Ёшлар йили — истиқбол йўли!

Давлат раҳбари Қозоғистонда “Ёшлар йили”нинг тантанали очилиши маросимида иштирок этди, дея хабар тарқатди Оқўрда қароргоҳининг матбуот хизмати.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаев мазкур тадбирнинг бошланиши олдидан ёшларнинг кийим-кечаклар ишлаб чиқариш, спорт озиқ-овқатларини тайёрлаш ҳамда интерфаол сервис платформаларини яратиш бўйича қатор лойиҳалари билан танишди. Сўнгра Элбоши мамлакат Ҳукуматига мазкур ишланмаларни алоҳида назорат остига олиш ҳамда уларни амалиётга дадил татбиқ этиш, шунингдек, жадал ривожлантириш юзасидан қатъий топшириқлар берди.
Тантана қатнашчилари ҳузурида нутқ сўзлар экан, давлат раҳбари, ушбу муносабат билан бу ерда ҳозир бўлган барча иштирокчиларни Қозоғистонда “Ёшлар йили”нинг бошланиши билан табриклади ҳамда айни муҳим воқеа қозоғистонликларнинг келгуси янги авлодлари учун улкан аҳамиятга молик эканлигини таъкидлади.
– Ёшлар – ҳозирги замонавий дунёда мамлакатимиз рақобатбардошлигининг асосий ҳал қилувчи омилидир. Қозоғистоннинг келажаги, айнан сизларга, сизларнинг билимларингизга, куч-қудратларингизга, қай даражада ватанпарвар эканликларингизга боғлиқ бўлади. Ҳозирги пайтда нималарни-ки қилаётган бўлсак — буларнинг ҳаммаси ўзларингизнинг бахтли ҳаёт кечиришларингиз учун, сизларнинг бор қувватларингиз-қудратларингиз-у имкониятларингизни тезроқ ва самарали амалга ошириб, тўлиқ ишга солишларингиз учундир, – деди Нурсултан Назарбаев.
Қозоғистон Президенти йирик шаҳарларда ёш оилаларнинг уй-жойлар билан таъминланиши борасида кескин муаммоларнинг мавжудлигини қайд этди ва уларни ҳал қилиш учун ёшларга барқарор даромад зарурлигини уқтирди ҳамда муносиб иш инсон фаровонлигининг асосий манбаи эканлигини таъкидлади.
– Ўтган йили Қозоғистон Республикаси миқёсида ўрта мактабларни 125 минг нафардан кўпроқ йигит-қизлар тамомлашди. Демак, мана шундай тарзда давом этаверса — яқин келажакда меҳнат бозорига келиб қўшиладиган ёш-ларнинг сони борган сари ўсиб ҳамда кўпайиб кетаверади. Ҳозир-ги даврда мамлакатимиз қамровида уларнинг 300 минг нафар атрофидаги қисми ёки жами ёшларнинг 9 фоиз атрофидаги қисми таълим ҳамда меҳнат фаолиятларига жалб қилинмаган. Демак, шундай экан, йил сайин мана шунақа тоифага мансуб йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишда давом этган ҳолда, уларнинг сонларини янада камайтира боришнинг имкониятини берадиган самарали чораларни кўрмоғимиз даркор, – деди давлат раҳбари.
Нурсултан Назарбаев мамлакатда техник ҳамда профессиональ таълим тизимини изчил ва сифатли тараққий топтириш масаласининг нақадар муҳим ҳамда долзарб эканлигигаям жиддий эътибор қаратди.
– «100/200» принципи асосида «Ёш мутахассис» («Жас маман») дастурини тезроқ ишлаб чиқиш керак. Уч йил мобайнида мазкур лойиҳа билан мамлакатнинг барча минтақаларидан 200 минг нафарга яқин йигит-қизларни қамраб олиш мумкин. Унинг доирасида 100 та энг кўп талаб қилинадиган индустриаль ва сервис соҳалари касбларининг яхши мутахассисларини 200 та модернизациялашган ўқув юртларида тайёрлаш режаси амалга оширилади, – деди Қозо-ғистон Президенти.
Давлат раҳбари ўз чиқишининг ниҳоясида мамлакат Ҳукуматига ва маҳаллий ижро органларига тез орада ёш қозоғистонликларнинг сифатли таълим олишлари, улар муносиб иш ўринларига эга бўлишлари, етарли уй-жойлар билан таъминланишлари ҳамда уларнинг оила қуришлари учун шарт-шароитларни яратиш юзасидан топшириқлар берди.
Бунинг учун айни жабҳаларда мавжуд бўлган муаммоларни зудлик билан ҳал қилишга мўлжалланган махсус йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда унда белгилаб берилган вазифаларни жадал суръатда ва изчил тарзда амалга ошириш масъулияти дахлдор кишилар ҳамда ташкилотларнинг зиммаларига юклатилди.
Свежие комментарии