзларига айланган.
Турфа оламда гулларнинг хиллари-турлари сон мингта, уларни етиштираётган, парваришлаётган, уларга сайқал бериб, ёш боладек асраб-авайлаб, сиз ва бизнинг кундалик ҳаётимиздаги қувончли дамларимизга, байрамларга, тадбирларга, тўй-ҳашамларимизга етказиб бераётган гулчи инсонлар ҳам орамизда кўплаб топилади.
Атаб ўтсак, Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасидаям гулчилик соҳаси билан кўпдан бери шуғулланиб келаётган ҳамюртларимиз бор. Улар орасида Ҳавазмат ака, Миракбар ака, Анвар ака, марҳум Мирпўлат ака хонадонларини мисол қилиб келтириш мумкин. Шу кунларгача халқимиз уларнинг хизматларидан, етиштириб келаётган гулларидан баҳраманд бўлиб келишмоқда.


Ўшалардан бири — марҳум гулчи Мирпўлат ака хонадонида етиштирилаётган гуллар ҳақида хабар беришни маъқул кўрдик. Хонадон соҳибаси, бу йил насиб айлаб, ўзнинг муборак 70 ёшини қаршилаётган, бир қиз ҳамда уч ўғилнинг ойижониси, ўн набира ва бир аваранинг севикли бувижонисига айланган Рихсибуви онахон оиласининг гулчилик билан шуғулланаётганига 34 йил бўлганлигини ғурур ва зўр масъулият ҳисси билан ҳикоя қилиб беради.
Қўшниси, марҳум ўқитувчи Озод ака Эшонқуловнинг ҳовлисида етиштирилган гулларни кўриб, унга ҳавас қилиб, ўзлари ҳам гулчилик билан ҳамнафас бўлишни бошлаб юборганларини таъкидлайди онахон. Аммо у киши, асосан ўзларига устозлик қилган оқсувкентлик гулчилик устаси Виктор аканинг номини ҳурмат билан тилга оладилар.
Айни хонадонга қадам босар экансиз, атроф — ҳовли озода, саранжом-саришта, турфа гуллар очилиб, хонадонга файз ва яхши кайфият бағишлаб турибди, узумларини айтмайсизми?! Бу ерда гулларнинг гладиолус, хризантема, георгина, астромерия, лола каби турлари етиштирилади ва керак бўлса, сотувга чиқарилади ва оила бюджетига нафи тегади.
Гулларни парваришлашда онахоннинг ўғли Улуғбек, келини Соҳиба, неваралари – Жаҳонгир, Жавоҳир ва Алишернинг қўллари қўлларига тегмайди. Улуғбекнинг тарифи-ча, гуллар ҳам сиз-у биздан меҳрни ва эътиборни талаб қилади, улар, гўё ёш болаларга ўхшайди, вақтида сувини бериш зарур, турли касалликларга чалинганида (пашша ёғилиши, трипс каби) химикатлардан усталик билан фойдаланиш даркор. Шунингдек, гуллар қуёш нурини яхши кўриши алоҳида қайд қилинади.
Мазкур оиланинг аъзолари қишин-ёзин бирдек гулларни етиштириш билан, яъни гулчилик билан мунтазам шуғулланадилар. Онахоннинг айтиши-ча, гулчилик касби ҳам етти хазинанинг бири, меҳнати оғир, лекин нони ширин ва тотли.

И. ТОЖИБОЕВ,
Сайрам даҳаси,
жамоатчи мухбир.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат